islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фатво бериш ва фатво сўраш масалалари

“Фатво” сўзи луғатда саволга жавоб бериш маъносини англатади. Истилоҳда эса саволга шаръий далил асосида жавоб бериш маъносида ишлатилади.

Шариатда мусулмонлар ҳаётида пайдо бўладиган саволларга фатво бериш фарзи кифоя ҳисобланади.

Ҳозирда кўплаб мусулмон давлатларида расмий фатво берувчи муфтият ёки халқаро марказлар бор.

Фатво беришнинг ўзига хос шартлари бор. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини пухта биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина фатво бериш ҳуқуқига эга.

Шубҳасиз, Исломда фатвонинг ўрни ва таъсири муҳим бўлиши билан бирга ўта масъулиятли вазифа ҳам ҳисобланади.

Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ фатво бериш масъулияти ҳақида тўхталиб, қуйидагиларни таъкидлайди: “Муфтий – ҳукмларни етказишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўринбосар ва у зотнинг меросхўри ҳисобланади. Шу боис у  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан гапиради”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада огоҳ ва эътиборли бўлишга чақириб: “Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир”, деганлар. Яъни, етарли билим ва тажрибага эга бўлмай туриб, фатво беришдан қайтарганлар. Буни чуқур англаб етган мусулмонларнинг дастлабки авлодлари ўзларидан илмли шахслар бўлган жойда сукут сақлашган. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ “ал-Мажмуъ” асарида Абдураҳмон ибн Аби Лайлодан қуйидагиларни ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг 120 саҳобасидан савол сўралганда, “анавидан сўранг”, деб бошқаларига ишора қилишар ва охири айланиб биринчи кишига савол қайта берилганини кўрдим”.

Имом Моликдан раҳматуллоҳи алайҳ элликта масала сўраганида, биттасига ҳам жавоб бермаган экан. Бунинг сабаби сўралганида: “Жавоб берувчи ўзини аввал дўзахга солиб кўрсин, халос бўлишига кўзи етса, жавоб берсин”, деган эканлар.

Шайх Рамазон Бутий айтади: “Ҳукм чиқариш илми тиббиёт илми кабидир. Мабодо бировнинг фарзанди оғир касалга чалиниб қолса, у тегишли ташхис қўйиш ва фарзандини даволаш учун тиббиётга оид китобларни титадими ёки малакали шифокорнинг олдига борадими? Тўғрисини айтганда, унинг эси жойида бўлса, кейинги йўлни тутади. Динда ҳам худди шундай. Аслида у тиббиётдан ҳам муҳимроқ, шунингдек, қамрови жиҳатидан хавфлироқдир”.

Кези келганда, фатво берувчи учун Ислом умматининг мужтаҳид уламолари томонидан қўйилган шартларни қисқача ўрганиб чиқишимиз фойдадан холи бўлмас.

Фатво берувчида қуйидаги сифатлар бўлиши шарт:

  1. Мухлис, тақводор мусулмон бўлиши.
  2. Ақлли бўлиши.
  3. Балоғатга етган бўлиши.
  4. Адолатли бўлиши.

Яъни шариат кўрсатмаларидан чиқмайдиган бўлиши. Чунки фатво Аллоҳ таолонинг ҳукми ҳақида хабар беришдан иборат. Фосиқнинг хабари дин соҳасида қабул эмас.

  1. Ижтиҳод.

Имом Шофеъий бу ҳақда қуйидагиларни айтганлар: «Фақатгина қуйидагиларни ўзида жамлаган кишигина Аллоҳнинг динида фатво бериши мумкин: Аллоҳнинг Китобини, унинг носихи ва мансухини, муҳками ва муташобиҳини, таъвийли ва танзийлини, маккийсини ва маданийсини яхши билган бўлиши ва ундан нима ирода қилинганини ҳам билиши керак. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини чуқур ўзлаштирган бўлиши керак. Ҳадисдан ҳам Қуръондан билган нарсаларни билмоғи лозим. Араб тилини ва шеъриятини яхши билмоғи керак. У нарсаларни инсоф ила ишлатиши шарт. Турли диёр уламоларининг ихтилофларини ҳам англаб етган бўлиши лозим. Шу билан бирга, ўткир зеҳнли бўлмоғи ҳам керак. Ана шундагина гапириши ва ҳалол ҳамда ҳаромдан фатво бериши мумкин. Бўлмаса, жим турсин».

Фатво сўраш одоблари

Фатво берувчи олим ундан савол сўраган кишига нисбатан муршид ва устоз мақомида бўлади. Шунинг учун фатво сўровчи у билан бўладиган муомаласида одобли бўлмоғи, уни илми учун улуғламоғи ва эҳтиром қилмоғи лозим.

Fам-ғуссада бўлган, аччиқланиб ёки қалби машғул бўлиб турган олимдан фатво сўраш одобдан эмас.

Олимдан савол сўраган пайтда унинг далили сўралмайди. Жуда сўраш лозим бўлса, бошқа мажлисда ёки фатвони қабул қилиб олгандан бир оз ўтиб сўраса, жоиз.

Фатво сўровчи учун қуйидагилар макруҳдир:

  1. Кўп савол сўраш.
  2. Динда фойдаси йўқ нарсаларни сўраш.
  3. Воқеликда йўқ нарсани сўраш.
  4. Қийин масалаларни сўраш.
  5. Таъаббудий масалаларнинг ҳикматини сўраш («Бомдод намози нима учун икки ракъат?», «Нимага икки марта сажда қилинади?» кабилар).
  6. Саволда ҳаддан ташқари чуқур кетиш.
  7. Бошқалардан устун келиш учун қайсарлик ила сўраш.
  8. Бир олимдан сўрагандан кейин бошқасидан яна ўша саволни сўраш.
  9. Енгил фатво берадиган одамни излаб топиб сўраш.

Агар илмда ва адолатда бир хил олимлар бир нечта бўлсалар, сўровчи ўзи хоҳлаганига мурожаат қилиши мумкин. Аммо баъзи уламолар: «Уларнинг энг афзалидан сўраган маъқул», деганлар.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг устози бўлган Робиа ибн Абдураҳмонни йиғлаган ҳолда кўриб, ундан бунинг сабабини сўрашганида, у кишилар диний-ҳуқуқий саволларни билими бўлмаган шахслардан сўрашаётганини кўргани, бу ҳолат Исломда катта хатар пайдо бўлганидан дарак беришини таъкидлаган экан.

Демак, чуқур илм, тажриба ва холислик каби фазилат бўлмай туриб, фатво беришнинг оқибати хайрли эмас. Шундай экан, баъзи доира ёки гуруҳларнинг Исломда улкан масала сифатида қаралган ҳукмларга масъулиятсизлик билан фатво бериши ўзлари ва ўзгаларни ҳам адаштиришдир.

Тошкент Ислом институти 

4- курс талабаси Муродов Шуҳрат

282750cookie-checkФатво бериш ва фатво сўраш масалалари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: