Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси мамлакат жанубида яширин экстремистик тармоқ ташкил этган «Ҳизб-ут Таҳрир» диний экстремистик ташкилоти етакчисини қўлга олди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизматига таяниб, «Akipress» хабар берди.
Маълум қилинишича, қўлга олинган фуқаро Ш.Ш. шахсини тасдиқловчи қалбаки ҳужжатдан фойдаланиб, Қирғизистон ҳудудида яшириниб юрган.
«Ўш шаҳри ҳудудида 2021 йил 4 ноябрь куни ‘Ҳизб-ут Таҳрир’ экстремистик ташкилотининг Ўзбекистондаги фаолиятига масъул бўлган, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қидирувга берилган Ш.Ш. қўлга олинди», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, тўпланган далиллар асосида Қирғизистон Жиноят-процессуал кодексининг 98-моддасига асосланиб, Ш.Ш. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Аввалроқ Тошкент вилоятида «Жиҳодчилар» экстремистик оқимининг 10 нафар аъзоси ушлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилоятида «Ҳизб ут-Таҳрир»га аъзо 29 нафар аёл қўлга олингани ва Хоразмда террористик гуруҳ фаолиятига чек қўйилгани маълум қилинган.