Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги илмий даражалар берувчи кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Академиянинг ёш тадқиқотчилари ўзларининг диссертацияларини ҳимоя қилишди.
Тошкент ислом институти Тиллар кафедраси ўқитувчиси Саидаҳмадхон Ғайбуллаевнинг “Фахрул-ислом Паздавийнинг “Усул” асарида ҳанафий усул қоидалари таҳлили” мавзусидаги исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертацияси ҳимояси ўтказилди.
Тадқиқот иши “Х-ХI асрда ҳанафий усул ал-фиқҳ илми ривожини тадқиқ этишнинг илмий-назарий асослари”, “Фахрул-ислом Паздавий “Усул” асарининг ҳанафий усул ал-фиқҳи ривожида тутган ўрни” ҳамда “Усул” асарида суннатдан ҳукм олишнинг ҳанафийликка хос қоидалари таҳлили” каби бобларга ажратилган.
Ёш олим нутқи давомида тадқиқот иши “Усул ал-Паздавий» асарида ёритилган ҳанафийликка хос усул қоидаларининг илмий-амалий аҳамиятини очиб беришдан иборат эканлигини қайд этди.
Шунингдек, Иродахон Гафурованинг “Туркистонда ислом меъморий обидалари (ХIХ аср иккинчи ярми ва ХХ аср бошлари)” мавзусидаги тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ва “Исломшунослик” факультети декани Жаҳонгир Тоҳировнинг “Али Қушчининг “Шарҳ Тажрид ал-калом” асари – темурийлар давридаги калом илмига оид муҳим манба” мавзусидаги тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертацияси ҳимояси ўтказилди.
Қизғин баҳс-мунозаралар остида ўтган диссертациялар ҳимоясида сўзга чиққан экспертлар тадқиқотчиларнинг илмий ишларини чуқур илмий даражада ўрганганини қайд этишди. Аниқ фактларга таянилган маълумотлар мавзулар кўламини янада очиб берилгани таъкидланди.
Якунда тадқиқотчиларнинг диссертациялари фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун муносиб экани бир овоздан маъқулланди.
2021 йил ноябрь ойида Тошкент ислом институти Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси мудири, тадқиқотчи Примов Соатмурот Ураловичнинг “Абу Шакур Кеший “Тамҳид” асарининг мотуридия таълимоти ривожида тутган ўрни” мавзусидаги 24.00.01 – Ислом тарихи ва манбашунослиги ихтисослигидан исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилган эди.
ТИИ Матбуот хизмати