Тошкент ислом институтига Шом диёри уламолари доктор Муҳаммад Холид Ҳарсо ва доктор Аҳмад Муҳаммад Фозил ташриф буюрдилар.
Институтнинг Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси устоз Саиджамол домла Масаидов уламоларни тадбир иштирокчиларига таништирдилар.
Доктор Аҳмад Муҳаммад Фозил талабаларнинг фазлини баён қилиб, “сизлар Аллоҳ таолонинг набийлари сингари халққа юборилган “расуллари” – элчилари мақомидасизлар” дедилар.
“Бизнинг илмимиз аввалги уламоларнинг илмлари олдида денгиздан бир қатрачаликдир, уларнинг ҳаёт йўлларини ўрганиб, уларнинг сийратлари, хулқлари билан хулқланишимиз керак”.
Сўнг Туркия давлатининг Истанбул шаҳридаги Абдурраззоқ Ҳалабий университети мудири, кўплаб китоблар муаллифи ҳамда муҳаққиқи олим доктор Муҳаммад Холид Ҳарсо маъруза қилдилар. “Ўзбекистон азалдан илм марказларидан бир бўлиб, ҳозирда ҳам мусулмон мамлакатларида юртингиздан борган талабаларнинг кўплиги ва уларнинг илмга чанқоқ эканликлари таҳсинга лойиқдир”.
Шундан сўнг Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Аслам ибн Солим ибн Язид ал-Киндий Тусийнинг “Арбаиън” ҳадислар тўплами китобини ўқидилар. Ушбу китоб фиқҳий ҳадисларни ўз ичига олган бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мусулмон, мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир”, ҳадиси билан бошланган. Китобда “Таҳорат қандай қилинади?”, “Икки махсига масҳ тортиш” каби фиқҳий мавзулардаги ҳадислар келтирилган. Таҳоратга доир ҳадислардан кейин намоз, закот, рўза ва ҳаж амалларига доир ҳадиси шарифлар ўрин олган.
Ҳадислар тез фурсатда ўқилгач, шайх Муҳаммад Холид Ҳарсо ҳазратлари Олий маъҳад устоз ва талабаларига омматан ижоза бердилар ва ўқилган ҳадислардан ҳосил бўлган савобларни номаъи аъмолларимизда мақбул амаллардан бўлишини тилаб дуо қилдилар.
Ижоза – Қуръони каримни ривоят қилиш учун устоз томонидан берилган лафзий (оғзаки) ёки хаттий (ёзма) изн, рухсатдир. Муҳаддис уламоларнинг наздида эса, ижоза ҳадисни таҳаммул қилиш – уни шайхдан эшитиб тушуниш ва ўзида сақлаш йўлларидан бири ҳисобланади. Қориларнинг наздида эса ижоза деб ижоза берувчи шайхдан (муқрийдан) ижоза олувчи толибга (қорига) Қуръон ўқиш ва ўқитиш учун бериладиган шаҳодатга айтилади.
Шайх Муҳаммад Холид Ҳарсо Ўзбекстон мусулмонлари диний идораси, Тошкент ислом институти ҳамда халқимиз ҳақига, хусусан талабаларни уммат учун ҳидоят маёғи бўлишини тилаб дуо қилдилар. Шайх Муҳаммад Холид Ҳарсо институт кутубхонасига ўзлари таҳқиқ қилган китобларни тақдим қилдилар.
ТИИ ўқитувчиси Абдуллоҳ Ғафуров