Хожа Аҳрор Валий (1404-1490). Маънбаларда ёзилишича, Хожа Убайдулло – Хожа Аҳрор 1404 йил март ойида (ҳижрий 906 йил рамазон) Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига қарашли Боғистон қишлоғида таваллуд топган. Хожа Убайдулло Хожа Аҳрорнинг насабномасида (шажара) у ота томонидан чоҳорёрларнинг биринчиси Абу Бакр Сиддиққа (632-634), она тарафдан чоҳорёрларнинг иккинчиси Умар ибн ал-Ҳаттобга (634-644) бориб туташади дейилган. Хожа Убайдулло Аҳрорнинг отаси Хожа Маҳмуддир, Хожа Маҳмуд Хожа Шаҳобиддиннинг ўғли бўлиб, хожа Шаҳобиддин уч ё тўрт авлод билан Хожа Номийга туташади. Ривоят қилинишича, Хожа Муҳаммад Номий асли Боғдодлик бўлиб тошкентлик аллома Ҳазрат Шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффоли Шошийнинг муриди бўлган. Ҳазратнинг мулозамати туфайли Тошкентга (Шош) келиб, бу ерда турғун бўлиб қолган. Хожа Аҳрорнинг оналари Хожа Довуднинг қизи бўлиб, Хожа Довуд эса Ҳазрат Шайх Хованд Тоҳурнинг ўғилларидир.
Хожа Убайдуллоҳнинг болалик ва ёшлик даври Тошкентда ўтади. У мактабда ўқиб сабоқ олган ва турли китобларни мутолаа қилган. У тошкентлик марҳум алломалардан Абу Бакр Қаффол Шоший, Шайх Ҳаванди Тоҳур ва Шайх Зайниддиннинг ҳаёти ва фаолияти билан қизиқиб, уларнинг марқадларини зиёрат қилиб турган. У туғилиб ўсиб вояга етган оила аъзолари ўз замонасининг ўқимишли, маърифатли, кишиларидан бўлган.
Хожа Аҳрорнинг тоғаси Хожа Иброҳим кенг маълумотли киши бўлиб, у жияни Хожа Убайдуллонинг ҳам ўқишини давом эттиришини истарди. Ниҳоят, 1427 йили Хожа Иброҳим жияни Хожа Убайдуллони Тошкентдан Самарқандга олиб келиб, мавлоно Қутбиддин мадрасасига жойлаштиради.
XV асрнинг иккинчи яримига келиб Мовароуннаҳр ва Хуросондаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳаётда Хожа Аҳрор юксак мавқега эга бўлади ва ниҳоятда мўътабар сиймолардан бирига айланади. Абу Тоҳир Хожа ўзининг “Самария” асарида ёзишича, Хожа Аҳрор илм аҳлини эъзозлар, анжумани ҳамиша олимлар билан тўла бўлган. Бинобарин, у илм аҳли учун Самарқандда бир мадраса қурдирди. Бу мадраса “Мадрасаи сафед (оқ)” номи билан машҳурдир. Бундан ташқари Тошкент ва Қобулда ҳам мадрасалар қурдирган.
Бул зотнинг асл исмлари Убайдулло бўлиб, Аҳрор ибораси ҳур, олижаноб маъносидаги лақабдир. Мусулмон дунёси тарихида ўтган 356 нафар авлиёлардан фақат учтасигина “қутб ул-ақтоб” сифатида эътироф этилган. Мазкур уч авлиёнинг бири – Хожа Аҳрор бўлган экан.
Тарихдан маълумки, Хожа Аҳрорни бир неча фахрли номлар билан аташган. Зотан, Ҳазрат Алишер Навоий бу зотни “Қутби тариқат” деб, эътироф этган бўлса, Абдураҳмон Жомий “Каъбаи мақсуд” – деб билган. Заҳриддин Муҳаммад Бобур эса, “Ҳазрат Хожа Убайдулло” – деб, ҳурмат билан тилга олган. Бундан маълум бўладики, улар ўртасида яқинлик ва ўзаро ҳамфикрлик ҳам бўлган.
Хожа Аҳрор узоқ ва мазмунли умр кўради. У киши 1490 йил 20 февраль, шанба куни тонгда Самарқанднинг Камонгарон даҳасида оламдан ўтадилар.
Маънавият, маърифат ва иқтидорли
талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ўткир СОБИРОВ