islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Саудия Арабистони авиакомпанияси 15 сентябрдан ҳафтасига 2 марта Тошкент–Жидда рейсларини йўлга қўяди

Саудия Арабистонига визасиз кириши мумкинлар рўйхатига Ўзбекистон фуқаролари ҳам тез орада қўшилишига умид қиламиз, деди подшоҳликнинг Тошкентдаги элчиси Юсуф ал-Утайбий. Унинг сўзларига кўра, 15 сентябрдан бошлаб FlyNas компанияси ҳафтасига икки марта Тошкент–Жидда йўналишида янги авиақатновларни бошлайди.

6 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ташкил қилинган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёевнинг қиролликка ташрифида эришилган келишувлар ҳамда уларнинг ижроси юзасидан қўшимча ахборот берилди.

 «Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига ташрифини тарихий деб аташ мумкин. Бу ташриф икки томонлама муносабатларда янги саҳифаларга йўл очмоқда.

Ташриф давомида Қўшма баёнот қабул қилинди. Унда, шунингдек халқаро вазият ҳамда Афғонистон, Яман ва Украинадаги вазият бўйича томонларнинг қарашлари ҳам ўз аксини топган. Икки мамлакат ҳам Украинадаги низо тинч йўллар билан ҳал қилиниши тарафдори эканлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, таълим, соғлиқни сақлаш, ҳаво йўллари ва бошқа кўплаб соҳаларни қамраб олган 14 ҳужжат – битимлар, келишув ва меморандумлар имзоланди. Ташриф арафасида ишбилармон доираларининг учрашуви ҳам ўтказилди. Бу учрашувларда эришилган келишувларнинг умумий қиймати 12 миллиард доллардан ошади.

Хушхабар сифатида айтишим мумкин, Саудия Арабистонининг машҳур FlyNas компанияси жорий йил 15 сентябрдан бошлаб ҳафтада икки марта Тошкент-Жидда рейсларини амалга оширади.

Мен, шунингдек Ўзбекистон президенти ва ҳукуматига 2023 йил январь ойидан бошлаб саудияликлар учун 30 кунлик визасиз режим жорий қилаётгани учун миннатдорчилик билдираман. Бу туризм ва халқларимиз ўртасидаги алоқаларнинг яхшиланишига сабаб бўлади», – деди Юсуф ал Утайбий 6 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда.

Kun.uz мухбири элчидан Саудия қироллиги ҳам жавоб тариқасида ўзбекистонликлар учун қисқа муддатга бўлса ҳам визасиз режим жорий қилиш режаси бор ёки йўқлиги ҳақида сўради.

«Бизда ҳам Туризм вазирлиги томонидан рўйхат тайёрланган. Бу рўйхатга ўнлаб мамлакатлар киритилган ва у мунтазам равишда янгилаб борилади. Биз ҳам умид қиламиз, тез орада мазкур рўйхатга Ўзбекистон ҳам киритилади. Ўйлайманки, қандай ижобий қадам қўйилмасин, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни, хусусан туризмни ривожлантиришга қўйилган қадам бўлади», – деди Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси.

манба: https://kun.uz/02650011

323670cookie-checkСаудия Арабистони авиакомпанияси 15 сентябрдан ҳафтасига 2 марта Тошкент–Жидда рейсларини йўлга қўяди

Leave a Reply