islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тошкент ислом институтида меҳнат қилаётган ёшлар тақдирландилар

2017 йил 30 июнь куни “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида нутқ сўзлаган Президент Шавкат Мирзиёев ушбу санани мамлакатда Ёшлар куни сифатида нишонлаш ташаббусини илгари сурган эди.

Шу йили 26 августда эса “Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун матбуотда эълон қилинди ва кучга кирди.

“Юртимизда байрамлар кўп, лекин ёшларга бағишланган алоҳида байрам йўқ. Бугун шу масалани ҳам ҳал этадиган вақт келди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган кун – 30 июнь санасини мамлакатимизда Ёшлар куни деб эълон қилсак, қандай бўлади”, – деган эди Шавкат Мирзиёев “Камолот” қурултойида.

2020 йил 30 июнь кунги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармонига кўра Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди.

“Ёшлар куни”да Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкор вазирлик ва ташкилотлар билан бу куни кўплаб тадбирлар, спорт мусобақалари, танловлар, учрашувлар ўтказилади.

Куни кеча 2022 йил 29 июнь куни “Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида” Президент фармони имзоланди.

“Ёшлар куни” муносабати билан Тошкент ислом институтида тадбир ўтказилди. Юздан ортиқ ўқитувчи ва ходимлардан иборат Тошкент ислом институти жамоасида йигирмадан ортиқ ўттиз ёшгача бўлган ёшлар меҳнат қилади.

Тадбирни Ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректор У.Ҳоджаев кириш сўзи билан очиб, ёшларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, Янги Ўзбекистонда ёшларга берилаётган эътибор, диний-маърифий соҳадаги ёшларнинг ғайрат-шижоати борасида сўзлади.

Шундан сўнг, Қуръон ва тажвид ўқув курси бўлими бошлиғи М.Шокиров ёшларни байрам билан муборакбод этиб, энг эзгу тилакларни билдирди.

Сана муносабати билан Тошкент ислом институтида меҳнат қилаётган бир гуруҳ ёшлар фидокорлиги, билими ва юксак хулқ-атвори учун ташаккурнома билан тақдирландилар:

  • Яшнаров Муҳаммад, “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси;
  • Расулходжаев Сардорхўжа, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси;
  • Гулматов Муҳаммад, “Ижтимоий фанлар” кафедраси кабинет мудири;
  • Анваров Элёрбек, “Тиллар” кафедраси кабинет мудири;
  • Бадиев Шукруллоҳ, Ёшлар билан ишлаш ва маънавият ва маърифат бўлими ходими;
  • Қурбонов Бекжон, Ўқув-услубий бўлим услубчиси;
  • Мирзамаҳмудов Азамат, Ахборот ва техник таъминот бўлими ходими;
  • Хайруллаев Абдуазим, Матбуот хизмати ходими;
  • Эшниёзов Иброҳим, Ўқув курслари бўлими ходими.

Ёш ўқитувчи ва ходимларга ташаккурномаларни У.Ходжаев, М.Шокиров ва Ш.Шожалилов топширди.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Биз сенга уларнинг хабарларини ҳақ ила қисса этиб берамиз. Албатта, улар Роббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва биз уларга янада зиёда ҳидоят бердик” (Каҳф сураси: 13-оят).

Машҳур муфассир Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи бу оят ҳақида: “Ушбу оятда айтилганлар ёшлардир” деганлар.

Мисол тариқасида баъзи саҳобаи киромларнинг исломни қабул қилиб, саҳобалик шарафига муяссар бўлган ёшларини эслатиб ўтсак: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу исломга кирганларида 37 ёш, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу 26 ёш, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу 20 ёш, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳали 10 ёшга етмаган, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу 17 ёш, Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу 19 ёш, Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу 20 ёш, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу 27 ёш, Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу 30 ёш, шунингдек, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу вафот этаётганларида 33 ёш, Фотима онамиз розияллоҳу анҳо эса ҳаётларининг сўнгида 29 ёш бўлганлар.

Тадбир сўнгида бутун Ўзбекистон ёшлари, хусусан институт ёш ўқитувчи ва ходимлари ҳақига дуои хайрлар қилинди.

ТИИ Матбуот хизмати

316190cookie-checkТошкент ислом институтида меҳнат қилаётган ёшлар тақдирландилар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: