МУНОСАБАТ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори миллий-маънавий меросимизни тиклаш ва халқаро миқёсда тарғиб этиш, буюк аллома ва мутафаккир аждодларимиз томонидан битилган минглаб ноёб асарларни тўплаш, ўрганиш, хорижий ҳамкорлар билан биргаликда улар тадқиқ этиши учун янги имкониятлар эшигини очиб берди.
Кейинги йилларда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилгани ва изчил фаолият юритаётгани таҳсинга сазовор. Мамлакатимиздаги бундай хайрли тадбирлар халқаро жамоатчиликнинг ҳам эътирофини қозонмоқда. Янги қарор билан эса бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаядиган бўлди.
Қарорда кўзда тутилганидек, қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестри ташкил этилиб, давлат тасарруфидаги музей, кутубхона ва архив фондлари фаолиятига интеграция қилиниши ҳам ғоят муҳим аҳамиятга эга. Шу пайтгача юртимиздаги ҳар бир илмий-тадқиқот муассасаси муайян маънода мустақил иш юритиб келаётган эди. Тадқиқотлар марказлаштирилган тарзда йўлга қўйиладиган бўлса, параллел, такрорий ишларга ўрин қолмайди, ҳамкорлик ва тажриба алмашуви фаоллашади, турли муассасалар бир-бирининг ёрдами билан ўз қўлёзма фондларини бойитади.
Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида ташкил этилаётган Қадимий ёзма манбаларни консервация ва реставрация қилиш бўйича замонавий лаборатория ана шу хайрли мақсадга хизмат қилади, албатта. У қадимий ёзма манбалар кимёвий, биологик ва бошқа омиллар таъсирида зарарланишининг олдини олиш, превентив ва стабиллаштирувчи консервация ва реставрация қилиш, жилдларни саҳҳофлик ва муқовасозлик анъаналари асосида тиклаш ва таъмирлаш билан шуғулланади.
Мамлакатимиздаги бошқа илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари бу ерда малака ошириши, тажриба алмашиши мумкин. Айрим ташкилотлар, хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ватандошларимиз қўлида сақланаётган қўлёзмаларни тўплаш борасида ҳам фаол ишлар қилмоқда.
Табиийки, бу нодир манбаларнинг ҳаммаси ҳам яхши ҳолатда бўлмайди. Баъзилари шошилинч профессионал реставрацияга, кейинчалик ишончли консервацияга жуда муҳтож бўлади. Мана шундай манбаларни том маънода қутқаришда, келажак авлодлар учун сақлаб қолишда мазкур лаборатория билан ҳамкорлик ғоят муҳим ўрин тутади.
Қарорда мана шу мулоҳазаларнинг ўта зарур мантиқий давоми ўзининг ёрқин ифодасини топган. Жумладан, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Қадимий ёзма манбалар консервацияси ва реставрацияси” йўналишида (бакалавриат) кадрлар тайёрланадиган бўлди. Чунки Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида ташкил этилаётган лабораторияга бериладиган қўлёзмалар жуда кўп бўлиб, у кучли билим ва касб малакасига эга кадрлар билан доимий равишда таъминланиши лозим.
Яна бир жиҳат Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг “Матншунослик ва адабий манбашунослик” ҳамда “Филология ва тилларни ўқитиш (мумтоз тиллар)” бўйича бакалавриат ҳамда магистратура босқичлари талабаларининг ўқув жараёни, амалиёти, диплом иши ва магистрлик диссертациялари ҳимоялари Шарқшунослик институти, Ислом цивилизацияси маркази, Давлат адабиёт музейи ва бошқа қўлёзма фондларида соҳа олимлари иштирокида ўтказилишидир. Зеро, матншунослик ва манбашунослик бевосита ёзма манбалар билан боғлиқ бўлиб, ҳар қандай қўлёзмани тадқиқ этиш учун араб, форс тилларидан, қадимий хат турларидан муайян даражада бохабар бўлишни тақозо қилади. Янги кадрларнинг ўқув ва илмий ишини ҳимоя қилиш жараёнига мутахассис олимлар жалб этилиши уларнинг касбий тайёрлик даражасини ошириш имконини беради. Битирувчилар соҳада фаолият бошлашидан аввал ўз йўналиши бўйича кўникма ва тажриба тўплаб боради. Аниқроғи қоғоз тури ва сифати, уларга ёндашув, ёзув ва сиёҳ турлари бўйича муайян тажрибага эга бўлиб, ишга профессионал ёндашади. Шу сабабли Ўзбекистон халқаро ислом академияси мазкур йўналиш бўйича таянч олий таълим муассасаси этиб белгиланди.
Мазкур академия битирувчилари келажакда ўз касбининг моҳир устаси бўлиб етишиши керак. Чунки бундан буён қўлёзмаларнинг тақдири — реставрацияси, сақланиши ёки консервацияси, тадқиқ қилиниши ва тарғиб этилиши кўп жиҳатдан шу кадрларнинг қандай фаолият юритишига боғлиқ бўлади. Шу боис, қарорда қўлёзмаларни сақлаш ва тадқиқ этиш билан шуғулланувчи илмий ходим ва реставраторлар учун ҳар йили нуфузли хорижий музей, лаборатория ва архив фондларида стажировкалар ташкил этиш кўзда тутилган. Моҳиятан қараганда, бу касб эгалари турли таркибий ва сифат жиҳатларига эга бўлган, турли даврларга мансуб қоғоз, бўёқ ва муқовалар билан ишлайди. Уларнинг айримлари Марказий Осиёда кенг тарқалган бўлса, айримлари бу минтақа учун ноёб ҳисобланади.
Демак, ҳар бир қўлёзмани реставрация қилиш, сақлаш, консервациялаш, тадқиқ этишга алоҳида ёндашув зарур бўлади. Миллий кадрларимизнинг бу борадаги билим, тажриба ва кўникмаларини ошириш учун уларни хорижий илмий муассасаларга юбориш айни муддаодир.
Хорижий мамлакатларга илмий экспедициялар уюштириш орқали юртимиз алломалари ва мутафаккирлари ижодига доир қадимий ёзма манбалар каталоглари ва электрон нусхаларини аниқлаб, уларни таржима қилиш ва илмий муомалага киритиш чоралари кўрилади. Қарорнинг бу банди миллий фондларимизни ҳар томонлама бойитишга хизмат қилади. Албатта, ҳозирги кунда хорижий мамлакатлардан айрим қўлёзмаларнинг каталог ва электрон нусхалари келтирилмоқда. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Миср, Буюк Британия, Туркия каби давлатлардаги фондлардан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби алломаларимизнинг асарларига доир қўлёзмаларнинг каталог ва электрон нусхалари олиб келинган. Эндиликда юртимиздаги барча илмий-тадқиқот муассасаларининг бу борадаги фаолият кўлами янада кенгаяди.
Ҳужжатда таъкидланганидек, УНEСCО, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом олами ташкилоти (ИCEСCО), Ислом тарихи, маданияти ва санъатини тадқиқ этиш маркази (ИРCИCА) каби нуфузли халқаро ташкилотлар ва илмийтадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда анъанавий тарзда қадимий ёзма манбаларни муҳофаза қилиш ва тадқиқ этишнинг долзарб масалаларига бағишланган халқаро конференциялар ташкил этилади. Бу орқали Ўзбекистон фондларида мавжуд бўлмаган, лекин хориждаги кутубхоналар хазиналарида сақланаётган нодир қўлёзмалардан нусха олиш ва миллий фондимизни бойитиш, тегишли меъёрлар асосида сақланмаган қимматли қўлёзмаларни чет эллик тадқиқотчи ва реставраторлар билан биргаликда тиклаш, тадқиқ қилиш ва кенг жамоатчиликка тақдим этиш, умуман, қўлёзмалар билан ишлашда халқаро тажрибани ўрганиш ва ўзлаштириш мумкин бўлади.
Марказий Осиё минтақаси доирасида қўшни давлатлар билан қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш соҳасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масаласи ҳам ғоят долзарбдир. Зеро, минтақамиз мамлакатлари халқлари ўз шахсий, оилавий, сулолавий фондларида кўплаб қўлёзмаларни сақлаб келади. Уларни аниқлаш, нусха олиш, ўрганиш бутун Марказий Осиё минтақасида илмий ҳамкорликни фаоллаштирибгина қолмай, ҳар бир мамлакатда илм одамлари сафини ҳам кенгайтиради. Шубҳа йўқки, қўшнимизда мавжуд бўлмаган манба бизда, Ўзбекистонда мавжуд бўлмагани қўшнимизда мавжуд бўлиши эҳтимоли жуда катта. Шуни инобатга оладиган бўлсак, минтақавий ҳамкорлик ўзаро билим ва тажриба алмашишда, биргаликда кўникмаларимизни мустаҳкамлашда жуда муҳим ўрин тутади.
Ҳужжатга биноан, интернетда юртимиз аллома ва мутафаккирларининг ҳаёти, илмий-маънавий мероси ҳақидаги илмий-маърифий портал ва унинг мобил иловаси ишга туширилади. Бу орқали юзлаб, минглаб олимларимизнинг тадқиқотларини кенг жамоатчиликка етказиш осонлашади, илм-фанга қизиқувчи ҳамюртларимиз ва чет эллик илм ихлосмандлари учун кўплаб қимматли маълумотларга эга бўлиш имкониятлари яратилади.
Президентимизнинг мазкур қарори асрлар давомида турли сиёсий ва ижтимоий омиллар сабабли халқимиз фойдалана олмай келаётган манбаларни яна ҳамюртларимиз ва хорижлик илм шайдолари эътиборига ҳавола этиш имкониятини яратмоқда. Ушбу ҳужжат туфайли эндиликда минглаб ноёб қўлёзмалар янгидан дунё юзини кўришига шубҳа йўқ.
Шовосил Зиёдов, Имом Бухорий халқаро
илмий-тадқиқот маркази директори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022-йил 11-феврал, 31-сон