Ягона олимпиада ҳар йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими томонидан республикадаги 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг битирувчи курс талабалари ўртасида ўтказилади. “Ягона олимпиада-2022”нинг якуний республика босқичи Тошкент ислом институтида ўтказилди.
Тадбир Қуръон тиловати билан бошланди. ТИИ ректори У.Ғафуров кириш сўзи билан танлов йиғилишини очиб берди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳ.Ишматбеков олимпиада иширокчиларига муваффақият тилади.
Ягона олимпиаданинг мақсади – ўрта махсус ислом таълим муассасалари битирувчи босқич талабалари орасидан чет тили ва мутахассислик фанларини пухта ўзлаштирган иқтидорли талабаларни аниқлаш, уларнинг иқтидори ва ижодий қобилиятларини намоён қилиш, ўзи танлаган ихтисослик йўналишини чуқур ўрганишга қизиқишларини ошириш, қўллаб-қувватлаш ҳамда муносиб рағбатлантиришдан иборат.
Шундан сўнг, имтиҳон аудиторияларида муҳрлаган махсус конвертлар гувоҳлар иштирокида очилди. Иштирокчи талабалар билетларни олиб, саволларга тайёргарликни бошладилар.
Мадрасаларда ўтказилган саралаш босқичидан ғолиб бўлган талабалар мазкур якуний босқичга йўлланма олиб, етиб келдилар.
Ягона олимпиадада талабалар Араб тили, фиқҳ ва ақоид фанлари бўйича синовдан ўтказилиб, 1-блокда Араб тилидан ижодий имтиҳон учун максимал 40 балл, 2-3 блокда Фиқҳ ва Ақоид фанларининг ҳар биридан тест синови бўйича 30 балл тўплаш имконияти мавжуд.
Дин ишлари қўмита Диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими ходими Э.Алимқулов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, ходимлар Акбар Дусматов, Шерзод Чўлпонов, Кўкалдош ЎМИТМ мудири Муҳаммадамин Насриев, Ҳидоя ЎМИТМ мудири Абдулазиз Бобамирзаев, Фахриддин Розий ЎМИТМ мудири Даврон Абдуқодиров, Хадичаи Кубро ЎМИТМ мудираси Нозима Иброҳимова ва бошқа ўрта махсус таълим муассасалардан ташриф буюрган ходим ва ўқитувчилар якуний босқични кузатиб бордилар.
Тошкент ислом институти биносида “Ягона олимпиада” танловини акс эттирувчи баннерлар тайёрланди, ўқув биноси фойесида институт ҳаётини акс эттирувчи лавҳалар ҳамда китоблар намойиши ташкил этилди.
“Ягона олимпиада-2022”нинг якуний босқичи тадбирлари доирасида Тошкент ислом институти билан Тошкент Давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамкорлигида “Ҳуснихат дурдоналари” номли хаттотлик кўргазмаси ташкил этилди.
Кўргазмада ТИИ Хаттотлик тўгараги ва Тошкент Давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети “Матншунослик ва адабий манбашунослик” магистрлари томонидан тайёрланган хаттотлик намуналари намойиш этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг битирувчи босқич талабалари ўртасида ўтказиладиган “Ягона олимпиада” танлови республика босқичида қуйидаги натижалар қайд этилди:
I-ўрин Мухаммадийев Боймурод Тожиддин ўғли (““Мир Aраб” ЎМИТМ талабаси) 92 балл;
II-ўрин Содиков Бобир Акбар ўғли (“Кўкалдош” ЎМИТМ талабаси) 91,5 балл;
III-ўрин Сайфуллаева Ўғилой Абдулла қизи (“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ЎМИТМ талабаси) 90,8 балл.
ЎМИнинг “Ягона олимпиада” якуний Республика босқичи Низомига асосан:
– биринчи ўрин соҳибига “Вақф” хайрия жамоат фонди гранти асосида олий диний таълим муассасага конкуриссиз ўқишга қабул қилиш, тўрт йиллик шартнома-контракт пулини тўлаб бериш сертификати ҳамда I-даражали диплом ва ноутбук;
– иккинчи ўрин соҳибига II-даражали диплом ва микротўлқинли иситгич, ЎМИ тасарруфидаги олий диний таълим муассасаларидан бирида ўқишни давом эттириш мақсадида ҳужжат топшириб, қабул имтиҳонларида қатнашган тақдирда, имтиҳон натижалари бўйича ўзи тўплаган баллнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшиб бериш имтиёзи, ижобий натижа билан талабаликка қабул қилинган тақдирда бир ўқув йили тўлов-контракт пулларини 50 фоиз миқдори “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан тўлаб бериш сертификати;
– учинчи ўрин соҳибига III-даражали диплом ва шарбат чиқаргич, ЎМИ тасарруфидаги олий диний таълим муассасаларидан бирида ўқишни давом эттириш мақсадида ҳужжат топшириб, қабул имтиҳонларида қатнашган тақдирда, имтиҳон натижалари бўйича ўзи тўплаган баллнинг 15 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшиб бериш имтиёзи, ижобий натижа билан талабаликка қабул қилинган тақдирда бир ўқув йили тўлов-контракт пулларини 50 фоиз миқдори “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан тўлаб бериш сертификати;
– қолган саккиз нафар иштирокчига китоблар тўплами ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Олимпиада якунида Дин ишлар бўйича қўмита Диний-маърифий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот марказлари билан ишлаш бўлими Бош мутахассиси Э.Алимқулов ва ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири С.Шерхонов ташкилотчилар, ҳайъат аъозолари ҳамда иштирокчиларга миннатдорлик билдириб, дуолар қилинди.
Тадбир институт интернет сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида кенг ёритиб борилди.
ТИИ Матбуот хизмати