islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Муфтийлар сулоласи Бобохоновлар ёдга олинди

Тарихий хотирасиз келажак бўлмайди. Юртимизда таваллуд топиб, фозил инсон сифатида элимизга танилган уламолар, олимларни хотирлаш, уларнинг суронли ва таҳликали йиллардаги ҳаёти ва ижодини ўрганиш, ўсиб келаётган ёш авлодга етказиш муҳим вазифа ҳисобланади. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак.  Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол  тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”.

Шу мақсадда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Муфтий Бобохоновлар жамғармаси ҳамкорлигида “Динимиз фидойилари (тарих, хотиралар, сабоқлар)” номли китобининг тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ташкил этилган тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Муфтий Бобохоновлар жамғармаси директори, китоб муаллифи Амирсаид Усмонхўжаев, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров, юртимиздаги диний таълим муассасалари раҳбарлари, ислом дини ривожида хизмат қилган уламолар, таниқли олимлар, Муфтий Эшон Бобохонов оиласи аъзолари, Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди.

“Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA” кафедраси томонидан ташкил этилган тадбирни тарих фанлари доктори, профессор Саидакбар Агзамходжаев олиб борди. Тақдимотни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб берди.

– Ҳақиқий тарих, ўтмишни билмасдан туриб инсон бугунги кунини қадрига етмайди, келажагига ўзининг истиқбол режасини туза олмайди, – дейди Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов. – Чунки тарих инсоннинг энг катта суянчиғи, тарих уни тутиб турадиган ўқ илдиз, десак янглишмаган бўламиз. Тарихимизда ўчмас из қолдирган, миллатимиз, динимиз фидойилари ҳақидаги мазкур китобнинг нашр этилиши замирида жуда катта меҳнат, машаққатлар ётибди. Зеро, бу китобни бугунги кун ёшларидан тарихимизнинг бир бўлаги сифатида қабул қилишларини истардим.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов сўзга чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг китоб тақдимотига бағишланган тадбир иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

– Дунёда шундай инсонлар бўладики, улар бойлик тўплашга интилмайди. Балки маънавиятни юксалтиришга ҳаракат қилади. Ўз бошидан ўтказганларини Аллоҳ синови деб билади. Қисматидан рози бўлади. Ўзидан келажак авлод ибрат олса арзийдиган ҳаёт сабоқлари қолдиришга ҳаракат қилади. Бобохоновлар сулоласи мана шундай инсонлар бўлади. Тараққиётимизнинг янги даврида динимиз равнақи йўлидаги хайрли ишлари туфайли катта имкониятлар берилди. Шукроналар бўлсинки, бу мустақиллик мевасининг тотли неъматидир. Бунинг қадрини англаш учун Бобохоновлар сулоласи муфтийлик қилган вақтларини эслашнинг ўзи кифоя қилади. Аллоҳ таоло “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”, деб баён қилганидек, машаққатли кунлар ортидан ойдин ва ёрқин кунлар бўй кўрсатди. Мустабид тузум даврида диний ва миллий қадриятлардан узилган халқимиз истиқлолдан кейин эмин-эркин ўз эътиқодига мос ҳаёт кечира бошлади. Янги Ўзбекистонда бу каби хайрли ишлар янада кенг қулоч очди.

Тадбирда “Динимиз фидойилари” китоби муаллифи Амирсаид Усмонхўжайев сўз олиб, китобнинг яралиш тарихи ҳақида тўхталиб ўтди. Бутун умрини мамлакатимизда ислом дини равнақи ва мусулмонлар манфаати йўлидаги хайрли ишларга бағишлаган Муфтий Бобохоновлар оиласи ҳам динимиз фидойиларидан эканини таъкидлади.

Учрашувда сўзга чиққанлар Муфтий Бобохоновлар салоҳиятли аллома, етук дин арбоблари сифатида нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам эътироф этилишини қайд этишди. Бобохоновлар сулоласининг дин қайғусида жон куйдириш, халқни маърифатли қилиш, ислом дини софлиги, мусулмонлар бирдамлиги, мамлакатда ислом динини турли бидъат ва хурофотлардан тозалаш, диндорлар ўртасидаги ихтилофли ҳолатларга барҳам бериш борасидаги шарафли хизматлари ҳақида сўз юритишди.

Тадбирда Муфтий Бобохоновлар ҳаёти ва маънавий-маърифий фаолияти тўғрисида ҳужжатли филм намойиш этилди. Учрашув якунида муаллиф томонидан “Динимиз фидойилари” китоби Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ахборот-ресурс марказига тақдим этилди.

256300cookie-checkМуфтийлар сулоласи Бобохоновлар ёдга олинди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: