Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги ва янги 2021-2022 ўқув йили бошланиши муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир давлат мадҳияси билан бошланди. Қуръон тиловати ва ўқув йилининг хайрли-баркали бўлишини сўраб дуо қилинди.
Байрам маросимида, Дин ишлар бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, ДИҚ Диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов, қўмита бош мутахассиси Муҳаммад Бобур Абдураҳмон ўғли, ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқотлар бўлими ходими Акбар Дусматов, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти катта илмий ходими Исмоил Хўжахонов, “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, ЎХИА профессори, сиёсий фанлар доктори Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Имом Мотуридий халқаро тадқиқот маркази директор ўринбосари Жамолиддин Каримов, институт устозлари, ходимлари ва талабалар иштирок этди.
ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров кириш сўзида, мустақиллик йилларида эришилган хайрли ишлар ҳақида ҳамда анъанавий шаклдаги таълимнинг аҳамияти ва илм олишга тарғиб ҳамда тинчлик-тотувлик тўғрисида гапирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сўзга чиқиб, мустақиллик, янги ўқув йилининг бошланиши, илм олиш ва устозлар фазли тўғрисида гапириб, талабаларнинг берилган имкониятлардан оқилона фойдаланиш борасида зарур тавсиялар берди.
Дин ишлар бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, устоз ва талабаларни Мустақилликнинг 30 йиллиги ва янги ўқув йили бошланиши билан муборакбод этди. Янги ўқув йилида таълим сифатига асосий урғу берилиши ва талабаларнинг юқори кўрсатгич қайд этишлари лозимлигини таъкидлади. Аълочи ва салоҳиятли талабаларни хорижга ўқув курсларига юбориш каби рағбатлантириш тизими жорий қилиниши ҳақида маълумот берди.
Тадбир якунида янги ўқув йили бошланиши, устоз ва талабаларга илм йўлида улкан зафарлар тилаб дуо қилинди.
Шу билан талабалар “Мустақиллик дарслари”га кириб, янги ўқув йилининг илк таҳсилини бошладилар.
ТИИ Матбуот хизмати