islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

“Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсининг 17-давра битирувчиларига сертификат топширилди

Тошкент ислом институти қошидаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсининг 17-давра тингловчилари 3 ойлик курсни ўқиб тамомладилар. Олий маъҳадда 15 нафар эркаклар ҳамда 45 нафар аёл-қизлардан иборат битирувчиларга сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди.

Қуръон тиловати билан бошланган тадбирни “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси бўлим бошлиғи М-А.Шокиров кириш сўзи билан очиб берди. Тадбирда ТИИ ректори У.Ғафуров, проректор У.Ходжаев, Таҳфизул Қуръон кафедраси мудири Ж.Неъматов, курс ўқитувчилари А.Муҳиддинов, М.Боймиров, М.Ниёзалиева ҳамда битирувчилар иштирок этди.

Маросимда битирувчиларни табриклаб, курс фаолияти, Қуръон таълими ва ўрганувчиларнинг фазилати, масъулияти ҳақида У.Ғафуров ҳамда Ж.Неъматов маълумот берди.

Шу билан бирга, тингловчилардан ёши улуғ нуроний отахон ва онахонлар сўзга чиқиб, “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси ташкилотчилари ва раҳбариятига ўз ташаккурларини изҳор қилдилар. Битирувчилар олган илмларини Аллоҳнинг каломини тиловат қилишга ҳамда фарзандлари ва набираларига ҳам имкон қадар ўргатишга Аллоҳ тавфиқ бергани учун шукр қилиб, бу савобли ишга сабабчи бўлган курс устозлари ҳақига дуои хайрлар қилдилар. Эътиборлиси, битирувчилар орасида 84 ёшли онахон ҳам бор бўлиб, онахонни Аллоҳнинг каломини ўрганишга бўлган иштиёқини барчага намуна қилса бўлади.

Курс битирувчилари шогирд сифатида ўрганган илмларини намоён қилиш мақсадида устозлар ҳузурида Қуръон тиловат қилдилар.

Тадбир якунида битирувчиларга “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсида ўқигани тўғрисидаги сертификат топширилди. Ёдда сақлаш керакки, мазкур сертификат таълим бериш ҳуқуқини бермайди.

Шунингдек, 3 ой мобайнидан тингловчиларга дарс берган М.Боймиров, М.Ниёзалиевага ҳам эсдалик совғалари топширилди. Тадбир якунида бир нечта қироат ижозаси соҳиби Жаҳонгир қори Неъматов устоз-шогирдлик ила ўрганиб келинаётган Қуръони карим қироати илмини давомчилари сифатида мазкур битирувчилар ҳақига Аллоҳдан барака сўраб дуо қилди.

Маълумот учун, Тошкент ислом институтида Қуръони карим ва тажвид ўқув курси 2018 йилдан буён фаолият юритмоқда.

18 ёшдан юқори бўлган Ўзбекистон фуқаролари курс навбатига ёзилиш учун ҳар шанба, соат 09:00-14:00 гача паспорт нусхаси ва 4 дона 3х4 фотосурат билан Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Ҳазрати Имом мажмуасида жойлашган Олий маъҳад биносига ташриф буюришлари лозим.

Ўқув курси 3 ой давом этиб, навбати келган эркаклар ва аёл-қизларнинг 90 нафари гуруҳларга бўлинган ҳолда Тошкент ислом институтининг тажрибали қори устозларидан Қуръони карим ва тажвид бўйича сабоқ оладилар.

Ўзбекистон бўйлаб 3 та олий, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаларида ва 5 та илмий мактабда, жами 18 та жойда Қуръони карим ва тажвид ўқув курси фаолият юритаётган эди, эндиликда эса Тошкент ислом институти қошидаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсининг 6 та филиали пойтахт ва вилоятларда очилди.

22 та жойдаги ўқув курсларида бир вақтнинг ўзида 1320 нафар Қуръон ихлосмандлари таълим олмоқда.

Тошкент ислом институти қошидаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсининг пойтахт ҳамда вилоятлардаги филиаллари:

1.Ўзбекистон халқаро ислом Академияси (ЎзХИА). Манзили: Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, А.Қодирий кўчаси, 11 уй. Тел.: (99) 906-87-27;

2.Жиззах вилояти вакиллиги. Манзили: Жиззах шаҳри, Ўратепалик маҳалласи, Ўратепалик кўчаси. Тел.: (97) 325-72-43;

3.Жиззах вилояти вакиллиги. Манзили: Зомин тумани, Ш.Насриддинов кўчаси. Тел.: (97) 328-63-40

4.Қашқадарё вилояти вакиллиги. Манзили: Қарши шаҳри, Қаллиқ Боғобод маҳалласи, Насаф кўчаси, 274-уй. Тел.: (91) 222-03-03;

5.Фарғона вилоят вакиллиги. Манзили: Фарғона шаҳри, Ал-Фарғоний кўчаси, 177-уй. Тел.: (90) 272-60-06;

6.Фарғона вилоят вакиллиги. Манзили: Бувайда тумани, Пошшопирим қишлоғи, Шукрона кўчаси, 1-уй. Тел.: (93) 975-15-82.

ТИИ Матбуот хизмати

269900cookie-check“Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсининг 17-давра битирувчиларига сертификат топширилди
1 та фикр мавжуд
  1. Ассалому алайкум варахматуллохи вабарокатуху, Машааллох зур булипти,жуда хурсанд булдим,мен хам К,урон укийман Алхамдулиллах аммо тажвидимда бироз хатолар бор, мен хам шу курсга бориб тажвидимни мукаммал килиб тугрилаб олсам деб орзу киламан, бирок имконим юк,бизни Самарканд вилоятида хам шундай курслар очилса жуда хам яхши булардида, кани эди шу фикримни кимдир инобатга олса эди,ха майли Иншааллох бизга хам шундай кунлар насиб этсин, Аллохим ишларингизга ривож ва барокатлар берсин

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: