islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳазрати Али ва Фотима онамизнинг уйларига “кирганмисиз”?! – Фотолар

Китоблардаги манбаларга кўра Мадина шаҳрида Ҳазрати Али ва Фотима онамиз уйларининг эҳтимолий макети тикланган. Биноларда уларга тегишли деб ҳисобланган буюмлар ва жиҳозлар жойлаштирилган. Мақолада Ҳазрати Али ва Фотима онамиз тўғрисидаги баъзи маълумотлар билан бирга тикланган уйнинг расмлари келтирилган.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига бордилар. Аммо уялганларидан зиёрат сабабини айта олмадилар. Шунда Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Абу Толиб ўғлининг қандай эҳтиёжи бор экан?» дедилар. Бўлажак куёв тортина-тортина гап бошладилар:

«Расулуллоҳнинг қизлари Фотиманинг қўлини сўраб келдим». Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак чеҳраларида мамнуният ҳислари намоён бўлди.

Эртасига Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу такрор Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бордилар. Набий алайҳиссалом:

– Маҳр учун ёнингизда бирон нарса борми? – дея сўрадилар. Али розияллоҳу анҳу:

– Йўқ, эй Расулуллоҳ, – деди.

– Фалон куни сизга бир совут берган эдим, ўша қани? Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу хурсанд бўлиб:

– Ўзимда турибди, эй Набийуллоҳ, – деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сарпо, совға-салом олишлари учун уни сотишга буюрдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу зирҳни 470 дирҳамга харид қилдилар.

Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам пулнинг бир қисмини хушбўйликлар олиш учун Билолга розияллоҳу анҳу қолган қисмини Умму Саламага бериб, Фотима учун кийим-кечак харид қилишни буюрдилар.

Сўнгра Сарвари олам алайҳиссалом Анас розияллоҳу анҳу орқали Ҳазрати Абу Бакр, Умар, Усмон, Талҳа, Зубайр ва ансорлардан яна шунча кишини ҳузурларига чорладилар. Фотиманинг қошига бориб:

«Эй Фотима! Али сенга уйланмоқчи, бунга нима дейсан?» дедилар. Муҳтарама қизлари қаттиқ ҳаё ва иболари боис сукут сақлаб, ҳеч қандай жавоб бермадилар. Бу эса розилик аломати эди. Бу аснода чақирилган саҳобалар ҳам етиб келишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга шундай дедилар:

– Танҳо ҳамду санога лойиқ, қудрати ила бутун мавжудотни яратган Аллоҳга беҳад шукрлар бўлсин. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло оила қуришни ва қариндош-уруғларни ҳурматлашни амр этди: «У сувдан – нутфадан инсонни яратиб, сўнг уни насл-насаб эгаси ва куда-анда қилиб қўйган Зотдир. Дарҳақиқат, Парвардигорипгиз (ҳар ишга) қодирдир» (Фурқон, 54). Энди мақсадга келсак, Ҳақ таоло амрига кўра, Фотимани Алига никоҳлаб бераман. Агар рози бўлса, тўрт юз мисқол кумуш эвазига вожиб бир амал ва қоим бир суннат ила Фотимани Алига узатаётганимга сизларни шоҳид қиляпман. Аллоҳ уларнинг мол-дунёларига барака бериб, наслларини азиз қилсин. Мана шуни сизларга маълум қилиб, ўзимга ва барчангизга Аллоҳдан мағфират тилайман».

Сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир товоқ хурмо келтириб, мўътабар мехмонларга тортиқ қилдилар. Бу орада Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳам етиб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум ила:

«Эй Али! Мен тўрт юз мисқол кумуш эвазига Фотимани сенга никоҳладим», дедилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу шукр саждасини адо қилдилар. Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳазрати Али ва Фотиманинг ҳаққига: «Аллоҳ оилангизга барака ва хурсандчилик берсин. Сизларга солиҳ фарзандлар ато этсин», деб дуо қилдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозидан кейин Ҳазрати Алининг розияллоҳу анҳу уйларига бориб, таҳорат қилдилар ва икки ёшга бахт тиладилар. Қизларини эрининг хизматини мукаммал бажаришга ва ҳеч қачон уни хафа қилмасликка буюрдилар. Куёвларига эса шундай насиҳат қилдилар: «Эй Али, зинҳор қизишма. Ғазабланган пайтингда ўтир. Парвардигорнинг бандаларига ниҳоятда сабр ва таҳаммул ила муомала қилишини унутма. Сенга: «Аллоҳдан қўрқ», дейилган пайтда жаҳлни тарк этиб, сабрли бўлишга ҳаракат қил».

Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам суюкли амакилари Ҳазрати Ҳамза розияллоҳу анҳу жуда севинганидан, иккита қўчқор сўйиб, Аллоҳ йўлида Мадина халқига тарқатдилар.

«Аллоҳ ҳар бир Пайғамбарнинг зурриётини унинг насабидан яратгандир. Менинг зурриётим эса Алиниг насаби ила давом этади», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам .

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни қизларига шундай илтифот этдилар:

«Эй Фотима, Аллоҳ сен рози бўлган кимсалардан рози бўлур, аксинча, сен ғазабланган кимсадан эса ғазабланур!»

Абу Саълабадан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор сафардан қайтсалар, аввало, масжидга кириб, икки ракат намоз ўқир, сўнг қизлари Фотимани розияллоҳу анҳу зиёрат этиб, кейин завжаларининг ҳузурларига кирар эдилар.

Ал-Мусаввир ибн Маҳрима розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳнинг минбарда туриб, шундай деганларини эшитдим:

«Фотима мендан бир парчадир. Унга азият берган менга жафо қилибди. Уни безовта этган менинг ҳаловатимни бузибди».

Фотима (розияллоҳу анҳо) Мадинадаги Бақиъ қабристонига дафн этилдилар.

***

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг куёви ҳазрат Али разияллоҳу анҳу ҳам саҳарлаб оиласига егулик топиш учун иш истаб чиқиб, лой қоришга қудуқдан сув ташигани ишчи излаб юрган аёлга тўғри келиб қолди. Ўзаро келишиб, бир пақир сувга бир донадан хурмога ишлашга рози бўлди.
Натижада йигирма дона хурмога ишлади. Аёлдан меҳнат ҳақини олиб уйига қайтаётган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учраб қолдилар. Ёнидаги нарса нималигини сўрадилар.

–   Бу – хурмо. Лайф арқонда қудуқдан сув тортиб, қўлларим қавариб, меҳнатим эвазига топган хизмат ҳақим, – деди ҳазрат Али разияллоҳу анҳу.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қўлини силаб уқалаб қўйдилар.  Сўнг юзини сийпалаб туриб:
–   Бу қўлларга Аллоҳ барака берсин! – дедилар ва яна: – Эй Али, хурмодан менга ҳам дориликка бир дона бер, – дедилар.

***

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам суюкли қизлари Фотимаи разияллоҳу анҳонинг уйларига келиб:
–   Ўғилчаларим қани? – деб Ҳасан ва Ҳусайн разияллоҳу анҳумоларни сўрадилар. Фотима разияллоҳу анҳо жавоб бердилар:
–   Эрталаб турсак уйимизда егулик нарса қолмаган экан. Али менга “Мен уларни олиб кетаман. Уйда ҳеч нарса қолмабди, тағин сенга ғалва қилишиб қолмасин” деб иккаласини ҳам олиб яҳудийникига кетган эди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша томонга бориб қарасалар набиралари ҳовуз бўйида ўйнаб ўтиришган экан. Ёнларида бир қанча хурмо.
–   Эй Али, кун қиздирмасдан туриб буларни олиб уйга қайтмайсанми? – дедилар.
–   Эй Аллоҳнинг Расули! Эрталаб турсак уйда ҳеч нарса қолмаган экан. Бир оз ўтириб турсалар Фотимага ҳам хурмо тўплаб олар эдим, – деди ҳазрат Али.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир оз ўтириб турдилар. Али разияллоҳу анҳу яҳудийнинг хурмосини териб берар ва бир пақир хурмога бир дона хурмо ҳақ олар эди. Бир қанча хурмо териб олгач Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга хурмоларни кўтариб Ҳасан  ва Ҳусайнлар билан бирга уйга қайтдилар.

ТИИ “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси

катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

249080cookie-checkҲазрати Али ва Фотима онамизнинг уйларига “кирганмисиз”?! – Фотолар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: