Юртимиз мустақилликка эришгач, барча соҳаларда бўлгани каби, миллий-маънавий меросимизни ўрганишга бўлган муносабат ҳам тубдан ўзгарди. Ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган, асрлар давомида халқимизнинг эътиқодини ўзида акс эттирган муқаддас динимиз асослари бўлган маънавий бойликларимиз изчил чуқур ўрганила бошланди. Бу жараён кундан-кунга ривожланиб бораётгани қувонарли ҳол албатта.
Эндиги энг долзарб вазифамиз – бу жараёнларнинг илмий-назарий асосларини, уларнинг янги-янги қирраларини мукаммал очиб бериш, ўқувчиларимиз, талабаларимизга, кенг жамоатчиликка содда, лўнда қилиб тушунтириб бериш ва уларни янги ҳаёт, замон талабларига жавоб берадиган жамият қурилишининг фаол ва жўшқин иштирокчиларига айлантиришдан иборат.
Ҳадисни ўрганиб, таълим берган ва амал қилган аҳли ҳадислар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда “Умматимдан бир тоифаси то Аллоҳнинг амри келгунча ҳақ узра зоҳир турадилар, хилоф қилганлар ва уларни ташлаб қўйганлар уларга асло зарар етказа олмайди” деб васфлаган тоифага биринчилар қаторида кирадилар.
Бугунги кунда, хусусан халқимизнинг ҳадис илми хамда унга боғлик, бўлган фанларнинг ўрганишга жуда катта эҳтиёжлари бор. Боз устига, баъзи бир етарли илмга эга бўлмаган, ҳатто умуман арабий саводи йўқ кишилар, мустаҳкам манбага асосланмаган, юзаки, ҳеч бир масъулиятни, гуноҳни ўйламай, сўралган масалага жавоб айтадиган бўлиб қолганлари ачинарлидир. Зотан, Пайғамбар алайҳиссалом мутавотир даражасидаги бир муборак ҳадисларида «…Ким менинг номимдан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин», деганлар.
Албатта, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатиб кетган йўл йўриқлари ва кўрсатмалари, у зоти шарифга мансуб бўлган панду насиҳатлари, яни ҳадислар мусулмон оламида ҳар қандай давр, ҳар қандай жамият учун ҳам жуда катта аҳамиятга эгадир.
Суннати мутоҳҳарани авлоддан авлодга нақл қилиб келган салафи солиҳлар суннатни нақл қилиш ва ривоят қилиш, уни дахлсиз соғлом сақлаш борасида турли қоида ва меёрларни аниқлик билан ишлаб чиқдилар. Ана шу қоида ва меёрларни ишга солиб, аҳли ботилларнинг бузғунчилигидан суннатни сақлаб қолдилар. Улардан кейинги уламолар суннатга риоя қилиш, уни эслаб қолиш борасида жорий қилинган қоидаларни аввал ўтган уламолардан қабул қилиб олиб, уларни тартибга солдилар, сайқалладилар, жамладилар ва бу борада мустақил китоблар тасниф қилдилар.
Хусусан, тўрт мазҳаб соҳиблари ўз ижтиҳодоларини амалга оширишда қуръон ва ҳадисга суянганлар, агар улардан жавоб топа олмасалар, ижмо ва қиёс орқали шаръий масаларни ечимини топиб берганлар. Қолаверса, ушбу тўрт имомни ҳадис илмида ҳам етук илмга эканликлари маълум ва машҳурдир.
Аммо, ҳозирги кунга келиб, ушбу имомларни йўлларида юришликка буюрилмаганмиз, Қуръон ва ҳадисдан ўзимиз ҳукм олаверамиз дейишлик, ҳадис илмлари, у ҳадислар қайси ҳолат ва нима сабабдан ворид бўлганлиги, ушбу ҳадис қайси ровийдан ривоят қилинган, санадининг ҳолати, носих-мансухлиги сингари кўплаб шарт-шароитларини ўрганмасдан, ўзбошимчалик билан шариъат илмларига дашном беришлик ҳолатлари кузатилиб қолмоқда.
Ҳадисларнинг саҳиҳ ёки тўқима эканлигига ҳам эътибор бермай, ҳеч қандай манбаларга асосланмаган ҳолда ижтимой тармоқларда халқимизнинг бирдамлигига путур етказадиган турли иғволарни тарқатиши, динни ниқоб қилган ҳолда, ғараз ниятларни ёш авлодлар онгига сингдиришга уринишлар жуда ҳам кенг тарқалиб тетди.
Ҳадис илми ва фиқҳ усулларидан бехабар ҳолда, ҳадислардан тўғридан-тўғри хукм олиш йўлини тутиш асло жоиз бўлмайди. Ҳеч қандай мазҳабни тан олмай, ҳадисдан ҳукм оламан дейишлик, бу билан чекланмасдан, халқнинг орасида турли низоли ҳолатларни тарқатишда ҳадислардан мисол келтириб, гўёки ҳақ эканликларини исботлашга уриниш каби ҳатта-ҳаракатларни амалга ошириш тўғри бўлмайди.
Эндиликда мана шу жараёнларда ўзимизни муносиб тутиб, жамиятимизда кўзатилаётган бидъат-хурофотларни бартараф қилиш барчамизнинг олий бурчимиздир. Ҳозирги глобаллашув замонида юз бераётган турли хил диний-ақидавий хуружлар ва бузғунчи ғоялардан сақланиш ва бу борада аждодларимиз томонидан ёзиб қолдирилган бой илмий мерослар билан яқиндан танишиш, уларни чуқур ўрганиш, натижада эса минг йиллар давомида бирдам бўлиб келган халкимизни сўнгги йилларда кузатилаётган мана шундай маънавий инқироздан халос этиш барчамизнинг устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
Аллоҳ таоло халқимизнинг орасидан турли ихтилофлар, тарафкашлик, мутаассиблик балоларини, айниқса дин ишларида ўзбошимчалик қилиб, уни енгил санаш балоларини кетказсин!
Қаҳҳоров Юсуфжон,
ТИИ Модуль таълим шакли талабаси,
Шаҳрихон тумани Намозгоҳ масжиди имом-хатиби