1926 йил 21 апрелда Мадинада Бақиъ қабристонидаги мақбаралар бузилди. Худди шу йили Маккада Муалла қабристонидаги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бобоси, амакилари ва бошқа аждодлари ҳамда биринчи умр йўлдошлари Хадича онамиз дафн этилган мақбаралар ҳам бузиб ташлади.
Халқаро ислом ҳамжамияти, мусулмонлар норозилигига қарамасдан бу каби бузиш ишлари амалга оширилди. Шуниси эътиборга лойиқки, қабрлар текисланиб, мақбаралар бузиб ташланган бўлса-да, бузиш жараёнида бирорта ҳам қабр вайрон бўлмаган. Қабр ва мақбаралар текисланар экан, уларнинг орасида аҳли байт, Фотима бинти Муҳаммад розияллоҳу анҳо, Имом Ҳасан ибн Али, Зайнул Обидин, Имом Боқир, Имом Жаъфарус Содиқ, Имом Наъфий розияллоҳу анҳум қабрлари ҳам бор эди.
1926 йилги бузилишлардан олдинги мақбара ва зиёратгоҳлар
Жаннатул Бақиъ
Жаннатул Бақиъ қабристонининг қабр ва мақбаралари 1926 йил бузиб ташланди. Расмнинг ўнг тарафдаги катта иншоот Аҳли байт мақбараси, чапдаги биринчи кичикроқ иншоот Пайғамбар алайҳиссалом қизларининг ва расмнинг пастки қисмидаги квадрат шаклдаги иншоот қадимги масжид эди. Расмдаги бошқа кўплаб кичик қабрлар мўминларнинг оналари, Пайғамбар алаҳиссаломнинг бошқа хотинлари, ўғиллари Иброҳим, Абдуллоҳ Тоҳир ва бошқа қариндошларга тегишли эди.
Жаннатул Муалла
Маккадаги Жаннатул Муалла қабристони ҳам 1926 йилда бузилган. Чап тарафдаги энг катта гумбаз Хадича розияллоҳу анҳо мақбарасидир. Расмдаги қўш гумбазлар эса амаки ва боболари Абу Толиб ибн Абдулмутталиб, Абдулмутталиб ибн Ҳошим, Ҳошим ибн Абдуманноф ва биринчи ўғиллари Қосим ибн Муҳаммад қабрларига тегишли.
Ҳамза розияллоҳу анҳу мақбара ва масжиди
Ҳамза ибн Абдулмутталиб мақбара ва масжиди Носириддин даврида қурилган, кейинчалик Усмонлилар даврида, тахминан, ХIХ аср ўрталарида таъмирланган. Мақбара Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу ва унинг жияни Абдуллоҳ ибн Жаҳшга тегишли бўлиб, улар Уҳуд жангида шаҳид бўлганлар. Бу мақбара ҳам 1926 йилдаги бузилишларда текисланиб, икки қисмга Уҳуд шаҳидлари қабристонига ва Саййидул Шаҳодат масжидига ажратилди.
Икки гумбазли мақбара
Икки гумбаз мақбараси (قبة الثنايا) бузиб ташланишидан олдин Уҳуд тоғи яқинидаги кичик ёдгорлик мажмуа эди. Бу гумбаз Уҳуд жангида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига зирҳ ҳалқаси ботиб жароҳатланганларида, Абу Убайда ҳалқани тиши билан суғурган ва олдинги икки тиши синган жойда қурилгани айтилади. Усмонлилар даврида қурилган бўлиб, кичик ҳовлига эга гумбазли иншоот эди.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев