Йўл патрул хизмати ходимларидан бири айтиб берди:
“Ойлик олган куним эди. Қўшимчасига мукофот пули ҳам беришди. Кайфият зўр. Бугун ҳеч кимга жарима ёзмайман дедим-да, ишга чиқдим.
Хизмат жойимда турсам, узоқдан янги иномарка келяпти. Тўхтатдим.
– Ассалому алайкум, ака яхшимисиз?
– Ва алайкум ассалом. Аллоҳга шукр.
– Мошиналар муборак бўлсин!
– Сизга бунданам яхшисини насиб этсин!
– Ака, мен Фалончи Фалончиев… Хизматчилик, ҳужжатларингизни текшириб қўйсак.
Ҳайдовчи бемалол деди-да, ҳужжатларини тақдим этди. Синчиклаб текширсам-да бирон муаммо тополмадим. Базадан штрафларни текширдим: топ-тоза. Шунда шайтон қурғур эски синалган усулингни қўлла, деб қулоғимга қуйди. Ҳайдовчига жиддий қараб:
– Ака нима қоидабузарлик қилганингизни биласизми, – дедим.
Одатда, бунақа пайтда малакасиз ва эътиборсиз ҳайдовчилар ўзини йўқотиб қўяр, уларга биронта навбатчи қоидабузарликни қўйворса бўлаверарди. Ҳайдовчи ака ўзгармади ҳам, ўша-ўша кайфиятда “билмасам” деди. “Тузоққа илинди” дедим ичимда.
– Полосани босдингиз. Протокол қиламизми?
Ҳайдовчи ҳеч бўлмаса мен билан тортишиши, ҳақини талаб қилиши, жилла қурса, “ёзмай қўёвринг, камандир” дейиши керак эди. Иномарка эгаси фавқулодда хотиржамлик билан:
– Қоидани бузган бўлсак, ёзаверинг, – деди.
Тўғриси бунақа хотиржам ҳайдовчини умримда биринчи марта кўриб турибман. Бир тарафдан жаҳлим чиқади, иккинчи тарафдан виждон қийналяпти. Охири мақсадга ўтдим:
– Ғалати одам экансиз, ким нима деса ишонаверасизми? – дедим кулги аралаш. У эса менга шундай жавоб бердики, бошим ғовлаб кетди:
– Ғалати эмасман. Менга Аллоҳнинг саломини йўллаб, гўзал муомала қилган одам мени алдамаса керак.
Жавоб ўқ бўлиб юрагимга жойланган эди. Терс ўгирилдим-да, додлаб юбормаслик учун чуқур нафас олдим. Ҳужжатларни қайтариб берарканман:
-Узр сўрайман, кетаверинг, ҳеч қандай қоидабузарлик қилмадингиз, дедим.
Иномарка эгаси, ҳужжатларни қутига соларкан, ичидан кичик бир атирни олди-да, менга бераркан: “Мана бу ҳадяни қабул қилинг, чин дилдан, умрадан олиб келгандим. Ассалому алайкум!” деди.
Қўлларим қалтираб зўрға олдим. Ерга чўккалаб узоқ ўйланиб қолдим.
Иномарка эгаси менга мўминликни ўргатиб кетган эди. Ўшандан бери бировга ноҳақ жарима ёзмадим, ҳеч кимга ёмон муомала қилмадим…
Давронбек Тожиалиев
Shunday insonlar kopaysin buni oqib men olloh borligi har doim ollohni salomini aytish ham ishlaringiz rizqingiz ulug bolishi ollohdan ekaniga ishondim va amal qilaman