islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Коррупцияга қарши кураш бўйича миллий ҳамда халқаро тажриба

“Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз”
Ш.Мирзиёйев

Коррупция сўзи лотинча “бузиш”, “айниш” деган маъноларни англатади. Бирор мансабдор шахснинг қонунчиликка ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфатлар мақсадида фойда олишидир. Коррупция атамаси одатда сиёсий аппаратга нисбатан ишлатилади. Мансабдор шахсларни сотиб олиш, уларнинг порага сотилиши ҳам коррупция дейилади. Халқаро даражда 1970 йилда Японияга самолётлар сотишда компания томонидан оилй давлат амалдорларини сотиб олиш бўйича “Локхид иши” энг йирик коррупция кўринишларига мисол бўлади.
Коррупциянинг энг кенг тарқалган турларига порахўрлик, фирибгарлик, товламачилик, непотизм киради. Бундай жиноятларнинг кўплаб содир этилиши иқтисодиётни заифлаштириб, сиёсий бошқарувни издан чиқариши ва фуқароларни давлат тизими ва сиёсий тизимларга нисбатан ишончсизлигини келтириб чиқариши мумкин. Мустақилликга эришганимиздан кейинг даврда ушбу турдаги жиноятчиликни олдини олишга қаратилган қатор норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, унга қарши курашувчи давлат идоралари, уларнинг таркибий тузилмалари ташкил этилган бўлсада, унга қарши курашиш кўнгилдагидек бўлаётгани йўқ том маънода коррупциявий жиноятчилик илдиз отиб, миқдори кун сайин ошиб бормоқда. Энг хатарлиси эса одамларни бундай ҳолга нисбатан бефарқлиги, унга оддий ҳолат сифатида муносабатда бўлишидир. Чуқурроқ ўйлаб қарасак коррупция ва унга боғлиқ бўлган иқтисодий жиноятчилик давлатларнинг бугунги иқтисодий ва сиёсий вазиятида тараққиётга тўсқинлик қилувчи асосий хавф манбаи, хавфсизликка таҳдид ҳисобланади.
Бугунги кунда ҳар бир давлатда коррупцияга қарши кураш давом этмоқда. Ҳар бир давлат ва жамият коррупцияга қарши курашиш ёʻлини ўзи танлайди, аниқроғи, қандай ёʻл тўғри эканини ҳаёт кўрсатади. Қонунда коррупцияга қарши курашни кенг қамровда олиб бориш чоралари кўзда тутилгани, бу борада ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.
Мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, унинг олдини олишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси ва аниқ тизими яратилган. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Қонун қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 2017 йил 2 февралдаги ПҚ-2752-сонли қарори ҳамда 2017-2018 йилларда Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхона ва муассасаларда давра суҳбатлари, семинар ва мулоқотлар ўтказилмоқда .
Мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Хусусан, 1997 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Миллий хавфсизлик консепсияси”да коррупция мамлакатнинг миллий хавфсизлигига таҳдидлардан бири дея эътироф этилган. «Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастури»да ҳам коррупцияга қарши курашиш нуқталари белгиланган. Мамлакатимиз 2008 йил 7 июлда БМТнинг “Коррупцияга қарши кураш” тўғрисидаги конвентсиясига қўшилган. 2017 йил 8 сентабрда қабул қилинган Президент фармони билан тасдиқланган Маъмурий ислоҳотлар контсептсиясига мувофиқ давлат бошқарувини ислоҳ қилиш натижасида такрорлаш ва параллелизмни тугатиш орқали давлат бошқарув тизимини оптималлаштиришга эришиш мақсад қилиб қўйилган . Мазкур фармон натижасида бир-бирини такрорловчи, умумий вазифа ва мақсадлари бир хил бўлган органлар бирлаштирилди ёки уларнинг вазифалари янгидан алоҳида тузилма ташкил қилиниб, шунга ўтказилди. Давлатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар барча соҳаларни қамраб олаётгани боис контсептсияга мувофиқ давлатнинг коррупцияга қарши кураш сиёсатини амалга оширувчи органлар фаолиятини қайта кўриб чиқкан ҳолда оптималлаштириш масаласи ҳам юзага келди. Ана шу мақсадларни амалга ошириш учун 2019 йил 27 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши кураш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида ҳам махсус комиссия зиммасига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини, шу жумладан умум эътироф этилган халқаро стандартлар ва чет эл ижобий тажрибасини инобатга олган ҳолда ушбу фаолиятни ташкил этиш ва мазкур ёъналишдаги функтсияларини оптималлаштиришда ягона ёндашувларни жорий этиш орқали тубдан такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилган эди .
Президентимиз 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга ёъллаган мурожаатномасида шу хусусда тўхталиб, парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишда масъул бўладиган алоҳида орган тузишни таклиф қилди . Шу муносабат билан коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида давлат органи ташкил этиш масаласи жамоатчиликнинг қизғин муҳокамасидан ўтганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 мартда қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор ёъналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” ги фармонида ҳам акс этди .
Кўриниб турибдики, ҳозирги кунда давлатимизда коррупцияга қарши кураш соҳасида янги ислоҳотлар амалга оширишга объектив зарурат мавжуд. Чунки коррупцияга қарши курашиш фаолиятини тартибга солувчи етарли ҳуқуқий база мавжуд бўлса-да, коррупциянинг олдини олишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий механизмлар мукаммал эмас. Шу нуқтаи назардан коррупцияга қарши курашувчи органларнинг функтсияларини оптималлаштирган ҳолда коррупцияга қарши курашувчи алоҳида орган орқали коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларининг самарадорлигини ошириш имконияти мавжуд. Бироқ бунинг учун, аввало, коррупцияга қарши курашувчи органнинг фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий асосларни ҳар жиҳатдан мукаммал қилиб ишлаб чиқиш лозим.
Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янада самарали бўлиши учун, шунингдек, бу соҳада илғор хорижий тажрибага мурожаат қилган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида янги ташкил этиладиган органнинг фаолияти юзасидан қуйидаги таклифлар берилади:
Ҳуқуқий мақоми бўйича:
 коррупцияга қарши курашувчи органни алоҳида тергов органи сифатида қилиш ва унинг фаолиятини қонун билан тартибга солиш, хусусан, мазкур органга ташқи тарафдан ҳеч қандай таъсир ўтказилмаслигини, унинг ишларига аралашилмаслигини билан кафолатлаш;
 орган ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдорлигини белгилаб қўйиш, органнинг юқори мансабдор шахсларини Президент томонидан тайинланиши ва бу номзодларнинг Олий Мажлис томонидан тасдиқланиш тартиб-таомилини белгилаш;
 коррупцияга қарши курашувчи органни бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ёки ижро ҳокимияти ҳузурида ташкил этмаган ҳолда тузиш. Чунки бундай ҳолатда орган билан у ҳузурида ташкил этилаётган орган ўртасида манфаатлар тўқнашуви юзага келиши, унинг мустақиллиги муайян даражада таъминланмаслиги мумкин. Мисол учун, асосий вазифаларидан бири коррупцияга қарши курашиш ҳисобланадиган Иқдисодий жиноятларга қарши кураш департаменти бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимига биноан лавозимга тайинланади ва лавозиминидан озод қилинади. Департамент бошлиғининг ўринбосарлари Департамент бошлиғининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Департаментнинг марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва ҳудудий бошқармалари бошлиқлари Департамент бошлиғининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Бу ҳолат коррупцияга қарши курашувчи органларга қўйилган халқаро стандартларга мос эмас. Бинобарин, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг коррупцияга қарши кураш тўғрисида конвентсияси 6-моддасига мувофиқ ҳар бир иштирокчи Давлат коррупцияга қарши курашувчи орган ёки органларга улар ҳар қандай номақбул таъсирдан холи шароитларда ўз вазифаларини самарали бажаришлари мумкин бўлиши учун, ўз ҳуқуқий тизимларининг асосий тамойилларига мувофиқ, зарурий мустақилликни таъминлаши лозим .
Ваколат доираси бўйича:
 Сингапур ва Гонгконгнинг коррупцияга қарши кураш соҳасидаги илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда коррупцияга қарши курашувчи алоҳида орган учта энг муҳим ваколатларни, яъни коррупциявий жиноятларнинг олдини олиш, бундай жиноятларнинг барча турини тергов қилиш ва жамиятда коррупция қарши ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишни ўзида бирлаштириши лозим.
 Ана шунда мазкур орган фақат коррупция оқибатлари билан курашмасдан, бундай жиноятларнинг профилактикасини ҳам ўзи амалга оширади;
 орган томонидан барча коррупциявий жиноятлар юзасидан терговга қадар текширув, тезкорқидирув тадбирлари ўтказиш, дастлабки тергов ва суриштирив олиб борилиши мақсадга мувофиқ;
 ташкил қилинадиган органнинг тўла мустақиллиги таъминлаш учун унга коррупциявий жиноятлар билан боғлиқ ҳар қандай шахсни (ушлаб туриш, қамоққа олиш, жиноий жавобгарликка нисбатан иммунитетга эга бўлган республика даражасидаги мансабдор шахсларни Президент розилиги билан) тергов қилиш ваколатини бериш;
 судялар, прокурорларнинг коррупцияга оид ҳаракатлари юзасидан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг розилиги билан қўзғатилиши мумкинлигини белгилаш;
 ташкил қилинадиган орган у тергов қилаётган коррупциявий жиноят билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа жиноятларни ҳам тергов қилиш ваколатига эга бўлиши керак;
 қонунчиликда органнинг махсус вазифаларини, хусусан, мансабдор шахсларнинг мол-мулк декларацияларини ўз вақтида топширилишини назорат қилиш, уларнинг қонунийлигини текшириб бориш, декларацияларни тўлдириш юзасидан кўрсатмалар бериш, уларнинг очиқлиги таъминлашни белгилаб қўйиш;

 орган томонидан аноним мурожаатларнинг кўриб чиқиш тартибини ишлаб чиқиш. Қонунчилигимизга коррупцияга қарши кураш соҳасида янги усулларни назарда тутувчи ўзгаришларни киритмоқчи эканмиз, мазкур жараёнда эътибор берилиши лозим бўлган яна бир жиҳат орган томонидан аноним мурожаатларни кўриб чиқиш масаласидир. ПФ-5729-сонли фармон билан тасдиқланган 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастурида коррупция фактлари ҳақида аноним хабарларни ўрганиш имкониятларини назарда тутувчи ташкилий чоратадбирлар ишлаб чиқилиши белгиланган . Коррупция қарши курашиш механизми қанчалик яхши ташкил этилмасин, агар фуқароларнинг онгида коррупцияга қарши иммунитет шаклланиб, улар коррупция ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабат бўлмас, жамиятда содир этиладиган ҳар қандай коррупция ҳолатларининг ўзларига ҳам зарари борлигини ҳис қилмас экан, натижа кутилганидек бўлмайди. Коррупциявий жиноятлар латентлик хусусиятига эга бўлганлиги учун уни очиш бирмунча қийинчиликларни келтириб чиқаради. Мисол учун, бир йилда содир қилинадига барча порахўрлик жиноятларини 100% деб ҳисобласак, уларнинг атиги 0.1-2 фоизигина очилади, холос . Шу нуқтаи назардан ҳам самарадорликни ошириш мақсадида аноним мурожаатларни кўриб чиқишнинг тартиб-таомилларини белгилаб олиш лозим. Чунки коррупцияга курашишда асосан фуқаролар ёрдамига таянилади, бу ҳолатда улар ўз мурожаатини аноним тарзда ёъллашни афзал кўриши мумкин. Масалан, Гонгконгда коррупция ҳақидаги хабарларнинг 75 фоизи аноним манбалардан келади . Бундай мурожаатларни кўриб чиқишнинг аниқ тартиб-таомиллари
Гонгконг қонунчилигида белгилаб қўйилган. Бироқ Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида аноним мурожаатларни кўриб чиқишнинг аниқ механизмлари мавжуд эмас. Хусусан, ЖПК 323-моддага кўра аноним хабарлар жиноят ишини қўзғатиш учун сабаб бўла олмайди. “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддасига мувофиқ, аноним мурожаатлар кўриб чиқилмайди . Ваҳоланки, бундай мурожаатлар ҳам коррупциянинг олдини олишда катта аҳамият касб этиши мумкин. Шундай ҳолатларни назарда тутиб, Истанбул ҳаракатлар режасининг 20-мониторинг учрашув якунлари бўйича ҳисоботда эҳтимолий жиноятлар ҳақидаги мурожаатларни мажбурий кўриб чиқишни назарда тутувчи ўзгартиришларни қонунчиликка киритиш тавсия қилинган .
Орган фаолияти устидан назорат бўйича:
 орган томонидан қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни прокуратура органлари амалга оширилиши, органнинг ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар йилда 2 марта ҳисобот беришини белгилаб қўйиш;
 орган ўз фаолиятида мустақил бўлиши, шунингдек, кенг ваколатларга эга бўлиши муносабати билан унинг ўзига хос “ёпиқ ташкилот” ёки “мустақил ҳокимият”га айланиб қолишининг олдини олиш мақсадида Гонгконг ва Литва Республикаси тажрибаларига таянган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарида коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталар томонидан унинг фаолиятини доимий мониторинг қилиш институтини жорий қилиш лозим.
Умуман, дунё сиёсатидаги бу қусурни яъни коррупцияни тузатиш шарт! Нафақат бизнинг жамият, балки бутун дунё жамиятлари бу ҳақда ўйлаб кўриши керак энди. Инсоннинг инсондек яшаб ўтиши учун муайян моддий-маънавий даража кифоя қилишини инсонга ёшлигидан уқтирмоқ керак. Шунда у юзидаги инсонлик пардасини шилиб ташлаб бой бўлишга интилмайди, мансабга ўтириш учун отасини сотишга тайёр кун кечирмайди. Бир коса овқат-у икки учта кийим, битта бошпана билан ҳам бахтли бўлишини билган инсоннинг коррупцияга эҳтиёжи қолмайди.

Тошкент ислом институти

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходими

Ш.Бадиев

263350cookie-checkКоррупцияга қарши кураш бўйича миллий ҳамда халқаро тажриба

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: