islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Чин маънодаги олим инсон

Тошкент ислом институтида самарали меҳнат қилиб келаётган ўқитувчи ва ходимларни моддий-маънавий қўллаб қувватлаш анъанаси мавжуд.

Тошкент ислом институтини битиргач, Мисрдаги Қоҳира университетида таълим олиб, сиёсий фанлар доктори, профессор илмий унвонига эришган Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов узоқ йиллардан буён Ижтимоий фанлар кафедрасида “Ислом ва ҳозирги замон” каби фанлардан Олий маъҳад талабаларига сабоқ бериб келмоқда.

Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқовнинг илм-фан, таълимдаги узоқ йиллик сермаҳсул фаолиятини қадрлаш ва табаррук 50 ёшидаги меҳнатини эътироф этиш мақсадида Тошкент ислом институти ўқитувчи ва ходимлари иштирокида тадбир ўтказилди.

Тадбирни кириш сўзи билан ректор Уйғун домла Ғафуров очиб берди. Ректор ўз нутқида чин маънода олим бўлган Муҳаммадолим домлани табриклаб жумладан шундай деди:
“Инсон 90-100 йил ҳам бемалол шогирдларга билим берса бўлади. Бунинг учун эса, инсон ўзини одамлар учун зарурлигини англаши, эзгу ишларни амалга ошириши, эл-юртга, жамиятга сидқидилдан хизмат қилишдан чарчамаслиги, доимо хушчақчақ, хушфеъл, дилкаш бўлиши лозим.

Одамлар орасида ҳақиқий инсон шундай бўладики, ундан атрофдагилар манфаат кўрадилар, ундан қувват оладилар. Одамийлик, бағрикенглик туфайли инсон шуҳрат топади, танилади, эъзозланади.

Муҳаммадолим домла ана шундай одамий ҳислатларга эга инсон бўлиб, илми ва камтарлиги билан жамоанинг ҳурматини қозондилар”.

Табриклар асносида Муҳаммадолим домлага, Она Ватанимиз тараққиёти, тинчлиги йўлида, таълим соҳасида қилган ва қилаётган эзгу ишларни роҳатини узоқ йиллар давомида кўриш, илм-фан йўлида янада юқори поғонага кўтарилиш ва солиҳ набираларни тарбиялаш каби эзгу тилаклар билдирилди.

Маросимда У.Ғафуров институт номидан Муҳаммадолим домлага табрикнома ва эсдалик совғасини топширди.

Ижтимоий фанлар кафедраси мудири Обиджон домла Тангиров ҳам сўзга чиқиб, Муҳаммадолим домлани кафедрадаги салмоқли ўрни ва шахсий фазилатлари тўғрисида тўхталиб ўтди.

Тадбир сўнгида, Тошкент ислом институти фаолият юритаётган барча фидойи устозлар ҳаққига дуои хайрлар қилинди.

ТИИ Матбуот хизмати

299810cookie-checkЧин маънодаги олим инсон

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: