islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ҚУРЪОНИ КАРИМ МУСОБАҚАСИНИНГ АҲАМИЯТИ

Оламларга хушхабар берувчи ҳамда огоҳлантирувчи бўлиши учун пайғамбарлар сўнгисига Қуръонни нозил қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Оламларга раҳмат этиб юборилган, унга Қуръон нозил қилинган набийимиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг саҳобаларига салавоту саломл аримиз бўлсин!

Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломи бўлгани учун у энг улуғ ва энг шарафли каломдир. Шунга кўра уни улуғлаб ёд олган бандалар ҳам умматнинг энг шарафли ва энг улуғ кишилари ҳисобланади. Хусусан, Қуръон одоби билан зийнатланган қорилар Аллоҳ таолонинг ер юзидаги аҳли ва хос бандалари бўлиш шарафига эришадилар. Бу ҳақида ҳадиси шарифда қуйидагича хабар берилган:

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ учун инсонлардан аҳллар бордир”, дедилар. Шунда: “Эй Аллоҳнинг расули, улар кимлар?”-дейишди. У зот: “Улар Қуръон аҳли, (улар) Аллоҳнинг аҳли ва хос (банда)ларидир”, дедилар”. Ибн Можа ривоят қилган.

Ушбу ҳадисдаги “Аллоҳнинг аҳли” деган сўздан банда ўз аҳлини ҳимоя қилганидек, Аллоҳ таоло ҳам Қуръон аҳлини ҳимоя қилади, уларни раҳматига олади ва уларни яхши кўради маънолари тушунилади. Ҳа, Қуръон аҳли бўлиш ана шундай улуғ мақомдир.

Қуръони карим нозил қилинишидан асл мақсад бандаларни ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишлари ва ҳаётларини Роббилари кўрсатганидек ўтказишларини таълим бериш билан бирга уни кеча-ю кундуз тиловат қилиб, Аллоҳ таолога севимли бандага айланишлари учундир. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг каломини тиловат қиладиган бандаларини қуйидагича мадҳ этган:

«Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар» (Фурқон сураси, 29-оят).

Қуръони каримнинг нозил қилиниши бандалар учун бир неъмат бўлса, уни Аллоҳ таолонинг Ўзи муҳофаза қилиши яна бир неъматдир. Бу ҳақида Қуръони каримда қуйидагича хабар берилган:

«Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз» (Ҳижр сураси, 9-оят).

Қуръони каримнинг тиловати, ёд олиниши ҳамда ундан насиҳатланиш осон қилиб қўйилгани – уни нозил қилинганидек сақлаш воситаларидан бири ҳисобланади. Бу ҳақиқат Қуръони каримда қуйидагича баён қилинган:

 “Ҳақиқатан, Биз Қуръонни зикр (эслатма) учун осон қилиб қўйдик. Бас, эслатма олувчи борми?!” (Қамар сураси, 9-оят)

Шу маънода Аллоҳ таоло юртимиз раҳбарини, уламоларимизни Қуръони каримга эътиборли ва эҳтиромли қилиб қўйганини ҳам Қуръони каримни муҳофаза қилиш воситаларидан биридир дейишимиз мумкин.

Юртимизда Қуръон мусобақаси ўтказилаётгани, Қуръон ҳофизларининг моддий ва маънавий равишда рағбатлантирилаётгани ва бу билан уларни янада астойдил бўлишга ундалаётгани буларнинг барчаси Қуръони каримга бўлган раҳбарларимизнинг эҳтиромидир десак, муболаға қилган бўлмаймиз.

Қуръони каримга бўлган ушбу эътибор давлатимизнинг шаънига шаън, шавкатига шавкат қўшиши тайиндир.

Ушбу мусобақасининг бошқа мусобақаларга нисбатан фарқли жиҳати шуки, бу мусобақа башариятга нозил қилинган самовий китобларнинг энг афзали ва энг охиргиси бўлмиш Аллоҳнинг каломи Қуръони карим борасида бўлиб ўтадиган мусобақадир.

Бу мусобақанинг аҳамияти шунчалар улуғки, у эртанги кунимизнинг таянчи бўлган ёшларимизнинг тарбиясига, ахлоқининг сайқалланишига, ўзаро иноқликда бир бирига ёрдамчи бўлган ҳолда ҳаёт кечиришларига сабаб бўладиган Китобни ўқиш ва уни ёдлаш мусобақасидир. Зеро бу улуғ Китоб ҳақида уни нозил қилган Зотнинг Ўзи бундай хабар берган:

Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берур(Исро сураси, 9-оят).

Қуръони каримни тўғри тиловат қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир. Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:

“Энди Қуръондан муяссар бўлган даражада ўқинглар”. (Муззаммил сураси, 20-оят).

Яна бир оятда эса қуйидагича марҳамат қилинган:

… ва Қуръонни тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг (Муззаммил сураси, 4-оят).

Тартил билан тиловат қилиш – Қуръони каримни шошмасдан, ҳар бир ҳарфлари ва лафзларининг ҳаққини адо қилган ҳолда тиловат қоидаларига риоя қилиб ўқишдир.

Қуръоннинг қироати ўта муҳимлигидан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳар йили Жаброил фариштага Қуръонни ўқиб бериб, ўтказиб турганлар. Ҳадиси шарифда бундай хабар берилган:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Жаброил алайҳиссалом Рамазоннинг ҳар кечасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан учрашиб, Қуръонни бир бирларига ўзаро ўқиб берар эдилар”. Бухорий ривоят қилган.

Бу ҳадис шарҳида уламолар қуйидагиларни айтганлар: Жаброил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан дарс қилишининг фойдаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни тажвид билан ўқишни ва ҳарфларини ўз махражларидан чиқаришни ўргатиш ҳамда умматга Қуръонни устоздан оғизма-оғиз ўтказиб олиш лозим эканини билдириш учун бўлган. Чунки Қуръон мустақил ўрганиб олинадиган китоб эмас. Балки шогирд устоздан оғизма-оғиз таълим олиб ўрганиши фарз бўлган китобдир.

Ҳар бир мусулмон киши Қуръон ўқишни билиши зарур бўлгани учун балоғатга етмаган ёш болаларга Қуръони каримни таҳоратсиз ушлашга ҳам рухсат берилган. Бунинг сабаби агар Қуръон ёдлаётган ёш болалар ҳам таҳоратга буюриладиган бўлса, улар таҳорат қилишга малолланиб, Қуръон ўқишдан тўсилиб қолади. Ҳа, Қуръонни ёдлаш ўта аҳамиятли бўлгани боис болалар ундан узоқлашиб кетмасликлари учун динимиз ёш болаларга Қуръонни таҳоратсиз ушлашга рухсат берган.

Маълумки, Қуръон қироати намознинг рукни ҳисобланади. Шунинг учун намоз қироатида йўл қўйилган баъзи бир хатолар сабабли намоз бузилади. Айрим намозхонларнинг қироат ва баъзи намоз зикрларини тўғри талаффуз қила олмасликлари ҳамда уни ўрганиб олишга ҳам бепарволиклари оғриқли нуқталаримиздан биридир.

Шунинг учун Қуръони каримни ўрганган ва ўзгаларга ҳам ўргатадиганлар энг афзал бандалар саналадилар. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни ўргатганингиздир”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.

Шунинг учун Қуръонни ўрганишга уни ўзгаларга ўргатишга энг муҳими унга муҳаббат уйғотишга имкон қадар ҳаракат қилмоғимиз лозимдир.

Қуръони каримни тўғри тиловат қилишни ўрганиш халқимизнинг доимий орзуси бўлиб келган. Яқин кунларда ушбу орзу ҳам ушалиб масжид ва мадрасаларимизда Қуръони каримни тажвид билан ўқишни ўргатадиган ўқув курслари ташкил қилинишни умид қиламиз.

Қуръони карим мусобақасининг фойдалари жуда ҳам кўпдир. Бу мусобақа туфайли халқимизнинг Қуръонга бўлган муҳаббати зиёда бўлади, уларни Қуръон ёдлашга тарғиб қилади, ёш авлоднинг ахлоқини энг гўзал ахлоқ билан, яъни Қуръони карим ахлоқи билан зийнатланишига сабаб бўлади.

Юртимизда ўтказилаётган Қуръон мусобақаси барокатидан Аллоҳ таоло юртимизни тинч омон қилсин! Мусобақага ташаббус кўрсатган, уни ташкиллаштирган, унга хайрихоҳ бўлиб турган барча раҳбарларимиз ҳамда уламоларимизга доимо Аллоҳ таолонинг офиятида бўлишларини сўраймиз.  Аллоҳ таоло уларни дунё ва охират саодатига муваффақ қилсин!

Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ

Тошкент ислом институти ўқитувчиси,

“Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом ноиби

27300cookie-checkҚУРЪОНИ КАРИМ МУСОБАҚАСИНИНГ АҲАМИЯТИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: