islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

18 декабрь – Халқаро араб тили куни

Жаҳон тилларидан бири ҳисобланган араб тили инсоният тамаддунида, илм-фан тараққиётида муҳим аҳамият касб этган. Бу тилда яратилган илмий асарлар кўплаб ихтироларга, кашфиётларга сабаб бўлган.

Бу тил фақатгина араб диёрлари аҳолисининг мулоқот воситаси бўлибгина қолмай, бутун дунё мусулмонларининг ҳам умумий тилидир. Чунки, мусулмонларнинг муқаддас китоби – Қуръон айнан шу тилда нозил қилинган. Кўплаб исломий ибодат ва маросимларни бажаришда шу муқаддас тилдан фойдаланилади. Араб тили, шунингдек, араб дунёсидаги бир қатор насроний черковларнинг асосий маросим тилидир. Айни пайтда Ўрта асрлардаги яҳудийликка оид диний асарларнинг кўпчилиги шу тилда ёзилган. Араб тилининг мавқеи ислом динининг дунё миқёсида кенг тарқалиши туфайли кўтарилди, чунки у кўп асрлар давомида мусулмонлар ҳукмронлик қилган ўлкаларда сиёсат, фан ва адабиёт тилига айланди.

Араб тили асрлар давомида илм-фанда, аҳоли орасида ишлатилган бўлса-да, ХХ асрга келибгина дунё доирасида расмий тил сифатида эътироф этилди. У Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олти расмий тилидан бири ҳисобланади. 1973 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида араб тилини илк бор ишлатишга муваффақ бўлинди. Шу йили араб тилини расмий тиллар қаторига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди. БМТ ва унинг таркибидаги бошқа ташкилотлар 1973 йил 28 декабрда бўлиб ўтган Бош Ассамблея сессиясининг 3190-сонли қарорини эълон қилди. Унда араб тили расмий тиллар қаторига қўшилгани белгилаб қўйилган эди.

2012 йил октябрь ойида ЮНEСКО Ижроия кенгашининг 190-сессияси бўлиб ўтди. Унда 18 декабрни “Халқаро араб тили куни” деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган ва илк бор бу сана ўша йили ЮНEСКОда нишонланган.

2011 йилда “Bloomberg Businessweek” нашри араб тилини бизнес учун энг фойдали тиллар қаторига қўйди. 2013 йилда Британия Кенгаши Бирлашган Қиролликда энг кўп талаб қилинадиган тиллар бўйича “Келажак тиллари” сарлавҳаси остида катта ҳисобот эълон қилди. Ташкилот маълумотларига кўра, араб тили Буюк Британияда энг кўп даромад келтирадиган тиллар рўйхатида иккинчи ўринда туради.

Араб тили сомий тиллар оиласига мансуб бўлиб, унда 467 миллиондан ортиқ киши сўзлашади. Бу тил араб дунёсидан ташқари бошқа кўплаб яқин ҳудудлар аҳолиси орасида ҳам кенг тарқалган. Жумладан, Туркия, Чад, Мали, Сенегал, Эритрея, Эфиопия, Жанубий Судан ва Эронда. Шундай қилиб, у дунёдаги энг кенг тарқалган тиллар орасида тўртинчи ўринни эгаллайди. Расмий тил сифатида тан олинган мамлакатлар (жами 27 та) сони бўйича учинчи ўринда туради. Интернетда энг кўп қўлланиладиган тўртинчи тил ҳисобланади.

Дунё цивилизация ривожига муносиб ҳисса қўшган Бухорий, Термизий, Хоразмий, Беруний, Форобий, Ибн Сино ва бошқа кўплаб етук аллома аждодларимиз айнан араб тилида ижод қилган. Буюк тилшунос бобокалонимиз Маҳмуд Замахшарийнинг араб тили грамматикаси ва тилшунослиги бўйича “Унмузаж” ва “Муфассал” асарлари нафақат ўша даврнинг муҳим манбаси бўлган, балки ҳозир ҳам зарур қўлланма вазифасини бажармоқда. Мовароуннаҳр мутафаккирларининг бой илмий меросини ўрганиш ва келажак авлодга етказиш учун бу тилни ўрганиш айни муддаодир.

Баҳодир МИРЗАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
265820cookie-check18 декабрь – Халқаро араб тили куни

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: