islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Илм фазилати

Одам фарзандини илми ва амали билан фазилатли қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин. “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўридир”, деган саййидимиз Мухаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга, оила аъзолари ҳамда сахобаларига салом ва дуолар бўлсин. Аллоҳ таоло илмнинг шарафи, фазилати, улуғлиги хақида Ўз каломида бундай деган: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”. (Мужодала, 11).
Бошқа оятда: «Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар». (Фотир, 28).
Ҳадиси шарифларда эса илм фазилати қуйидагича баён этилган:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди ва унга тўғри йўлни кўрсатади”. Бошқа бир ҳадисда: “Одамларнинг афзали ҳожат тушса, фойда берадиган, беҳожат бўлинса, ўзига фойда берадиган имонли олимдир”, дейилган.

Демак, илмдан афзал нарса йўқ экан. Инсон илм билан юксалганчалик бошқа амаллар билан юксала олмайди. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳума айтадилар: “Олимларнинг даражаси илм олмаган мўминларнинг даражасидан етти юз даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси беш юз йиллик йўлга тенг”.
Абдуллоҳ ибн Муборакдан: “Комил инсонлар кимлар?” деб сўрашди. “Олимлар”, деб жавоб бердилар. “Пасткашлар ким?” деб сўрашди. У киши: “Дин номидан дунё ейдиганлар”, дедилар.
Ибн Муборак олимлардан бошқасини комил инсон демадилар. Чунки инсонни ҳайвонлардан ажратиб турадиган асосий хусусият ҳам илмдир. Инсон нима билан шарафли бўлса, ўша нарса билан инсондир. Унинг афзаллиги жисмоний қувват ёки бошқа нарсада эмас. Зеро, туя инсондан анча қувватли. Жисмнинг катталиги билан ҳам афзал эмас. Зеро, фил ундан каттароқ. Афзаллик шижоат билан ҳам ўлчанмайди. Чунки йиртқич ҳайвон ундан кўра шижоатлироқ. Еб-ичиш билан ҳам афзал эмас, ҳўкизнинг қорни уникидан каттароқ. Демак, инсон фақат илм билангина бошқалардан устун экан. Аллоҳ таоло барчамизга фойдали илм ва қобил бўлувчи амални насиб қилсин

ТИИ Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси ўқитувчиси

Тўхтаев Насруллоҳ

265010cookie-checkИлм фазилати

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: