«Ўзархив» агентлиги 12 та хорижий давлатнинг манфаатдор ташкилотлари билан 15 та икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик ҳужжатларини имзолади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда агентлик ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев маълум қилди.

Қайд этилишича, «Ўзархив» томонидан мутасадди ташкилотлар ва идоралар билан халқаро ва ҳамкорлик муносабатларни ўрнатиш мақсадида қуйидаги вазифаларни амалга ошириш учун бир қатор ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланган ва улар асосида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилган:

  • архившунослик, археография, иш юритиш, электрон ҳужжат айланиши соҳасида илмий, методик ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, халқаро илмий тадқиқотлар натижаларини ва илмий-техника ютуқларини республика архивлари амалиётига жорий этиш;
  • хорижий тажрибани инобатга олиб замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда мунтазам равишда архив иши ва иш юритиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимларни малакасини ошириш тизимини шакллантириш;
  • архив иши ва иш юритиш соҳасидаги мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг илғор иш тажрибасини ўрганиш ва оммалаштириш, хорижий архивларда сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид архив ҳужжатлари нусхаларини олиб келиш.

Жумладан, АҚШ, Россия, Қозоғистон, Миср, Украина, Корея, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Венгрия, Исроил, Польша каби давлатларнинг нуфузли архив ва музей идоралари билан келишувга эришилган.

Бундан ташқари, «Ўзархив» агентлиги маҳаллий ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик муносабатларини ўрнатган бўлиб, 11 та келишув ва англашув меморандумлари имзоланган. Жумладан:

  • Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси;
  • Фанлар академияси тарих институти;
  • Ислом цивилизацияси маркази;
  • Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси;
  • Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази;
  • Тошкент шаҳридаги Инҳа университети.

«Ўзархив» агентлиги ва АҚШ Холокост ёдгорлик музейи ўртасида 2020 йил 29 июлда имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома асосида хорижий лойиҳаси бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2021 йил учун танланган архив материаллари рўйхати ўрнатилган тартибда келишилган бўлиб, ушбу рўйхат асосида архив материалларининг рақамли нусхалари тайёрланган ҳамда танланган ва келишилган архив материалларидан иборат қаттиқ диск АҚШ Холокост ёдгорлик музейига дипломатик каналлар орқали тақдим этилган. Ҳозирда 2022 йил учун Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистон ҳудудига эвакуация қилинганлар тақдирига алоқадор маълумотларни ўз ичига олган фойдаланиш учун очиқ архив ҳужжатларини (танланган архив материаллари) каталоглаштириш ва мавзули шарҳларни тузиш, Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистон ҳудудига эвакуация қилинган аҳоли тақдири билан боғлиқ давлат архивларида сақланаётган очиқ бўлган танланган архив материалларининг рақамли репродуксиясини яратиш (кўпайтириладиган материаллар) каби ишлар амалга оширилмоқда.

«Ўзархив» агентлиги МДҲ иштирокчи давлатлари архив хизматлари раҳбарларининг Маслаҳат кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги МДҲ Иқтисодий кенгашининг қарорига расман қўшилган. Бунгача «кузатувчи» функциясини бажариб келган эди. Кенгашнинг асосий вазифаси тузилмага аъзо бўлган архив хизматлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, архив ҳужжатларидан унумли фойдаланишга оид турли тадбирларни қўллаб-қувватлаш, уларни бошқариш усулларини такомиллаштириш, мутахассисларни касбий тайёрлаш ва малака ошириш тизимини ривожлантириш ҳисобланади.

Агентлик тизимидаги миллий архивлар ва давлат архивлари ўқув залларига Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Исроил, Германия, Канада, Польша, Австрия, АҚШ, Буюк Британия, Франция каби хорижий давлатлардан жами 25 га яқин хорижий тадқиқотчилар ташриф буюрган. Улар ўзларинг тадқиқот ишлари бўйича тегишли архив материалларидан фойдаланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонасининг ташаббусига мувофиқ, жорий йилнинг 4—7 апрель кунлари «Ўзархив» агентлиги бошчилигидаги делегация Исроилга хизмат сафари амалга оширган. Сафар доирасида «Ал-Ақсо» масжиди кутубхонаси сақловидаги Имом ал-Бухорий ва Исо ат-Термизийнинг нодир қўлёзмаларининг электрон нусхаси ҳамда кутубхонадаги қўлёзмаларнинг каталоги нусхаси, шунингдек, Исроил давлат архиви сақловидаги Бухоро яҳудийлари уюшмасига тегишли ҳужжатлар тўплами ва Ўзбекистоннинг илк мустақиллик байрами билан табрикнома ва табрик учун билдирилган ташаккурнома хатлар тўплами нусхалари мамлакатга олиб келинган. Мазкур электрон ҳужжатлар Ўзбекистон Миллий архиви томонидан давлат сақловига ўрнатилган тартибда қабул қилиб олинган.

«Ўзархив» агентлиги Туркия бош вазири девони ҳузуридаги Давлат архивлари бош дирекцияси билан архивлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида протоколни ҳамда Туркия президенти ҳузуридаги Давлат архивлари бош бошқармаси билан маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларни амалга оширилишини таъминлаш бўйича амалий ҳаракатлар режасини имзолаган. Ҳужжатлар доирасида хориж томони билан 100 дан ортиқ архив ҳужжатлари билан ўзаро тенглик ва паритет асосида алмашилган. Туркия томонидан молиялаштирилаётган «Ўзбекистон—Туркия алоқалари ҳужжатларда» номли китоб-альбом турк томон билан биргаликда нашрга тайёрланмоқда.

ТИИ матбуот хизмати