islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўзбекистондаги таълим ислоҳотлари Миср матбуоти диққат марказида

ҚОҲИРА, 17 май. /«Дунё» АА/. Миср Олий сўфийлик кенгашига қарашли “Ат-Тасаввуф” журналининг навбатдаги сонида Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг Ислом цивилизацияси кафедраси раҳбари Миродил Ҳайдаров қаламига мансуб “Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги ислоҳотлари” сарлавҳали мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Ўзбекистонда ушбу жабҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ўлароқ, мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг сони 150 га яқинлашгани, улар орасида нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари борган сари кўпаяётгани билан боғлиқ атрофлича маълумотлар ўз ифодасини топган.

Мазкур университетларда тарих, адабиёт, фалсафа, ҳуқуқ, астрономия, физика, кимё, тиббиёт, санъат ва бошқа кўплаб  йўналишларда малакали кадрлар тайёрланаётгани ҳолда Ислом олами ва бутун дунёга машҳур алломалар Ибн Сино, ал-Беруний, ал-Хоразмий ва Мирзо Улуғбек каби етук авлод вакилларини тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётгани қайд этилган.

Мақолада дин соҳасидаги ўзгаришлар тўғрисида фикр юритилар экан, Ўзбекистонда диний таълим сиёсати 3 та йўналиш асосида олиб борилаётгани маълум қилинган.

Жумладан, ихтисослашган диний таълим йўналишида 15 та диний ўқув юрти бўлиб, улардан 5 таси исломий умумтаълим мактаблари, 2 та қизлар исломий мактаби, 3 та исломий олий ўқув юрти, шунингдек, 5 та бошқа динларни ўргатувчи мактаблар борлиги ҳам қайд этилган.

Умумий диний таълим йўналишидаги мактабларда мўътадиллик, бағрикенглик ва меҳр-оқибат дини бўлмиш Ислом таълимоти билан уйғунлашган ўзбек миллий қадриятлари, жаҳон ва маҳаллий динлар тарихи атрофлича ўқитилиши, адабиёт фани доирасида эса атоқли шоир ва ёзувчиларнинг диний қарашлари, фалсафаси, ҳадис илми, маънавий қадриятлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам берилиши мисрлик ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.

“Ат-Тасаввуф” журналида чоп этилган мақолада расмий электрон манбаалар орқали ҳам Ўзбекистон аҳолисини қизиқтирган маълумотлар кенг жамоатчиликка тақдим этилиши маълум қилинган. Биргина 2021 йил мобайнида 7,5 мингдан ортиқ киши Ўзбекистон мусулмонлари идораси “қўнғироқ маркази” орқали ўз саволларига жавоб олгани, “fatvo.uz” ва “muslim.uz” веб-саҳифалари, “Telegram”даги “QuestionsMuslimUzBot” канали ёрдамида ўқувчиларга керакли ахборотлар тақдим этилаётгани алоҳида таъкидланган.

Мақолада пок Ислом зиёсини тарқатишда Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, Бухородаги Мир Араб мадрасаси, Самарқанддаги ҳадис илми мактаби, янги ташкил этилган Имом ал-Бухорий, Имом ал-Мотуридий, Имом ат-Термизий илмий-тадқиқот марказлари муҳим ўрин тутаётганига алоҳида эътибор қаратилган.

ТИИ матбуот хизмати

301030cookie-checkЎзбекистондаги таълим ислоҳотлари Миср матбуоти диққат марказида

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: