islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аллоҳ таоло ўз жонига қасд қилганни кечирадими?

Аллоҳ таоло мусулмонни нафақат бошқа одамларга, балки ўзига ҳам зарар ва захмат етказишдан қайтарган.

❌ Аллоҳ таоло инсоннинг ўз жонига қасд қилишини ва ўлимга олиб борувчи барча нарсаларни ҳаром қилган.

Аллоҳ таоло: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара, 195).

…Ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо, 29).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки тоғ тепасидан ўзини ташлаб ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хилда азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади” (Бухорий ривояти).

❗️ Юқорида айтилган далилларга кўра, ўз жонига қасд қилиш ёки соғлиғига зарар етказиш Яратганнинг олдида энг оғир гуноҳ ҳисобланади.
Ҳадисда ўз жонига қасд қилган одамнинг абадий азобланиши айтилган бўлса-да,  уламолар, бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам узоқ муддат азобланишни назарда тутганлар, ўз жонига қасд қилган одам мунофиқ ва кофирлар каби дўзахда абадий қолмайди, деб ҳадисни шарҳлаганлар.
Бунинг далили, ўз жонига қасд қилган одам мусулмончиликдан чиқмайди, иймони бор мусулмон аҳли сунна ва жамоа эътиқодига кўра абадий дўзахда қолмайди!

❗️ Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

إِنَّ ٱللَّهَ لَا يَغۡفِرُ أَن يُشۡرَكَ بِهِۦ وَيَغۡفِرُ مَا دُونَ ذَٰلِكَ لِمَن يَشَآءُۚ وَمَن يُشۡرِكۡ بِٱللَّهِ فَقَدِ ٱفۡتَرَىٰٓ إِثۡمًا عَظِيمًا
[سُورَةُ النِّسَاءِ: ٤٨]

“Албатта, Аллоҳ Ўзига шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур. Ким Аллоҳга шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди” (Нисо, 48).

Шундай экан, Аллоҳ таоло ўз жонига қасд қилган мусулмонни кечиришига умид қилинади!

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

273120cookie-checkАллоҳ таоло ўз жонига қасд қилганни кечирадими?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: