islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Қуръон эъроби” илмининг шаклланиши ва омиллари

Замон ўтиши билан яна янги муаммолар пайдо бўла бошлади. Араб тилини яхши билмайдиган мусулмонлар кўпайиши билан Қуръони Каримни ўқишда муаммо ҳам кўпайди. Кишиларнинг Қуръони Каримни хато ўқишлари ва ихтилофга тушишлари хавфи кучайди.

Усмоний мусҳафлар шакл (эъроб аломатлари: фатҳа, касра, замма, сукун) ва нуқталардан холи ҳолда ёзилган бўлиб, бу тарзда ёзилиши бир неча қироат ва кўринишларни кўтара оладиган бўлиши учун бўлганини аввал ҳам айтиб ўтган эдик. Одамлар ўз табиий кўникмалари ва илмлари билан уларни тўғри ўқиш имконига эга эдилар. Қироат қилишда уларнинг шакл, ҳаракатлар, эъроб ва нуқталарга эҳтиёжлари йўқ эди. Абу Аҳмад Аскарий айтганидек, кишилар Қуръони Каримни Усмон мусҳафида қирқ йилдан кўпроқ муддат, ҳатто Абдулмаликнинг халифалиги давригача ҳеч қандай аломат ва белгиларсиз ўқиб юрдилар. Ундан кейин адашишлар кўпайди. Бу ҳолат айниқса Ироқда кенг ёйилди[1].

Адашиш асосан баъзи Қуръон калималарининг қироатида ва ҳарфларнинг талаффузида содир бўлар эди. Араб бўлмаган кишилар орасида Исломнинг ёйилиши, мусулмон ажамларнинг кўпайиши араблар луғатига ўз таъсирини кўрсатди,

Яна Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун ҳаракат қилиш зарур бўлиб қолди. Кераклича олиб борилган маслаҳатлардан сўнг кишилар Қуръони Каримни хато ўқимасликлари ва Қуръони Карим қироати ҳақида турли ихтилофларга тушмасликлари учун мусҳафларга фатҳа, касра, замма аломатларини қўйиш керак, деган фикрга келинди.

Ҳижрий 65 санада, Абдулмалик ибн Марвоннинг халифалиги даврида баъзи мутасаддилар қуръоний матнларга шакл ва нуқталар қўйилмаса, уларнинг ўзгариб кетиш хавфи борлигини айтишди. Сўнгра тўғри қироат қилишга ёрдам берадиган муайян шакллар ишлаб чиқиш кераклиги ҳақида фикр қилинди.

Шу ўринда барча Убайдуллоҳ ибн Зиёд ва Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафийни зикр қилади.

Ибн Зиёд асли форсий бир кишига ёзувда тушириб қолдирилган икки алифлик калималарга ўша алифни қўйиб Чиқишни буюрди. Шунда «قلت» ўрнига «قالت» деб, «كنت» ўрнига «كانت» деб ёзилди. Бу иш Убайдуллоҳ ибн Зиёдга нисбат берилди.

Ҳажжож эеа қуръоний ёзувнинг ўн битта ўрнига ўқишни осонлаштирадиган белги киритган, дейилади. Шундан сўнг қироат қилиш ойдинроқ ва фаҳмлаш енгилроқ бўлди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу шу каби имловий безакларга ишора қилиб: «Мусҳафда араблар тез кунларда ислоҳ қиладиган лаҳнларни кўряпман», деган эди[2].

Демак, бу ўриндаги лаҳн ва белгиларнинг барчаси юқорида зикр этилган шаклда бўлиб, асрлар ва даврлар ўтиши билан шаклланиб турадиган расми хатга тегишли ишлардан эди.

Лекин қуръоний матннинг ўзида бирор нарса ўзгармаган. Балки асл ҳарфларга ёрдамчи ҳарф ва белгилар орттирилган, холос. Қолаверса, қуръоний матн одамлар қалбларида жамланган бўлиб, уни баъзилар баъзилардан оғизма-оғиз талаққий қилиш орқали ва яқиний мутавотир йўл билан олишар эди.

Аммо баъзи ўзини билмаган ва Қуръони Каримга душманлик қилишни касб қилиб олганлар ушбу ишора ва белги қўйишларни Қуръонга ўзгартириш киритиш деб «илмий» даъво қиладилар. Матн ўз ҳолида қолиб, унинг атрофига белги қўйиб, ўқишни осонлаштиришни «ўзгартириш» дейиш илмнинг қайси кўчасига кириши мумкин?!

Қуръоний расми хатнинг сайқалланиши бир дафъанинг ўзида охирига етмаган. Балки ушбу сайқаллаш ишида бир неча авлодлар иштирок этган. Ҳижрий учинчи асрнинг охирларига келиб, мусҳафни безаш ишлари чўққисига чиққан.

Бунда ҳам асл ҳарфларга заррача ўзгартириш киритмаслик шартлари ишлаб чиқилди. Тарихда бу иш «Қуръони Каримни нуқталаш» номи билан ўрин топди.

Уламолар қадимдан Қуръонга биринчи нуқталарни қўйган шахс хусусида ихтилоф қиладилар. Ушбу мавзуда уч кишининг исми такрорланади.

Абул Асвад Дуалий;

Яҳё ибн Яъмур;

Наср ибн Осим Лайсий.

Абул Асвад Дуалий араб тили масалаларида дастлабки дарсларни тақдим қилиш билан машҳурдир. У киши бу ишни Алий ибн Абу Толибнинг буйруқлари билан қилган эдилар. У кишининг Қуръони Каримга нуқталар қўйиши ушбу ишларининг узвий давоми деб ғумон қилинади. Ушбу мавзуда Абул Асвад Дуалийнинг Қуръоннинг софлиги учун кучли ғайрат кўрсатганларига ишора қилувчи бир қисса нақл қилинади.

Абул Асвад Дуалий бир кишининг Тавба сурасидаги

أَنَّ ٱللَّهَ بَرِيٓءٞ مِّنَ ٱلۡمُشۡرِكِينَ وَرَسُولُهُۥۚ

Оятини нотўғри қироат қилаётганини эшитиб қоладилар.

Қори «Росулуҳу» калимасидаги «лом» ҳарфини жар қилиб, «Росулиҳи» деб ўқийди. Бунда оятнинг «Албатта, Аллоднинг мушриклар билан алоқаси йўқ ва Расулининг ҳам» деган маъноси қўпол тарзда бузилиб, «Албатта, Аллоҳнинг мушриклар билан алоқаси йўқ ва Расули билан ҳам» бўлиб қолади. Бу лаҳн (хато) Абул Асвад Дуалийни даҳшатга солди ва у «Аллоҳнинг важҳи Ўз Расулидан безор бўлмоқликдан азиздир!» деди. Сўнгра Басрага, Зиёднинг ҳузурига борди ва: «Сен сўраган нарсага ижобат қиламан», деди.

Бундан олдин Зиёд Абул Асвад Дуалийдан инсонлар Аллоҳнинг Китобини осон ва бехато ўқишлари учун аломатлар қўйишни сўраган эди. У эса жавоб беришни ортга суриб юрарди. Юқоридаги ҳодиса содир бўлгач, ўзи даҳшатга тушиб, бу ишга жидди-жаҳд билан киришди. Унинг ижтиҳоди фатҳа аломатини билдириш учун ҳарфнинг юқорисига битта нуқта, касра аломатини билдириш учун ҳарфнинг остига битта нуқта, замма учун ҳарф ўртасига битта нуқта ва сукун учун иккита нуқта қўйиб чиқишга чорлади.

Баъзи уламолар «Абул Асвад Дуалий Қуръонга Абдулмалик ибн Марвоннинг буйруғи билан нуқталар қўйиб чиққан», дейишади. Ушбу турли ривоятлардан Абул Асваднинг Қуръонга нуқталар қўйиб чиқиш сабабларини аниқ айтиб беришимиз қийин. У бу ишни ўзича қилганми ёки бошқанинг фикри билан амалга оширганми? Бу ишнинг асли қандай тартибда рўёбга Чиққан? Бу саволларнинг барчасига қатъий жавоб бериш мушкул. Лекин аниқ биламизки, ушбу оғир вазифани дастлаб ўз зиммасига олган шахс Абул Асвад Дуалий эди. Келтирилган ривоят ва хабарлар ушбу ҳақиқатнинг тўғрилигини билдиради[3].

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Маъмуржон Юсупов

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръон илмлари”. –Тошкент: Ҳилол-нашр, 2007. –Б.136.

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръон илмлари”. –Тошкент: Ҳилол-нашр, 2007. –Б.140.

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръон илмлари”. –Тошкент: Ҳилол-нашр, 2007. –Б.178.

304940cookie-check“Қуръон эъроби” илмининг шаклланиши ва омиллари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: