islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳадемай “Шаъбон” келади, кейин “Рамазон”!

Шаъбон ойи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  ойларидир. Шунингдек бу ой Ражаб ойида яхши амалларни эккандан сўнг уларни суғориш ойидир.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  бу ойда кўп рўза тутар эдилар, кечалари тонгга қадар ибодат қилиб чиқар эдилар. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз бунинг сабабини сўраганларида: “Эй Оиша, бу ой малакул мавт – ўлим фариштаси Азроилга йил давомида вафот этадиганлар рўйхати ёздириладиган ойдир. Мен эса бу ойда исмимнинг рўзадор ҳолда қайд этилишини истайман”, деб марҳамат қилдилар.

Саҳобаи киром ва авлиёуллоҳлар ҳам бу ойда кўп рўза тутишар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловотлар айтишар, Аллоҳдан афву мағфират тилар  эдилар. Бойлар камбағалларга закотларини бериб, уларнинг Рамазон рўзасини қийналмай тутишларини таъминлар эдилар.

Йилнинг энг муборак, энг эътиборли, қадрланадиган кечаларидан бўлган Бароат кечаси Шаъбон ойининг энг муҳим кечасидир. Чунки бу кеча ер юзига илоҳий раҳмат, барокот ва хайр нозил бўлгани учун уни, ҳатто малаклар ҳам байрам қилишади. Шу билан бирга Аллоҳ таоло бу кеча ширк келтирганлар, бир-бирларига гина, адоват тутганлар, дўсту қариндошларидан алоқани узганлар, сеҳргарлар, коҳинлар, сархушлар, юлғучлар, номуссизлардан ташқари кўплаб имон эгаларини мағфират қилади. Бароат кечасида ажаллар, ризқлар, ҳажга борадиганлар, вафот этадиганлар, саъидлар – охират саодатига эришувчилар, шақийлар – яъни охират саодатидан бенасиблар, йилнинг муҳим воқеалари қатъий белгиланиб ёзилади.

Бароат кечаларининг бирида Ҳасан Басрий ҳазратларини юзи сарғайган ҳолда кўрганлар, унинг сабабини сўраганларида: “Аллоҳга қасамки, кемаси тўфонга учраган бир киши мендан ҳам баттар ёмон аҳволда бўлмаса керак. Чунки қилган гуноҳларимни биламан. Аммо яхши амалларим қабул қилиндими йўқми, аҳволим нима бўлади?, дея ташвишдаман”, деб жавоб берибдилар.

Рамазон ойи ҳам яқинлашиб келмоқда. Бу ойга ҳар биримиз солиҳ амалларни кўпайтирган ҳолда ва ўз нуқсонларимизни ислоҳ қилган ҳолда кириш учун ҳозирданоқ тайёргарлик кўришимиз лозим. Ғанимат бўлган муборок ой ва кечалардан унумли фойдаланишимиз зарур.

“Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом билим юрти

мударрисаси Кенжабой Гулруҳ

 

31750cookie-checkҲадемай “Шаъбон” келади, кейин “Рамазон”!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: