Иймон калималари ҳар бир мўмин киши билиши ва уларнинг маъноларига эътиқод қилиши зарур бўлган калималар ҳисобланади. Қуйида ушбу калималарнинг таржималари ва қисқача изоҳлари билан танишиб чиқамиз:
كَلِمَةٌ طَيِّبَةٌ
Ёқимли калима
لاَ اِلَهَ اِلاَّ اللهُ مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللهِ
Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир.
Изоҳ: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир деган сўздан У зотдан бошқа ибодат қилинишга ҳақли зот йўқдир, деган маъно тушунилади. Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир, деган сўздан қуйидаги маънолар тушунилади:
- Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг танлаб олган бандаси;
- Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбарларнинг сўнгиси.
كَلِمَةُ الشَّهَادَةِ
Гувоҳлик бериш калимаси
اَشْهَدُ اَنْ لاَ اِلَهَ اِلاَّ اللهُ وَ اَشْهَدُ اَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ
Гувоҳлик бераман албатта Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир, яна гувоҳлик бераман албатта Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир.
Изоҳ: ушбу калималар айтувчисининг мусулмонлигига гувоҳлик берувчи калималар ҳисобланади.
كَلِمَةُ التَّوْحِيدِ
Тавҳид калимаси
اَشْهَدُ اَنْ لاَ اِلَهَ اِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ يُحْيِى وَيُمِيتُ وَهُوَ حَىٌّ لاَ يَمُوتُ بِيَدِهِ الْخَيْرُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
Албатта Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, Унинг якка-ю ягоналигига, шериги йўқлигига гувоҳлик бераман, мулк ҳам ҳамду-сано ҳам Уникидир. Тирилтирадиган ҳам ўлдирадиган ҳам Удир. У ҳеч қачон ўлмайдиган доимий тирикдир. Бахт-саодат Унинг қўлидадир. У барча нарсага қодирдир.
Изоҳ: Тавҳид сўзи луғатда “яккалаш” яъни бир нарсага яккаю ёлғизлик нисбатини бериш ва унинг кўп ададда эканини инкор қилиш маъъноларини англатади. Истилоҳда эса “Абадий барҳаёт Зотнинг якка-ю яноналигини тасдиқлаш – тавҳид деб аталади”. Тавҳид Исломнинг шиори ҳисобланади.
كَلِمَةُ رَدِّ الْكُفْرِ
Куфрни рад этиш калимаси
اَللَّهُمَّ اِنِّى اَعُوذُ بِكَ مِنْ اَنْ اُشْرِكَ بِكَ شَيْأً وَ اَنَا اَعْلَمُ وَ اَسْتَغْفِرُكَ لِمَا لاَ اَعْلَمُ اِنَّكَ اَنْتَ عَلاَّمُ الْغُيُبِ
Эй Аллоҳим, Сендан ўзим билиб туриб бирор нарсани Сенга шерик қилиб қўйишимдан паноҳ сўрайман. Билмаган нарсаларимдан эса мени кечиришингни сўрайман. Албатта Сен барча нарсаларни билгувчи Зотсан.
Изоҳ: Ширк луғатда “шерик қилиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса “Аллоҳ таолонинг Зотида, ё сифатларида, ё феълларида, ё исмларида, ё ҳукмларида У зотга ўзгани тенг қилиш ширк келтириш дейилади”. Ширкнинг катта ва кичик турлари бор.
Мазкур “куфрни рад этиш калимаси”ни ихлос билан такрорлаб юрган мўмин кишига катта ва кичик ширклардан халос бўлиш ваъдаси берилган.
كَلِمَةُ الاِسْتِغْفَارِ
Мағфират сўраш калимаси
اَسْتَغْفِرُ اللهَ اَسْتَغْفِرُ اللهَ اَسْتَغْفِرُ اللهَ تَعَالَى مِنْ كُلِّ ذَنْبٍ اَذْنَبْتُهُ عَمْدًا اَوْ خَطَأً سِرًا اَوْ عَلاَنِيَةً وَ اَتُوبُ اِلَيْهِ مِنَ الذَّنْبِ الَّذِى اَعْلَمُ وَ مِنَ الذَّنْبِ الَّذِى لاَ اَعْلَمُ اِنَّكَ اَنْتَ عَلاَّمُ الْغُيُوبِ
Аллоҳдан мағфират сўрайман, Аллоҳдан мағфират сўрайман, Аллоҳ таолодан барча қасддан қилган гуноҳларимни ҳам ёки билмасдан қилиб қўйган яширин ва ошкора гуноҳларимни ҳам кечиришини сўрайман. Унга биладиган гуноҳларимдан ҳам, билмайдиган гуноҳларимдан ҳам тавба қиламан. (Эй Аллоҳим) Албатта Сен барча ғайбларни билгувчи Зотсан.
Изоҳ: Ихлос билан “астағфируллоҳ” дейиш Аллоҳдан мағфират сўраш ҳисобланади. Аммо баъзи уламолар мазкур калималарни ҳам қўшиб айтишни афзал санаганлар.
كَلِمَةُ التَّمْجِيدِ
Улуғлаш калимаси
سُبْحَانَ اللهِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ وَلاَ اِلَهَ اِلاَّ اللهُ وَ اللهُ اَكْبَرُ لاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ اِلاَّ بِاللهِ الْعَلِىِّ الْعَظِيمِ مَا شَاءَ اللهُ كَانَ وَمَا لَمْ يَشَأْ لَمْ يَكُنْ اَلاِيْمَانُ اِقْرَارٌ بِاللِّسَانِ وَتَصْدِيقٌ بِالْقَلْبِ بِمَا جَاءَ بِهِ مِنْ عِنْدِ اللهِ مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
Аллоҳни поклаб ёд этаман, ҳамду-сано Аллоҳгадир, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир, Аллоҳ буюкдир, куч ҳам қувват ҳам олий ва улуғ бўлган Аллоҳ ёрдами биландир. Аллоҳ таолонинг хоҳлагани бўлган, хоҳламагани бўлмаган. Иймон – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келтирган нарсани тил билан ифодалаш ва қалб билан тасдиқлашдир.
Изоҳ: Яъни маъсиятдан сақланиш ҳам, ибодат қилиш ҳам Аллоҳ таолонинг ёрдами билан амалга ошади.
Қалбан ишониш тасдиқлаш дейилади. Қалбий ишонч бандаларга яширин бўлгани сабабли унга далолат қиладиган бирор аломат зарур бўлади. Шунга кўра дунёда мўмин ҳисобланиш учун қалбий тасдиқни тил билан ифодалаш шарт қилиб қўйилган.
اِيْمَانٌ مُجْمَلٌ
Умумий иймон
آمَنْتُ بِاللهِ كَمَا هُوَ بِاَسْمَائِهِ وَصِفَاتِهِ وَقَبِلْتُ جَمِيعَ اَحْكَامِهِ
Аллоҳга Унинг исмлари ва сифатлари қандай бўлса худди шундай иймон келтирдим, ҳамда Унинг барча ҳукмларини қабул қилдим.
Изоҳ: Иймони мужмал деганда қатъий ишонилиши лозим бўлган калималарнинг қисқа ва лўндаси тушунилади. Кимга тавҳид илмининг дақиқ жойларидан бирор нарса мушкул келиб қолса дарҳол ушбу калималарни ихлос билан ўқиши ва зудлик билан уни биладиган кишидан сўраб олиши лозим бўлади.
اِيْمَانٌ مُفَصَّلٌ
Батафсил иймон
آمَنْتُ بِاللهِ وَ مَلآئِكَتِهِ وَ كُتُبِهِ وَ رُسُلِهِ وَ الْيَوْمِ الآخِرِ وَ الْقَدَرِ خَيْرِهِ وَ شَرِّهِ مِنَ اللهِ تَعَالَى وَ الْبَعْثِ بَعْدَ الْمَوْتِ
Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига, ўлгандан сўнг қайта тирилишга иймон келтирдим.
Изоҳ: Иймони муфассал деганда мўмин кишининг қатъий ишониши лозим бўлган нарсаларнинг асослари тушунилади.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси
Абдулқодир Абдур Раҳим