islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз пойдевори

Асосий қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди.

Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда. Бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир.

Асосий қонунимиз икки марта – 1992 йил сентябрь ва ноябрь ойларида умумхалқ муҳокамасига олиб чиқилди. Лойиҳалар муҳокамасида кенг жамоатчилик, бутун халқимиз фаол иштирок этиб, мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, унинг келажагига дахлдор кўплаб фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирди.

Умумхалқ муҳокамаси якунларига кўра, Бош қомусимиз лойиҳасига 100 га яқин тузатишлар киритилди ва 1992 йил 8 декабрь куни Олий Кенгаш сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан Тошкент ислом институтида профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар ва талабалар учун “Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз пойдевори” мавзусида тадбир ўтказилди.

Байрам тадбирига Тошкент Давлат юридик университети “Конституциявий ҳуқуқ” кафедраси мудири Бекзод Нариманов, кафедра профессори Ихтиёр Беков, “Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш” кафедраси мудири Валишер Давлатов таклиф этилди.

ТИИ Ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректор Умиджон Ходжаев кириш сўзи билан тадбирни очиб, маъруза учун сўз навбатини меҳмонларга берди.

Маърузачилар, ўтган мустақиллик йиллари давомида мамлакатимиздаги туб ислоҳот ва ўзгаришларнинг барчаси Конституциямиз асосида амалга оширилгани, бу эса унинг ҳақиқатан ҳам халқимиз манфаатларига, давлатимизнинг стратегик мақсадларига тўла жавоб берадиган, ҳар томонлама пухта ишланган муҳим сиёсий ҳужжат эканини таъкидладилар.

Ҳокимиятнинг халқ сайлаган вакиллик органлари – парламент, халқ депутатлари кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва аҳамияти тубдан ўзгарди. Олий Мажлис, сиёсий партияларнинг ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилди, парламент ва жамоатчилик назорати институтлари мустаҳкамланмоқда.

Ўтган даврда ижро этувчи ҳокимиятни демократлаштириш ишлари ҳам изчил олиб борилди. Ҳукуматнинг вазифа ва ваколатлар доираси кенгайтирилиб, парламент олдида ҳисоб бериш даражаси ва масъулияти кучайтирилди. Бу Конституциянинг 7-моддасида мустаҳкамланган «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир» деган улуғвор ғоянинг амалий ифодаси, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

“Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий норма асосида мамлакатимизда халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган, Конституция ва қонун устун бўлган самарали ва барқарор тизим шаклланмоқда. Асосий қонунимизда ҳам буюк неъматлар орасида энг улуғи — “инсон қадри учун” деган ғоя илгари сурилиб, уни улуғлаш, унинг эркин камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ўз аксини топган.

Бинобарин, инсон манфаатлари устувор бўлган юртдагина юксалиш бўлади, бундай давлат фуқароси ҳар томонлама баркамол бўлиб, ватан учун, халқ учун жонини фидо қилишга тайёр бўлади. Энг муҳими, инсон ҳуқуқлари таъминланган жамиятда рақобат муҳити пайдо бўлади, ижобий ўзгаришлар ва янгиланишлар суръатлари жаддалашади.

Бош қомусимизнинг 13 моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган.

Дин ва эътиқод масалалари инсон маънавиятининг узвий қисмидир. Мазкур масалаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида чуқур ва асосланган билимларга эга бўлиш ҳаётий-амалий фаолиятни тўғри ташкил этишга хизмат қилади. Шу билан бирга, виждон эркинлиги ҳар бир шахснинг табиий ҳуқуқ ва эркинликлар сирасига кирувчи ажралмас ҳуқуқларидан биридир. Виждон эркинлиги инсоннинг энг муҳим ҳақларидан бўлса-да, қонунда ўз ифодасини топиб, муҳофаза остига олингандагина чин маънода ҳуқуқ даражасига кўтарилади. Акс ҳолда шахснинг қалб кечинмаларини ифодаловчи бу ҳуқуқ ҳақиқий маъносини йўқотади.

4-модда:

Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади.

13-модда:

Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.

31-модда:

Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.

41-модда:

Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир.

Қимматли маълумотлар ҳамда мазмунли суҳбат учун меҳмонларга проректор У.Ходжаев ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширди.

ТИИ Матбуот хизмати

262920cookie-checkКонституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз пойдевори

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: