islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ражаб ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳижрий – қамарий тақвимнинг еттинчи ойи Ражаб бўлиб, у ҳаром ойларнинг биридир. Бу муборак ойга боғлиқ бир неча маълумотлар бор. Уларнинг баъзилари мазкур ойнинг ҳаром ойлардан бири эканини баён этади.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул-Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг», деган (2-оят).
Оятдаги «ҳаром ой»дан мурод Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррам ойларидир. Бу ойларда уруш қилишни Аллоҳ таоло ҳаром қилган. Мазкур тўрт ойда агар уруш қилинса, Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартириб, ҳаром нарсани ҳалол ҳисоблаш бўлади. Бинобарин, бу катта гуноҳдир.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида яна: «Аллоҳ Каъбани–Байтул-Ҳаромни, ҳаром ойни, ҳадийни ва осиладиган белгиларни одамлар учун асос қилиб қўйди», деган (97-оят).
Уламоларимиз, ояти кариманинг ушбу жумласини динга ва ҳаж ибодатларига асос қилиб қўйди, деган маънода таъвил қиладилар. Ҳақиқатда ҳам Ислом дини асослари, ҳаж ибодати Маккаи мукаррамага, ҳарамга, Каъбага чамбарчас боғлиқдир.
Ҳаром ойни асос қилиб қўйишига келсак, буни уруш ҳаром қилинган ойлар–Зул-қаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларини яхшилик асоси қилиб қўйилиши деб тушуниш керак. Бу ойларда жоҳилият вақтида ҳам урушлар таққа-тақ тўхтаган. Арзимаган нарса учун ўн йиллаб уруш қиладиган баджаҳл араб қабилалари ҳам бу ойлар кириши билан ўзларини тия олар эдилар. Ўғил отасининг қотилини кўриб қолса ҳам, унга бу ойларда бир оғиз сўз айтмас эди.
Бир йилда тўрт ойни урушсиз ой деб эълон қилиш бутун дунё тинчлигини кўзлаб қўйилган ажойиб асос эди. Ҳарамайни шарифайн макон жиҳатидан тинчлик-омонлик минтақаси бўлса, уруш ҳаром қилинган тўрт ой замон жиҳатидан тинчлик-омонлик даври эди.
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳажларида хутба қилиб:
«Албатта, замон Аллоҳ осмонлару ерни халқ қилган кунидаги ҳайъатига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром ойлардир. Учтаси бирин кетин; Зул қаъда, Зул ҳижжа ва Муҳаррам. Ва Жумади ва Шаъбон орасидаги Музарнинг Ражаби», дедилар».
Учовлари ривоят қилган.
Бу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажида ҳайит куни қилган хутбаларидан бир парча келтирилмоқда.
Ражаб ойининг ҳаром ойлардан бўлгани учун унда нафл рўза тутиш кўп савобга эга бўлишнинг йўлларидан бири ҳисобланади.

РАЖАБ РЎЗАСИ

Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: «Саъид ибн Жубайрдан Ражаб ойида турганимизда Ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: «Ибн Аббоснинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик», деяётганини эшитганман», деди».
Усмон ибн Ҳаким Саъид ибн Жубайрдан Ражаб ойи рўзаси ҳақида сўраса ҳам, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари ҳақида жавоб берганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида сурункасига рўза тутар эдилар, ҳатто кишилар у киши оғизларини очмаслар керак, деб ўйлаб қолишарди. Го-ҳида эса, сурункали оғизлари очиқ юрганларидан кишилар энди рўза тутмасалар керак, деб ўйлаб қолишар эди. Ражаб ойда ҳам шундоқ бўлар эди.
Мужийба ал-Боҳилийя розияллоҳу анҳодан, у киши ўз оталари ёки амакиларидан ривоят қилади: «Албатта у (отаси ёки амакиси) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борибди. Сўнгра эса бир йилдан кейин яна ҳолати ва кўриниши ўзгарган ҳолда келибди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мени танимаяпсизми?», дебди.
«Сени нима ўзгартирди? Чиройли кўринишда эдинг?», дедилар.
«Сиздан ажраганимдан сўнг фақат кечасигина таом едим», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Нима учун ўзингни азобга солдинг?», дедилар-да, сўнгра:
«Сабр ойи рўзасини тут ва ҳар ойдан бир кун тут», дедилар.
«Бир оз зиёда қилинг, менинг қувватим бор», деди.
«Икки кундан рўза тут», дедилар.
«Бир оз зиёда қилинг», деди.
«Уч кундан рўза тут», дедилар.
«Бир оз зиёда қилинг», деди.
«Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини буклаб-ёзиб кўрсатдилар
». Абу Довуд, Аҳмад ва Насаий ривоят қилган.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Йил бўйи рўза тутиш шариатга тўғри келмаслиги, ўзини ўзи азоблаш эканлиги.
  2. Нафл рўза тутмоқчи бўлган одам Рамазондан бошқа ойларда бир кундан, икки ёки уч кундан тутса бўлиши.
  3. Агар мазкур миқдорни ҳам оз деб, билса ашҳурул ҳурумда-ҳаром ойларда уч кун-уч кундан тутса яхши бўлиши. Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бўлганидан унда нафл рўза тутиш афзалдир.

Демак, Ражаб ойида нафл рўза тутиш савобли иш ҳисобланади. Иложини топган кишилар бу ойда нафл рўза тутсалар яхши бўлиши аниқ.
Машҳур «Саҳиҳ» китобларидан бошқа ҳадис китобларида келтирилган ривоятларда Ражаб ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган. Аммо саҳиҳ бўлмаган бу ривоятларда ҳаддан ташқари тарғибот борлиги ҳам унутилмаслиги лозим.
Жоҳилият даврида Ражаб ойида алоҳида қурбонлик сўйиш одати бор эди. Ислом шариати бу нарсани бекор қилди.

ФАРАЪ ВА АТИЙРА

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фараъ ҳам, атийра ҳам йўқ», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
«Фараъ» туянинг биринчи туққан боласини санамларга сўйиш. Бу билан жоҳилият аҳли санамларни улуғлашар, улардан туянинг кейинги болалари кўп ва баракали бўлишини тилашар эди. Тўғрироғи, агар шундоқ қилсак буту-санамлар биздан рози бўлиб ишларимиз юришиб кетади, деб эътиқод қилишар эди.
Ислом барча жоҳилий ҳукм, қоида, урф-одатларни тузатиб келароқ ушбу нотўғри одатнинг ҳам ботил эканини эълон қилди.
«Атийра» Ражаб ойини улуғлаш учун сўйиладиган ҳайвондир. Ислом бу ишнинг ҳам ботиллигини эълон қилди.
Нубайша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб:
«Биз жоҳилиятда Ражабда атийра сўяр эдик, бизни нимага амр қиласиз?», деди.
«Аллоҳ йўлида қайси ойда бўлса ҳам сўяверинглар. Аллоҳ учун яхшилик қилинглар. Таомлантиринглар!» дедилар. Ҳалиги одам:
«Биз жоҳилиятда фараъ сўяр эдик, бизни нимага амр қиласиз?» деди.
«Ҳар бир «соима»да бир фараъ бор. Уни поданг ғизолантириб туради. Қачон баркамол туя бўлганида, уни сўйиб, гўштини кўча фарзандига садақа қиласан. Ана ўша яхшидир», дедилар
». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Нубайша розияллоҳу анҳу ривоят қилаётган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига савол орқали мурожаат қилган саҳобий розияллоҳу анҳу билан олиб борган суҳбатларидан жоҳилиятнинг икки ботил одати қандоқ қилиб исломийлаштирилганини билиб оламиз.
Ислом янги вақтида кишилар ҳаётига аста-секин, поғонама-поғона кириб кела бошлагани ҳаммамизга маълум. Аввал эътиқодга оид масалалар муолажа қилинди. Кейинроқ ахлоқ-одоб ишлари йўлга қўйила бошлади. Ундан сўнг биз ўрганаётганимиз каби баъзи урф-одатларни тўғрилаш бошланди.
Энди саҳобийлар ҳам ҳар бир нарса исломий бўлиши кераклигини англаб етган эдилар. Энди улар оят нозил бўлишини ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари баён қилишларини кутмай, ўз фаросатлари билан ҳам жоҳилиятнинг қонун-қоидаларини қандоқ ўзгартишни ўйлаб қолган эдилар.
Жоҳилият одати бўйича қадимдан амал қилиб келинаётган «атийра» ва «фараъ» одатлари ҳам кишиларни ташвишга солиб қўйган эди. Улар иш бундоқ давом этиши мумкин эмаслигини, бу жоҳилий одатлар ботил қилиниши лозимлигини тушуниб етган эдилар. Ана шундоқ бир пайтда:
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб:
«Биз жоҳилиятда Ражабда атийра сўяр эдик, бизни нимага амр қиласиз?», деди».
Яъни, Исломдан олдинги тузум тақозоси ила Ражаб ойини улуғлаб жонлиқ сўяр эдик. Энди Исломга кириб мусулмон бўлганимиздан кейин бу иш ҳақида қандоқ амр қиласиз?
Бу саволга жавоб тариқасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни баён қилдилар:
«Аллоҳ йўлида қайси ойда бўлса ҳам сўяверинглар. Аллоҳ учун яхшилик қилинглар. Таомлантиринглар!», дедилар
».
Исломда жонлиқ сўйиш фақат Аллоҳнинг йўлида, Аллоҳ учун бўлади. Бас, шундоқ бўлгандан кейин, қайси ойда сўйса ҳам бари-бир. Ражабда бўладими ёки бошқа ойда бўладими, фарқи йўқ. Фақат Аллоҳ учун сўйилиши ва гўшти камбағалларга таом қилиб берилиши керак. Аллоҳдан бошқага атаб сўйилмаслиги, фақат Ражабни улуғлаш учун сўйилмаслиги ва қони бут-санамларга суртилиб, гўшти ташлаб юборилмаслиги керак.
«Биз жоҳилиятда фараъ сўяр эдик, бизни нимага амр қиласиз?»
Исломдан олдин ҳар бир урғочи туянинг биринчи туққан боласини буту-санамларга атаб сўяр эдик. Исломда бу иш жоиз эмаслиги билиниб қолди. Энди нима қилайлик?
«Ҳар бир «соима»да бир фараъ бор. Уни поданг ғизолантириб туради. Қачон баркамол туя бўлганида, уни сўйиб, гўштини кўча фарзандига садақа қиласан. Ана ўша яхшидир».
«Соима» юзта ҳайвон. Демак, Исломда қайси ҳайвон туридан бир кишининг мулки юз донага етса, ўша юзинчисини Аллоҳ учун сўйиб, гўштини «кўча фарзанди»-йўлда оғир иқтисодий ҳолга тушиб қолган инсонга садақа қилинар экан.
Авваллари фақат туянинг боласи сўйилгани учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзларида туяни зикр қилмоқдалар. Юзинчи бўлиб туғилган тева пода ичида юриб озуқаланиб юради. У воя-га етиб, баркамол туя бўлганда, гўштидан кўпчиликка фойда етадиган бўлса, уни Аллоҳ йўлида сўйиб, гўшти фақир-мискинларга садақа қилинади.

manba: islom.uz

275260cookie-checkРажаб ойи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: