islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Исломда аёлларнинг даражаси улуғдир

Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсонни ҳам жуфт, яъни эркак ва аёл қилиб яратди (Нисо сураси,1-оят, Қиёмат сураси, 39-оят).

Кишилик жамияти мана шу эркагу аёлдан пайдо бўлиб, унинг бир қисмини аёллар ташкил этар экан, ҳаётда турмуш юмушларининг ярми улар зиммасидадир. Аёл киши ҳаётда онамиз, жуфти ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиз бўлиб яшайди. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, оиламиз соғлом бўлади, демак, жамиятимиз ҳам соғлом бўлади. Чунки келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келадилар. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни кекса онахон-момохонларимиз ўргатадилар. Шундай экан, келажак авлоднинг солиҳ бўлиши бугунги кун аёлларининг солиҳа бўлишига ҳар жиҳатдан боғлиқдир.

Маълумки, Исломдан олдинги жоҳилият араблари орасида ғайриинсоний бир одат авж олган бўлиб, улар қиз фарзанд кўрган кишини масхаралаб, таҳқирлар эдилар. Ҳақоратга чидай олмаган ота норасидани тириклай кўмиб ташлар эди (Наҳл сураси, 58-59-оятлар). Билъакс, Ислом динида аёллар масаласига алоҳида эътибор берилган бўлиб, уларнинг оилада, жамиятда ва умуман, ҳаётда муносиб ўринга эга эканлари баён қилинган. Ушбу юксак эътиборни Қуръони каримдаги бир нечта суранинг аёлларга бағишлангани, уларда аёллар масаласи кўтарилгани, аёлларнинг номи билан номланганида ҳам кўриш мумкин. Аёл киши аввало Она сифатида қадрланади.

Қуръони каримнинг бир нечта оятларида онани эъзозлашга, унинг ҳаққини адо этишга буюрилган (Исро сураси, 23-24- оятлар, Луқмон сураси,15-оят, Аҳқоф сураси,15-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида: «Жаннат оналар оёғи остида», деб марҳамат қилганлар. Ислом таълимотида оилали аёлнинг зиммасига қатор вазифалар юклатилиши билан баробар, оилада унинг ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳам борлиги айтилган (Бақара сураси, 228-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: «Мўминларнинг энг иймони мукаммали – гўзал хулқлисидир. Сизларнинг энг яхшингиз – аҳли аёлига яхши муносабатда бўладиганингиздир», деганлар.

Аллоҳ таолонинг ота-онага берган энг улуғ неъмати фарзанд экан, хусусан, қиз фарзандни гўзал ахлоқ-одобли қилиб вояга 2 етказиш ота-онанинг жаннатий бўлишига сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Кимнинг бир қизи бўлиб, унга чиройли одоб берса, Аллоҳ берган неъматларидан уни ҳам баҳраманд қилса, номаи аъмоли ўнг тарафдан берилишига ва дўзахдан осонгина қутулиб, жаннатга дохил бўлишига сабаб бўлади».

Ислом динида Аллоҳ таолога ибодат қилишдан кейинги биринчи ўринга қўйилган амал силаи раҳм бўлиб, уни энг яқин жигарлардан, яъни оналар, фарзандлар, опа-сингил, амма ва холалардан бошлаш мақсадга мувофиқдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аёллар эркакларнинг ажралмас қисмидирлар», деган ҳадисларига биноан, аёл киши жамиятнинг ажралмас бир бўлаги экан, у ижтимоий ҳаётда ўз мавқеига эга бўлиб, илм олишга, касб-ҳунар қилишга ҳақлидир (Нисо сураси, 32-оят).

Юқорида кўриб ўтдикки, динимиз аёлларни мўътабар инсон деб билиб, уларнинг қадр-қийматини ниҳоятда юқори баҳолаган. Шунга биноан бугунги куннинг аёли ҳам ўзига берилган ҳақ- ҳуқуқлардан оқилона фойдаланиши ва айни пайтда аёллик иффатини сақлаб, шаънига доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи лозим. Афсуски, баъзи бир аёллар ўткинчи ҳавасга берилиб, оналик шаънига доғ тушириб, ўз жигаргўшаларини кўча- кўйларга, меҳрибонлик уйларига ташлаб кетмоқдалар. Яна баъзилари эса баъзи нопок кимсаларнинг «охират илмини ўргатамиз» деган алдовига учиб, мутаассибликка берилиб кетмоқдалар. Айримлари турли сабабларни рўкач қилиб, Аллоҳнинг улуғ неъматига – ўз жонига қасд қилиб, кечириб бўлмайдиган гуноҳга қўл урмоқдалар. Бундай аёллар Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улуғлаган сифатларга доғ туширмоқдалар, гуноҳга ботмоқдалар, жамият келажагини таҳдид остига қўймоқдалар. Уларни ҳимоялаш ва тўғри йўлга солиш биз – эркакларнинг зиммамиздадир.

Жамиятимизнинг фаровонлиги ҳар жиҳатдан аёлларга ҳам боғлиқ экан, Аллоҳ таоло уларни Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлаб, уларга хайрли ва баракотли ҳаётни насиб қилсин.

4- курс талабаси Турғунбоев Анваржон.

280090cookie-checkИсломда аёлларнинг даражаси улуғдир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: