islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Биринчи бут-санамни ким пайдо қилган?

Инсоният тарихининг деярли барча даврларида баъзи одамлар бутларга сиғиниб келганлар. Буни тарихий манбалар ҳам, афсоналар ҳам, археологик топилмалар ҳам тасдиқлайди. Инсоннинг моддий илоҳга бўлган иштиёқи ҳайкалларга ва бутларга сиғинишга ундади. Шунинг учун ҳам 124 мингдан ортиқ набий ва расуллар тавҳиддан чиқиб, бутпарастлик ботқоғига ботган қавмларга тўғри йўлни ва ҳақиқий Илоҳни танитиш вазифаси билан юборилган.

Биринчи бутни ким яратган?

Дунё ва пайғамбарлар тарихига оид манбаларда келтирилишича, бу воқеа қадим замонларда бобомиз Одам Атонинг фарзандлари ҳаётида содир бўлган. Маълумки, унинг ўғилларидан бири Қобил ҳасаддан Ҳобилни ўлдиради. Ўлимидан олдин Одам алайҳиссалом ўғли Шис алайҳиссаломга биродарини ўлдирган Қобилни жазолашни васият қилди.

Одам алайҳиссалом бу дунёдан ўтгандан сўнг, Шис алайҳиссалом Ҳобилнинг қасосини олиш учун Қобил ва унинг саркаш қавми билан жангга катта тайёргарлик кўрди ва куч тўплади. Мазкур жанг ер юзидаги биринчи уруш эди. Жанг якунида Қобил қўлга олинди. Шунда Қобул уялмасдан Шис алайҳиссаломга ўртасидаги қариндошликни эслатиб, раҳм-шафқат қилишини сўради.

– Ҳобилни ўлдирганингда, нега оилавий ришталарингни унутдинг?! – дея унга танбеҳ берди Шис алайҳиссалом. Ва қўлларини боғлаб, жазирама қуёш остида Қобилни ўлим учун қолдирди.

Бутпарастлар

Қобил вафотидан кейин болалари оталарини дафн қилишга, Иблис эса уларни йўлдан оздиришга ҳозирлик кўраётган эди.

Шайтон фаришта қиёфасида пайдо бўлиб, “уни ерга кўмманглар”, дея уларга мурожаат қилди       .

Шайтон уларга улкан қоядан иккита катта тошни олиб келишни ва ичини одам сиғадиган қилиб ўйишни маслаҳат берди. Сўнгра тош устига олтин тахт қўйдириб, жасадни мумиёладилар ҳамда дабдабали кийим кийган Қобилни тахтга ўтирғизиб қўйишни буюрди. Шундай қилиб, Қобил безатилган залнинг марказида одамларга намойиш этилди. Қобил авлодлари шайтоннинг барча амрларини сўзсиз бажо келтирдилар.

Кейин Иблис бу залга кирган ҳар бир кишига Қобилга уч марта таъзим қилишни буюрди. Шундан сўнг, шайтон “Қобил зиёрати” учун маълум бир кунни белгилашни ва байрам қилишни буюрди. Одамларнинг саволларига Қобил гапираётганга ўхшатиб, унинг ўрнига шайтон жавоб бера бошлади.

Шундай қилиб, баъзи одамлар кўп йиллар давомида алданиб, Қобилни жасадидан ясалган бутга сиғиндилар ва Иблиснинг йўриғига юриб, куфрга кетдилар.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

256980cookie-checkБиринчи бут-санамни ким пайдо қилган?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: