2022 йил 11 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда эпидемиологик вазият хавотирли тус олаётгани, сўнгги бир кунда кунлик касалланиш ҳолатлари сони 600 дан ошгани, яна 4 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берди.
Шу йил 7 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги юртимизда коронавируснинг “Omicron” штамми аниқлангани, эҳтиёт чоралари кучайтирилиши хақида хабар қилиб, унда Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётгани, ушбу касалликка қарши зарур чоралар кўришни давом эттириш лозимлиги қайд этилгани айтилди.
Хусусан, Республика махсус комиссиясининг қарори билан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш устидан назорат кучайтирилмоқда. Бунда барча ташкилот, корхона ва муассасаларда, йирик савдо мажмуалари, супермаркетлар, кўнгилочар муассасаларнинг кириш қисмида ниқобда бўлиш, ижтимоий масофани сақлаш, тана ҳароратини ўлчаш амалиётига қатъий риоя этилиши таъминланади.
Касаллик тарқалган пайтда мусулмоннинг вазифалари
Турли хил тез тарқалувчи вабо каби эпидемия рўй берган пайтда мусулмон киши ўзини қандай тутиши керак. Бундай ҳолатларда мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чора-тадбирларини кўриши лозим. Вабо каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади.
Вакцина олишнинг ҳукми қандай?
Мазкур саволга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати бундай жавоб беради: “Маълумки, соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари қарийб икки йиллик кузатишлар ва изланишлардан кейин коронавирус – COVID-19 касаллигидан сақланишнинг энг самарали воситаси вакцина олиш экани тўғрисида хулосага келдилар.
Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим кўрсатмалардир. Мана шу жиҳатларга зарар етадиган ҳолатларда шариатимиз зарарни даф қилиш сабабларини қўллашга буюради. Шундай экан вакцина олиш зарурати бир неча жиҳатлар билан таъкидланади.
Биринчидан, динимиз кўрсатмаларига кўра, Аллоҳ таоло ҳар бир дарднинг шифосини ҳам берган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Аллоҳ таоло ҳар бир касалликка шифосини туширгандир” (Имом Бухорий ривояти). Бошқа ҳадисда шундай баён қилинади: Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан аъробийлар: “Эй, Аллоҳнинг Расули, даволанайликми?”, деб сўрашди. У Зот алайҳиссалом: “Ҳа, эй, Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар. Чунки Аллоҳ ҳар бир касалликка даво яратгандир”, дедилар. (Имом Бухорий ривоятлари).
Иккинчидан, баъзи кишилар касал эмаслигини рўкач қилиб, вакцина олишга бепарво бўладилар, ваҳоланки шариатимизда беморликдан аввал ундан сақланишга буюрилган. Бу ҳақда уламоларимиз шундай деганлар: “Касалликдан сақланиш уни даволашдан яхшироқдир” (“Ал-Фиқҳул исломий ва адиллатуҳу” китоби). Демак, бемор бўлмаган кимсалар ҳам касаллик тегишининг олдини олиши ва шунга сабаб бўладиган муолажаларни қилиши динимиз талабидир.
Учинчидан, динимиздаги асосий қоидалардан бири ўзига ҳам ўзгага ҳам зарар бермасликдир. Бу ҳақда Абу Саъид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти). Демак, вакцинани олишимиз биринчи навбатда ўзимизнинг соғлигимиз, қолаверса, яқинларимизнинг соғлигини сақлашга сабаб бўлади.
Тўртинчидан, ҳозирги кунда Умра зиёрати сафарини режалаштираётган кишилардан ҳам биринчи навбатда вакцина билан эмланган бўлиши талаб қилинмоқда. Қолаверса, дунёнинг ҳар қандай давлатига бормоқчи бўлган кишидан вакцина билан эмланганлик сўралмоқда.
Хулоса шуки, ҳозирда давлатимиз томонидан фуқароларимизга етказиб берилаётган вакциналарни олишимизга динимиз рухсат беради. Эмланиш шаръан жоиз, чунки бу даволанишнинг бир кўринишидир. Валлоҳу аълам”.
Юқумли касаллик билан хасталаниш ҳолатлари ортиб бораётган, унга қарши эҳтиёт чоралари кучайтирилаётган вақтда ҳар бир мўмин-мусулмон Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлиб, тиббиёт ходимларининг жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш, касалликнинг олдини олиш мақсадида соҳа мутахассислари томонидан тавсия этилган вакциналар билан тўлиқ эмланиш каби Республика махсус комиссияси томонидан жорий этилган янги тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиб, ўзимиз, яқинларимиз, қолаверса, юртдошларимизнинг соғлигини сақлайлик. Зеро, уламоларимиз айтганларидек: “Касалликдан сақланиш уни даволашдан яхшироқдир”.
Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси