islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

БАНДАЛАР АМАЛИ

Аллоҳ таоло жаннатга кирадиганлар, дўзахга тушадиган сонини азалдан билган. Ўша сондан ортмайди ҳам, камаймайди ҳам. Шунингдек, уларнинг амалларини, нима иш қилишларини ҳам азалдан билган. Яъни, жаннатийлар аҳли жаннат амалини қилишлари, дўзахийлар аҳли жаҳаннам амалини қилишлари Аллоҳга аён.

Қуръони каримда шундай дейилган:

وَالَّذِينَ آَمَنُوا مِنْ بَعْدُ وَهَاجَرُوا وَجَاهَدُوا مَعَكُمْ فَأُولَئِكَ مِنْكُمْ وَأُولُو الْأَرْحَامِ بَعْضُهُمْ أَوْلَى بِبَعْضٍ فِي كِتَابِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ 

“Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир” (“Анфол” сураси, 75оят).

Бошқа ўринда айтилади:

 

هُوَ الَّذِي خَلَقَكُمْ فَمِنْكُمْ كَافِرٌ وَمِنْكُمْ مُؤْمِنٌ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرٌ 

 

“У сизларни яратган Зотдир. Бас, сиздан кофир бор, мўмин бор. Аллоҳ нима амал қилаётганингизни кўриб турувчидир” (“Тағобун” сураси, 2оят).

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Сизлардан бирон яратилган жон йўқки, Аллоҳ унинг жаннатдаги ёки дўзахдаги ўрнини, саодатмандлиги ёки бахтсизлигини ёзмаган бўлса, – дедилар. Шунда бир киши:

– Эй Расулуллоҳ, битигимизга (яъни, ёзилган тақдиримизга) таяниб, амални тарк этаверайликми? Орамиздан ким саодат аҳлидан бўлса, саодат аҳли амали томон боради, ким бахтсиз бўлса, бахтсизлар амали томон боради-ку? – деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича жавоб бердилар:

– Ким саодатмандлардан бўлса, саодатмандлар амалига қараб боради. Ким бахтсизлардан бўлса, бахтсизлар амалига қараб боради (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло ҳар бир одамга азалдан у бажаришини билган ишларни осон қилиб қўяди. Гўё у ўшалар учун яратилгандек, Аллоҳ ўша амалларни адо этишни бандага енгил қилади.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади “Ҳамма ўзи учун яратилган нарсага муяссардир” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Амаллар хотимасига қараб эътиборга олинади. Агар киши умри охирида аҳли жаннат амалини қилган бўлса, аҳли жаннатдан бўлади. Агар аҳли жаҳаннам амалини қилган бўлса, дўзах аҳлидан бўлади.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади “Албатта, бир киши одамлар наздида жаннат аҳли амалини қилади. Ҳолбуки, ўзи дўзах аҳлидан бўлади. Албатта, бир киши одамлар наздида дўзах аҳли амалини қилади. Ҳолбуки, ўзи жаннат аҳлидан бўлади” (Бухорий ва Муслим ривояти. Бухорий “Албатта, амаллар хотимасига қараб (эътиборга олинади)” деган жумлани зиёда қилган).__

 

Имом Бухорий номли Тошкент Ислом Институти

4-курс талабаси Саидханбалева Робия

278910cookie-checkБАНДАЛАР АМАЛИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: