islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Исломдаги илк байроқни ким кўтарган?

Тошкент ислом институтида “18 ноябрьЎзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан “Муқаддасдир Ватан байроғи!” шиори остидаги тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда ТИИ ректори У.Ғафуров, проректор У.Ходжаев, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Д.Насиров, Илмий тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлими ходими О.Тангиров, ўқитувчилар ва талабалар иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади. Бу йил “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигига 30 йил тўлди.

Байрам тадбирини Ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректор У.Ходжаев олиб борди ҳамда ректор У.Ғафуров “Давлат байроғи қабул қилинганининг 30 йиллигига” бағишланган нутқ сўзлади. Нутқдан, давлатчиликдаги рамзларнинг аҳамияти, герб, туғ, байроқлар тарихи, Ислом тарихидаги илк байроқ ҳамда мустақил Ўзбекистоннинг қабул қилинган байроғи ҳақида сўз бориб, талабалар билан савол-жавоб услубида мулоқот қилинди.

Маълумот:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи боғлаган байроқлари мелодий 623 йилнинг март ойига тўғри келувчи ҳижрийнинг 1-йили Рамазон ойида бўлган. Ул Зот Ҳамза ибн Абдулмутталиб бошчилигида ўттиз кишилик муҳожирлар жамоасини Қурайшнинг Шомдан келаётган Абу Жаҳл ибн Ҳишом бошлиқ уч юз кишилик карвонини қарши олиш учун юбордилар. Ҳамза розияллоҳу анҳу учун тикилган бу байроқнинг ранги оқ бўлиб, уни Абу Марсад Канноз ибн Ҳусойн ал-Ғанавий кўтариб олган эди. Бу тарихда “Сайфул-баҳр сарияси” деб аталган.

🟦1991 йил 18 ноябр куни қабул қилинган мустақил Ўзбекистон байроғидаги мовий ранг – тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва оби-ҳаёт рамзи. Бу яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради.

⬜️Оқ ранг – тинчлик рамзи бўлиб, поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли.

🟩Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи бўлиб, навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли.

🟥Қизил чизиқлар – вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади.

🌙Ярим ой тасвири тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ.

⭐️12 юлдуз ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзидир.

Хабарингиз бор, “18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун” муносабати билан илмий тадқиқотлар олиб бориш ва изланувчанлик қобилиятига эга иқтидорли талабаларнинг салоҳиятини намоён этиш мақсадида “Муқаддасдир Ватан байроғи!” шиори остида “энг яхши мақола” ва “энг яхши видеоролик” танлови эълон қилинган эди.

“Энг яхши мақола” номинацияси бўйича 2-курс талабаси Нишонов Нодирбек ҳамда “энг яхши видеоролик” номинацияси бўйича 1-курс талабаси Бурхонитдинов Шамсиддин 1-ўринни қўлга киритди.

Шунингдек, “16 ноябрь – Халқаро диний бағрикенглик куни” муносабати билан талабалар ўртасида “Жамиятда диний бағрикенгликни таъминлашнинг асосий тамойиллари” мавзусида “энг яхши мақола” ва “энг яхши видеоролик” танлови эълон қилинган эди.

Ушбу танловнинг “энг яхши мақола” номинациясида 1-ўринни 305-гуруҳ талабаси Мусабоев Камрон, 2-ўринни 301-гуруҳ талабаси Сагдуллаев Зарафатдин, 3-ўринни 102 гуруҳ талабаси Ҳайдаров Иброҳим қўлга киритди. “Энг яхши видеоролик” номинацияси бўйича 2-курс талабаси Қабулов Ҳабибуллоҳ ғолиб бўлди.

ТИИ Матбуот хизмати

257360cookie-checkИсломдаги илк байроқни ким кўтарган?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: