2018 йил 16 апрель куни “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони имзоланди. Унга кўра диний-маърифий соҳа фаолияти бўйича бир қатор муҳим янгилик ва ўзгаришлар кўрсатиб ўтилган.
Маълумки, 1999 йил 7 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Тошкент ислом университети ташкил этилган эди. Шу вақтга қадар университетда “Ислом тарихи ва фалсафаси” ва “Фиқҳ, иқтисод ва табиий фанлар” факультетлари мавжуд бўлиб, уларда “Диншунослик”, “Ислом тарихи ва манбаашунослиги”, “Дин социопсихологияси”, “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ”, “Халқаро иқтисодий муносабатлар” ва “Информатика ва ахборот технологиялари” йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланган.
2017 йил 1 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Ҳазрати Имом мажмуаси жаомотчилик вакиллари ва диний соҳа вакиллари билан учрашувида диний-маърифий соҳанинг барча йўналишлари каби Тошкент ислом университети фаолиятини такомиллаштириш бўйича кўрсатма берган эди.
Куни кеча эълон қилинган фармоннинг 4-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ўзбекистон ислом академияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети таклифлари маъқулланиб университет негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилади.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита муассислигидаги диний ва дунёвий билим беришга ихтисослашган таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси деб белгиланди.
Унда Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва б.) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрлар тайёрланади.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси битирувчиларига умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида соҳага тегишли фанлар бўйича педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.
Фармонда Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилиниши қайд этилган.
Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази ҳам ташкил этилади.
[…] ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, унинг таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, […]