2021 йил ноябрь ойида Тошкент ислом институти ташкил топганига 50 йил тўлди. 1943 йил муфтий Эшонбобохон ибн Абдулмажидхон қардош халқлар уламолари билан биргаликда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратини ташкил қилган бўлса, 1971 йил 1 ноябрда муфтий Зиёуддинхон ибн Эшонбобохон ташаббуси билан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига асос солинди.
Тошкент ислом институтининг ташкил топганига 50 йил тўлиши муносабати билан турли тадбирлар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири, диний таълимни йўлга қўйилишида ҳамда уламолар ва диний кадрларни етиштириб чиқарадиган Олий маъҳаднинг очилишида жонбозлик қилган муфтийлар сулоласи бўлмиш Бобохоновлар ҳаёти ва фаолиятига бағишланди.
Тошкент ислом институтида “Муфтий Бобохоновлар жамғармаси” ҳамкорлигида “Динимиз фидойилари (тарих, хотиралар, сабоқлар)” номли китобининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда “Динимиз фидойилари” китоби муаллифи, Муфтий Бобохоновлар жамғармаси директори Амирсаид Усмонхўжаев, тарих фанлари доктори, профессор Бахтиёр Ҳасанов, Муфтий Шамсиддинхон Бобохоновнинг фарзандлари Жамолиддин Бобохонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Тошкент ислом институти биринчи битирувчиси, хаттот Ҳабибулло Солиҳ, Дўстжамбой жоме масжиди имом-хатиби Баҳром қори Атаджанов, жамғарма мутасаддилари, уламолар, таниқли олимлар, институт профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди.
Юқорида айтганимиздек, диний идора ва Олий маъҳаднинг ташкил этилишида Бобохоновлар билан елкадош ва ҳамфикр Соттиевлар (Исмоил Махдум ҳазратлари, ўғиллари Абдуллоҳ домла, куёвлари Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, жиянлари Абдулҳамид домла Турсунов каби), Шокировлар (Олимхонтўра ҳазрат, Юсуфхонтўра ҳазрат, набиралари Акмалхон домла каби), Мавлонқуловлар (Асрорқул домла, Отақул домла, Мансуржон домла каби) сулолалар ҳам меҳнат қилган.
Дастлаб, Қуръон тиловат қилиниб, ўтган олимлар, диний соҳа вакиллари, хусусан диний идорада меҳнат қилган барча сулолалар ҳамда муфтий Бобохоновлар руҳига бағишлаб дуо қилинди. ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди.
Тадбирда “Динимиз фидойилари” китоби муаллифи, Муфтий Бобохоновлар жамғармаси директори Амирсаид Усмонхўжаев сўз олиб, китобнинг яралиш тарихи ҳақида тўхталиб ўтди. Бутун умрини мамлакатимизда ислом дини равнақи ва мусулмонлар манфаати йўлидаги хайрли ишларга бағишлаган Муфтий Бобохоновлар оиласи ҳам динимиз фидойиларидан эканини таъкидлади.
“Аждодлар тарихи саҳифаларидан”, “ХХ аср – 1917-1991 йиллар: Совет давлати даври”, “Шайх Эшон Бобохон – Ислом маърифатчиларининг зурриёти”, “Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон”, “Шайх Шамсиддинхон Бобохонов – сулола давомчиси”, “Муфтий Бобохоновларнинг ҳамфикрлари ва шогридлари”, “Муфтий Бобохоновлар ҳақида замондошларининг фикрлари” каби йирик боблардан иборат китоб орқали Муфтий Бобохоновлар салоҳиятли аллома, етук дин арбоблари сифатида нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам эътироф этилиши қайд этилган.
Бобохоновлар сулоласининг дин қайғусида жон куйдириш, халқни маърифатли қилиш, ислом дини софлиги, мусулмонлар бирдамлиги, мамлакатда ислом динини турли бидъат ва хурофотлардан тозалаш, диндорлар ўртасидаги ихтилофли ҳолатларга барҳам бериш борасидаги шарафли хизматлари ҳақида сўз юритилди.
Шундайн сўнг, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Бахтиёр Ҳасанов сўзга чиқиб, муфтийлар сулоласи ҳамда “Динимиз фидойилари” китоби ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Профессор Б.Ҳасанов “Абдулла Қодирийни эслаб” китоб-альбоми, “Сталин қатағонининг Тошкентдаги шоҳидлари: архитектура ва одамлар” номли қимматли китобларни Тошкент ислом институтининг 50 йиллиги муносабати билан ҳадя қилди.
Жамолиддин Бобохонов ҳам сўзга чиқиб, боболари, хусусан отаси муфтий Шамсиддинхон Бобохоновнинг фазилатлари, диний, таълимий ва сиёсий жабҳаларда олиб борган фаолиятлари тўғрисида нодир маълумотларни берди.
Бобохоновларнинг фаолияти, ҳаёти ва ижодига оид китоблар, асарлар, фото-видеолар, буюмлар ва бошқа манбаларни сақлаб, асраб-авайловчи Жамолиддин Бобохонов Тошкент ислом институтининг 50 йиллиги билан табриклаб, “Ҳазрати Эшон”, “Эътиқодга бахшида умр”, “Шайх Зиёуддинхон ибн Эшонбобохон”, “Сиҳоҳи ситта”, “Тариқат силсиласининг олтин занжири” номли илмий ва мемуар асарларни институт Ахборот-ресурс марказига совға қилди.
Тадбирда Муфтий Бобохоновлар ҳаёти ва диний-маърифий фаолияти тўғрисидаги “Сўнмас зиё” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди. Муфтий Бобохоновлар жамғармаси директори Амирсаид Усмонхўжаев нодир маълумотлар тасвирланган “Сўнмас зиё” номли ҳужжатли фильмини ТИИ медиа фондига ҳадя сифатида тақдим қилди.
Учрашув якунида муаллиф томонидан 100 дона “Динимиз фидойилари” китоби Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс марказига совға қилинди.
ТИИ Матбуот хизмати