Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасида савоб йўллаш ва маййит ҳаққига дуо қилиш таъкидланган:
“Улардан кейин келганлар: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар” (Ҳашр 59 оят).
Ушбу оятда ўтганлар ҳаққига дуо қилишга тарғиб қилинган.
Ўликларга савоб етиб бориши Шариъатда собит амаллардандир.
Молиявий ибодатларнинг савоби етиб боришида уламолар ўртасида ихтилоф йўқ.
Баданий ибодатларда эса Шофеийларда Қуръон тиловатининг савоби етиб бормайди. Бошқа нафл ибодатларнинг савоби етиб боради деганлар.
Жумҳур уламолар эса барча нафл ибодатларни савоби етиб боради деганлар.
Абдуллоҳ ибн Бурайда отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:“Бир вақт мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирган эдим, у зот олдига бир аёл келиб: “Онамга бир жорияни садақа қилган эдим. Онам вафот топди” деди. У зот: “Ажринг вожиб бўлди ва уни мерос сенга қайтарди” дедилар. У (аёл): “Эй, Аллоҳнинг расули унинг зиммасида бир ойнинг рўзаси бор эди. Унинг номидан рўза тутаманми?” деди. У зот: “Унинг номидан рўза тут” дедилар. У (аёл): “У ҳеч ҳаж ҳам қилмаган эди. Унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?” деди. У зот: “Унинг номидан ҳаж қил” дедилар” (Термизий ривояти).
Бу ҳадис баданий ибодат савобини бағишлаш борасидаги аслдир. Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам шунга юрганлар.
Бу ихтилофларни яхшилаб ўрганиб чиққан уламолар, бу борадаги ихтилоф тиловат қилиш ҳаром ёки тўғрилигида эмас, балки савоб маййитга етадими ёки етмайдими борасидадир. Шунинг учун ҳам бу ихтилоф бизларни маййитга Қуръон ўқишимизни тақозо қилади. Чунки савоб гоҳо етиб, гоҳо етиб бормаса ҳам ўтган яқинларига мушфиқ бўлган киши доимо тиловат қилгандан кегин савобини ўтганларга бағшида қилаверари, савоби етса яхши, етмаса тиловатини савобини олаверади дейдилар.
Қуръони каримни тиловат қилиб савобини йўллаш борасида аксарият улуғлар айтадиларки, ҳар ким ўз уйида имкониятига қараб тиловат қилиб савобини бағишлагани афзал ва авлодир. Жамоат орасида Қуръони каримни тиловат қилиб, савобини бағишлашда аксарият ўринда маййит аҳлига ўзини кўрсатиш бўлади ва бунда холислик камроқдир.
Мухитдинов Алишер, ТИИ 4-курс талабаси.