islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тинчлик – амалий шукр талаб этувчи буюк неъматдир!

Жонажон Ватанимизнинг Мустақиллик байрами муносабати билан қилинаётган сарҳисоб барчамизни қувонтирмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда янги Ўзбекистонда иқтисодиётни эркинлаштириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш, демократия ва қонунийликни қарор топтириш, ижтимоий муҳофаза ва аҳолининг саломатлигини асраш, илм-фан ва таълим-тарбия, маданият ва диний-маърифат, шаҳарсозлик ва қурилиш, санъат ва спорт каби соҳаларда эришилган улкан ютуқлар нафақат аҳолимиз, балки халқаро ҳамжамият, дунёдаги таниқли олим ва экспертлар, нуфузли ташкилотларнинг эътирофлари ҳар бир ватандошимизнинг қалбини фахр ва ғурур ила тўлдирмоқда.

Хусусан, Давлатимиз Раҳбарининг шахсан ташаббуслари билан турли динларга мансуб қадриятларни авайлаб-асрашга, барча фуқароларга виждон эркинлиги ва ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу йўналишда бошқа давлатларга намуна бўладиган бой тажриба орттирилди. Мазкур йўналишларда кўплаб ҳукумат қарорлари қабул қилиниб, ҳаётга жорий қилинди.

Ҳеч шубҳасиз, юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча улкан ютуқларимизнинг замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ҳисобланади. Тарихий ҳақиқат шундан иборатки, ижтимоий тарқаққиётнинг барча даврларида давлат ва жамиятнинг ривожланиши барқарорлик ва тинч-осойишта ҳаёт кечиришга узвий боғлиқ бўлган.

Маълумки, Ислом динида тинчлик Аллоҳ таоло томонидан бутун инсониятга инъом этилган улуғ неъмат сифатида қадрланади. Уламолар Қуръони каримнинг 50 дан зиёд сурасидаги оятлар мўминлик, тинчлик ва бағрикенглик мавзуларига бағишланганини эътироф этадилар. Жумладан, Қуръони каримда баён қилинадики: Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят).

Тинчликнинг илоҳий неъмат экани Муҳаммад алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадисларида қайд этилган: “Аллоҳдан афв ва тинчлик-омонликни сўранглар. Чунки бирор кишига имондан кейин тинчлик-омонликдандан афзалроқ неъмат берилгани йўқ” (“Сунани Термизий”, 3558-ҳадис).

Ўзбекистон азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаган ўлка бўлиб келгани тарихий ҳақиқатдир. Аждодларимиз турли миллат ва дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлгани, Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилгани тарихий манбаларда кўп қайд этилган. Бугунги кунда жонажон Ватанимизда 130 дан зиёд миллат, 16 конфессияга мансуб фуқароларимиз ягона аҳил оила бўлиб, тинчлик-хотиржамликда яшаб, юртимиз мустақиллиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида биргаликда фаолият олиб бормоқдалар.

Таассуфки, бугун жаҳон ҳамжамияти, хусусан, мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Инсоният муайян сиёсий доиралар томонидан ўз таъсир доираларини кенгайтириш мақсадида, амалга ошираётган ғоявий курашлар ва мафкуравий таҳдидлар авж олган бир вазиятда яшамоқда. Қатор давлатлар, хусусан мусулмон юртлари ўткир сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли низоларни бошидан кечирмоқда. Мазкур мамлакатларда одамлар оғир иқтисодий муаммолар гирдобида, ночорлик, озиқ-овқат танқислиги, очиқдан-очиқ зўравонликлар ва хавфсизликнинг йўқлиги шароитида кун кечирмоқда. Оқибатда бундай ҳудудлардан қочқинлар ҳажми ортиб, кенг миқёсда гуманитар тангликлар юзага келмоқда.

Дарҳақиқат, Пайғабар алайҳиссаломнинг “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдурки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар” (Имом Бухорий, 6412-ҳадис) деган ҳадисларини эслаган ҳолда, бугунги кунда юртимиздаги тинч-осойишта ҳаёт қатор мамлакатларнинг халқлари учун орзу бўлиб қолаётгани гувоҳи бўлмоқдамиз.

Ушбу ҳолат дунёдаги давлатларнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъий назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар азиз неъмат эканини яна бир бор исботлаб бермоқда. Шу ўринда Имом Термизий ривоят қилган ҳадисни эслаш ўринлидир: “Ким оиласи тинч, танаси саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг орттирса, унга дунё тўлиғича берилибди” (“Сунани Термизий”, 2346-ҳадис).

Таъкидлаш жоизки, ижтимоий барқарорлик жамият ҳаётининг осойишталиги билан тавсифланади. Барқарорликка тинч-тотувлик ва уни мустаҳкамлаш учун шарт-шароитлар яратиш, турли ижтимоий қатламга мансуб фуқаролар ва сиёсий партиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни, давлат, жамоат ва диний ташкилотлар, фуқаролар ўртасидаги ижтимоий келишув ва шерикчилик бардавомлигини таъминлаш орқали эришилади.

Аксинча, халқ орасида бузғунчилик ғояларини тарқатиш орқали беқарорлик келтириб чиқариш эса тинчлик ва хотиржамликни издан чиқаради. Ислом таълимотида аҳоли осуда ҳаёт кечириб турган жамиятда ҳаловат ва тинчликка рахна соладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир гуноҳ саналади: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (“Анфол” сураси, 25-оят).

Ислом уламолари Қуръони каримда тинчликка, одамларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига рахна солувчи амалларни қилмасликни буюрилганини таъкидлайдилар: “… Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара сураси, 205-оят). Мазкур суранинг 60-оятида:“ Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз! …” деб марҳамат қилинган.

Шунингдек, ислом таълимоти одамларни миллати, дини, жинси ёки қарашларидан қатъий назар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилади ҳамда уларга зулм қилишдан қайтаради. Қуръони каримда: “…бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин!…” (“Моида” сураси, 8-оят) дейилган.

Тинчликни сақлаш ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Бугунги таҳликали замон тинчликни таъминлаш фақат давлатнинг ваколатли идоралари вазифаси деган нотўғри тушунчалардан воз кечиш, Ватан тақдири учун астойдил қайғуриб яшашни тақозо этаётганига барчамиз гувоҳмиз.

Алоҳида қайд этиш лозимки, тинчликнинг шукронаси амалий бўлиши лозим. Яъни, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этиши, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланиши, келиб чиқиши мумкин бўлган нотинчликнинг олдини олишда ҳам фаол иштирок этишлари лозим.

Айниқса ахборот манбалари, хусусан ижтимоий тармоқлар орқали тарихимизни, миллий қадриятларимиз ва Ислом дини моҳиятини сохталаштиришга, маънавият ва маърифатдан йироқлаштиришга қаратилган ғаразли уринишларга қатъий қарши туришимиз лозим. Мазкур йўналишда жамиятнинг зиёли қатламлари, олим ва уламолар олдинги сафда бўлишлари лозим.

Ватанпарварлик ота-боболардан мерос қолган заминни севиш, халқ урф-одатларини, қадриятларини асраш ва ривожлантириш, ўз она-Ватанини душманлардан, ёт ва бегона ғоялардан ҳимоя килиш, унинг озодлиги ва мустақиллиги учун жонини ҳам аямасликни назарда тутади. Уламолармиз ватанпарварлик оддий шиор ёки ҳис-туйғу эмаслиги, балки уни қуйидаги хайрли амал ва ибратли ишларда ифода этиш лозим эканини таъкидлайдилар:

– Ватан ҳаққига бор яхшиликларни тилаб дуо қилиш;

– жамиятда аҳилликни кучайтириш йўлида ҳаракат қилиш (силаи раҳм, қўшниларга яхшилик, ўзаро ёрдам, бир-бирларга яхшиликни соғиниш, салбий ахлоқ ва ижтимоий иллатлардан сақланиш ва ҳ.к.);

– Ватан салоҳиятини ошириш ва уни муҳофазаси учун жонкуярлик қилиш (Ватан мулкини авайлаб-асраш, унинг юксалиши учун ҳалол меҳнат қилиш, ўзини бағишлаш, бу йўлда тамаъни яқинлаштирмаслик ва ҳ.к.);

– Ватан эрки, ҳудуди ёки обрўсига қарши ғоявий ёки ҳарбий ҳужумга қарши мудофаада туриш.

Таъкидлаш жоизки, Ватан оиладан бошланади. Оилада тинчлик бўлса, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят ва ниҳоят мамлакатда осойишталик бўлади, юрт равнақ топади. Масаланинг эътиборли жиҳатларидан бири шуки, тинчликни улуғ неъмат деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган.

Шу нуқтаи-назардан, фуқароларимиз юртимизда тинчлик-хотиржамликни авайлаб-асраш йўлида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни нафақат тўғри қабул қилишлари, балки эътиқодан қўллаб-қувватлашлари ҳамда бор имкониятлари билан ёрдам беришлари лозим. Таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган айнан мана шундай чора-тадбирлар ҳисобига юртимиз тинч, халқимиз фаровон яшаб, диндорларимиз ибодатларини хотиржамлик ва эмин-эркинликда адо этмоқдалар.

Қайд этилганлардан бугунги таҳликали замоннинг ўзи воқеликка ҳушёрлик, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, жаҳонда кучайиб бораётган хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқ олиб яшашни талаб этмоқда. Шу нуқтаи-назардан, ватандошларимиз, айниқса ёшларимизнинг онги ва шуурида мураккаб ва таҳликали дунё ва минтақада рўй бераётган турли воқеа-ҳодисалар, ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақида бирёқлама ва нохолис тасаввурлар шаклланишига йўл қўймаслик зарур саналади.

Юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаётни асраш, қадриятларимиз, миллий-диний анъаналаримиз, менталитетимизга зид тушунча ва ғоялар кириб келишининг олдини олиш азиз юртимизнинг барча фуқароларининг бурчи ҳисобланади. Айниқса, ҳар бир фуқароларимиз ёшларимиз онгига, биринчи навбатда, она-Ватани ва оиласи олдидаги маъсулиятни сингдиришга, уларни инсонпарварлик, ватанпарварлик ва мамлакатимизга садоқат руҳида тарбиялашга устувор вазифа сифатида қараш керак.

Зеро, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таъкидлаганларидек: “Маънавий уйғоқ жамиятни, ўз олдига улкан вазифалар қўйиб, келажак сари ишонч билан бораётган халқни ҳеч ким ўз йўлидан тўхтата олмайди. Бундай халқни Яратганимиз ҳам қўллаб-қувватлайди, доимо йўлини очиб беради”.

 

Ўткир ҲАСАНБАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

244460cookie-checkТинчлик – амалий шукр талаб этувчи буюк неъматдир!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: