Шу маънода истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб Ўзбекистон билан дипломатик муносабат ўрнатган давлатлардан бири Саудия Арабистони Подшоҳлиги эканини ёдга олиш жоиз.
1992 йил ноябрь ойида Жидда шаҳрида Ўзбекистон консулхонаси фаолият бошлаб, 1994 йил май ойида Бош консулхона мақомига эга бўлди. Дипломатик муносабатнинг илк ҳуқуқий асоси ўша даврдан эътиборан шаклланганини қайд этиш мумкин. 1995 йил май ойида Ар-Риёдда Марказий Осиё давлатлари ичида биринчи бўлиб Ўзбекистон Республикаси элчихонаси очилган бўлса, 1997 йил мартдан Тошкентда Саудия Арабистони Подшоҳлиги элчихонаси иш юритмоқда.
1995 йил 18 ноябрь куни имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукуматлари ўртасида савдо, иқтисодиёт, инвестиция, техника, маданият, спорт ва ёшлар ишлари соҳаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисида Битим айни йўналишлардаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини яратди ва ҳозирги пайтгача ушбу ҳужжат ўз амалий аҳамиятини намоён қилиб келмоқда.
Мамлакатларимиз муносабатида ташқи сиёсат идоралари ҳамкорлиги муҳим ўрин эгаллайди. 2005 йил 6 февраль куни Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашув тўғрисида Англашув меморандуми имзоланган. Шу пайтдан эътиборан икки давлат ташқи сиёсий идоралари аро мунтазам равишда сиёсий маслаҳат амалиёти йўлга қўйилди.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида хавфсизлик, таълим ва қурилиш соҳаларидаги шерикликда ҳам сезиларли натижага эришилган. Мисол тарзида 2010 йил 27 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати ўртасида терроризм, уюшган жиноятчилик, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ноқонуний айланишига, шунингдек, бошқа жиноятларга қарши кураш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида” битим имзоланганини қайд этиш керак. Бу давр хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини шакллантириш билан бошланади ва кейинчалик иқтисодиёт, савдо, техника соҳаларидаги алоқаларда ҳам сезиларли фаоллик кузатилади. 2010 йилдан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида иқтисодий-савдо, инвестицион соҳаларда қатор ҳукуматлараро ва идоралараро шартномалар имзоланган.
Ўзаро муносабатнинг ҳолати ва истиқболи, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масаласи Тошкент ва Ар-Риёднинг доимий нигоҳида, дейиш мумкин. 2014 йил май ойида Ар-Риёд шаҳрида “Араб давлатлари лигаси – Марказий Осиё, Озарбайжон” биринчи иқтисодий форумида Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашди ва ташриф натижасига кўра, иштирокчи мамлакатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Кўриниб турибдики, муносабатларнинг 2005-2015 йиллардаги ривожланиш тенденцияси, энг аввало, хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши кураш масалаларида шакллантирилган ва кейинчалик савдо-иқтисодий соҳага кўчган.
2016 йил Ўзбекистоннинг ва Саудия Арабистони ҳамкорлигида янги босқич бошланди. Мазкур даврда иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маданий, инвестициявий алоқаларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилди.
Хусусан, 2016 йил 28 май-3 июль кунлари икки давлат Адлия вазирликлари ўртасида Англашув меморандуми имзоланиши билан ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорлик илдамлашди. Шунингдек, Подшоҳлик ҳукумати аъзолари билан музокара олиб борилиши кўлами кенгайди, араб давлатлари билан халқаро ташкилотлар доирасидаги муносабат, хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом тараққиёт банки билан алоқа фаоллашди.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ришталарга тўхталганда 2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 43-сессиясига Ўзбекистон мезбонлик қилганини эътироф этиш лозим. Ушбу тадбирда Саудия Арабистони билан молиявий ҳамкорлик битими ва Тошкент декларацияси имзоланди.
2017 йил 21 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз ас-Сауд таклифига кўра, араб-мусулмон давлатлари ва АҚШ саммитида иштирок этиш учун Саудия Арабистонига ташриф буюрди. Форум доирасида давлатимиз раҳбари қатор давлатлар раҳбарлари, шунингдек, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз ас-Сауд билан учрашди.
Дарҳақиқат, икки томонлама муносабат ривожланишида фаол расмий ташрифлар ўзига хос аҳамиятга эга.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон – Саудия Арабистони ҳамкорлиги жараёнида Саудия тараққиёт жамғармаси билан Ўзбекистонда қатор йўналишлардаги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида имзоланган келишув алоҳида ўрин тутади.
Масалан, 2011 йил Жидда шаҳрида Ўзбекистон ва Саудия тараққиёт жамғармаси ўртасида “Ғузор – Чим – Кўкдала” автомагистрали реконструкциясини молиялаштириш тўғрисида битим имзоланди. Ушбу мақсадда ҳамкор томон 30 миллион доллар ажратди. Шунингдек, жамғарма томонидан ирригация тизими ва умумтаълим мактабларини ривожлантириш лойиҳалари ҳам амалга оширилган.
Сўнгги 5-6 йилда Саудия тараққиёти жамғармаси билан ҳамкорлик янги мазмун касб этди. Жамғарма делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида “Қишлоқ ерларида турар-жой қурилиши” лойиҳасини молиялаштириш бўйича икки томонлама учрашув ўтказилди. Бу ишлар 2018, 2019 ва 2020 йилларда ҳам амалий натижасини кўрсатди.
Ўзбекистон ва Саудия шериклигининг ҳуқуқий асоси 20 га яқин ҳужжатни ташкил қилади. Ҳаж ва Умра зиёрати бўйича ҳамкорлик шартномалари ҳар йили янгилаб борилади. Халқаро ҳукуматлараро ва идоралараро шартномалар қатори иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган келишувлар аҳамияти ҳам ошиб бораётганини қайд этиш лозим.
Жумладан, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Саудиянинг «ACWA Power» компанияси ўртасида имзоланган инвестиция шартномаси дунёга машҳур мазкур хорижий ҳамкоримиз томонидан юртимизда иссиқлик электр станциясини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва корхонани 25 йил муддатга ишлатишни назарда тутади. Лойиҳага «ACWA Power» 1.2 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилади, қурилиш ва фойдаланиш босқичида 1000 дан ортиқ иш ўрни яратади. Станция йилига 12 миллиард кВт/соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқаради. Мазкур объект 2023 йил тўртинчи чоракда топширилади.
2016 йилдан бу ёғига ҳукуматлараро ва идоралараро шартномалар имзоланиши жадаллашди. Янги, замонавий йўналишдаги қўшма инвестицион компания ташкил этиш тўғрисида шартнома, қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш ва замонавий агрокластер ташкил этиш тўғрисидаги битимлар, қайта тикланадиган энергия, қуёш электр станциялари ташкил этиш тўғрисидаги шартномалар орқали ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси такомиллаштирилаётгани ҳам қувонарли.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 17-18 август кунлари икки Муқаддас масжид ходими, Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд таклифига биноан, давлат ташрифи билан Саудия Арабистонига келиши мамлакатларимиз иқтисодий салоҳиятини янада ёрқин намоён этиш, мавжуд қўшимча имкониятларни юзага чиқариш, бир сўз билан айтганда, ҳамкорлик муносабатини янада юксак даражага кўтаришга хизмат қилади.
Ташриф доирасида “яшил” иқтисодиёт, юқори технологиялар ва рақамлаштириш, инновация, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаларига алоҳида эътибор қаратилиши кутилмоқда. Энг муҳими, давлатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик янада чуқурлашади. Икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланиши кутилаётган бу галги музокаралар икки халқ ўртасидаги кўп йиллик дўстлик, биродарлик тамойилига асосланган алоқалар кўламини янада кенгайтиришига шубҳа йўқ.
Комил Рашидов,
юридик фанлар доктори,
профессор