Рабиъул аввал ойи муносабати билан Тошкент ислом институтида “Октябр – Сийрат ва ислом тарихи фани ойлиги” деб эълон қилинди.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Рабиъул аввал мавлид ойи деб ҳам номланади. Мавлид ойида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари ва ислом тарихи кўпроқ ўрганилади.
Шу муносабат билан “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси томонидан “Росулуллоҳга муҳаббат иймондандир!” шиори остида сийрат мусобақаси ўтказилди.
Мусобақа 3-курс талабаларидан тузилган Ибн Исҳоқ, Ибн Касир, Қози Иёз, Ибн Ҳишом номидаги гуруҳлар ўртасида бўлиб ўтди.
Тадбир 3-курс талабаси Абдулбасир Камолов тиловат билан бошланди. Дуои хайрдан сўнг, бошловчи Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати ходими, институт ўқитувчиси Абдуқаюм Исмоилов мусобақани очиб бериш учун сўз навбатини ректор Уйғун Ғафуров берди. Мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқотлар бўлими бош мутахассиси Акбар Дўстматов иштирок этди.
Мусобақа 3 та шарт асосида ўтказилди:
- Ижодий қисм: Сийратга бағишланган мақола, шеър ёзиш ва ифодали ўқиб бериш ёки видео ролик тайёрлаш;
- Илмий қисм:
– Сийратга оид қисқа савол-жавоблар. Саволлар “Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?” китобининг Мадина давридан тузилган;
– Сийрат воқеаларидан бирини айтиб бериш. Масалан, Бадр ғазоти, Уҳуд ғазоти, Ҳудайбия сулҳи, Макка фатҳи, Ҳажжатул вадоъ ва ҳоказо.
- Бадиий қисм: Ихтиёрий мавзуда саҳна кўриниши.
Мусобақа ректор У. Ғофуров, Сийрат фани катта ўқитувчиси А. Саидаҳмедов, Ислом тарихи фани катта ўқитувчиси П. Каттаев, Фароиз фани катта ўқитувчиси С.Масайитов ва Ҳадис фани катта ўқитувчиси Ф. Маманосировдан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Мусобақа якунига кўра қуйидаги натижа қайд этилди:
1-ўрин: 305-гуруҳ талабаларининг Ибн Касир жамоаси;
2-ўрин: 304-гуруҳ талабаларининг Қози Иёз жамоаси;
3-ўрин: 302-гуруҳ талабаларининг Ибн Ҳишом жамоаси.
Кейинги ўринларни бошқа гуруҳлар қўлга киритди.
Хабарингиз бор, мавлид ойи муносабат билан Сийрат фанини яхшироқ ўрганиш мақсадида ТИИ “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси томонидан http://t.me/oliymahad каналида ўтказилган викторина эълон қилинган эди. Тадбир сўнгида викторина ғолиблари тақдирландилар:
🏅 Султонмуродова Аиша;
🏅 Намозов Сирожиддин;
🏅 Абдуллаева Умида;
🏅 Нажмиддинова Солиҳа.
Шунингдек, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси Мавлидун Набий ойида институтнинг кундузги ва модуль таълим тизими талабалари ўртасида “Сийрат” фанидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари, тарихлари, шамоиллари; “Ислом тарихи” фанидан Хулафолар тарихи, Умавийлар, Аббосийлар ва Усмонийлар тарихига оид мақола, мактуб, шеър; видеоролик, аудио материаллар ва инфографика йўналишлари бўйича http://t.me/oliymahad каналида ўтказилган ижодий ишлар танловини эълон қилган эди.
Ижодий ишлар танлови ғолиблари ҳам тақдирландилар:
1-ўрин: Ҳамроқулов Нуриддин, Саййид Муҳйиддин Махдум мадрасаси талабаси – 78 балл;
2-ўрин: Низамитдинов Тўлаган, Тошкент ислом институти талабаси – 23 балл;
3-ўрин: Абдулҳамидов Муҳриддин, Фахриддин Розий мадрасаси талабаси – 18 балл.
Мусобақа якунида ғолиблар ва ҳакамлар ҳайъатига эсдалик совғалари топширилди.
ТИИ Матбуот хизмати