Шу кунларда Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон Рабиа бошчилигидаги делегация юртимизда бўлиб турибди.
Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Айниқса, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари ижобий суръат касб этиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Икки мамлакатни азалдан тарихий, маданий-маърифий ва ижтимоий-маънавий ришталар боғлаб туради. Ўзбекистон – Саудия Арабистони муносабатлари муштарак ва дўстона ҳамкорлик асосига қурилган. Аждодларимиз азалдан Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварага интилган ва бу заминда ислом дини асосларини ўрганиб, дунё илм-фани тараққиётига тамал тошини қўйган.
Амалий ташриф доирасида пойтахтимиздаги “Симпозиумлар саройи”да Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон Рабиа бошчилигидаги нуфузли делегацияси аъзолари билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров иштирокида ўзаро дўстона мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда С.Тошбоев сўз олар экан, жорий йилнинг 17-18-август кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг икки Муқаддас масжид ходими, Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд таклифига биноан давлат ташрифи билан Саудия Арабистонига боргани давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик муносабатини янада юксак даражага кўтаришга хизмат қилганини таъкидлаб ўтди. Энг муҳими, икки халқ ўртасидаги кўп йиллик дўстлик, биродарлик тамойилига асосланган алоқалар кўлами бугунги кунда янада кенгайиб бормоқда.
Буни биргина жорий йилда юртимизнинг ҳаж зиёратчилари сони 12 минг нафардан, умра ибодатини бажарувчилар сони эса 40 минг нафардан ошганида ҳам кўриш мумкин. Маълумки, юртимизда “Ҳаж” ва “Умра” тадбирлари Вазирлар Маҳкамасининг 364-сонли қарори асосида тегишли Жамоатчилик Кенгаши томонидан амалга ошириб келинаётгани, бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси катта тажриба орттиргани, натижада юртимиз зиёратчилари ҳар йилги ҳаж мавсумида энг намунали, деган мақомга муносиб бўлаётгани алоҳида қайд этилди.
Ўз навбатида, Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон Рабиа ҳам икки мамлакат етакчиларининг олий даражадаги учрашувлари ва унда қабул қилинган кенг кўламли ва истиқболли қарорлар халқларимиз орзу-мақсадлари муштараклигини намоён этганини қайд этди. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар, илмий-маърифий ва туризм каби соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳаж ва умра зиёратини бажарувчилар Аллоҳ таолонинг меҳмони экани, уларга кўмак берган, оғирини енгил қилган инсон улуғ савобга ноил бўлиши мазмунидаги ҳадиси шарифни келтириб ўтди. Шу маънода, ҳаж ва умра қилувчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, ибодат амалларини бажариш учун Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида янада қулай шароитларни ҳозирлаш борасидаги вазирлик фаолиятига муваффақият тилади.
Самимий мулоқот доирасида амалий ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш, халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, зиёрат туризмини ривожлантириш борасида фикр алмашилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига ташрифлари давомида билдирган таклифлари асосида Самарқанд вилоятида қайтадан бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуаси ёнида қад ростлайдиган муҳаддис бобомиз номидаги музейни Мадина шаҳрида жойлашган Ислом цивилизацияси музейи тажрибаси асосида ташкил этиш, ислом олимларининг илмий-тадқиқот ишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш, дин уламолари иштирокида анжуманлар ўтказиш, Саудия Арабистони фуқароларини Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Термиз каби қадимий шаҳарларига зиёратларини ташкил этиш каби бир қатор амалий таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилиб, муштарак мақсадлар ифодаланди.
Музокараларда Саудия Арабистонида “Нигоҳ-2030” давлат дастури муваффақиятли амалга оширилаётгани, икки мамлакатнинг кўп ёндашувлари ўхшашлиги ва халқаро доирада бир-бирини доим қўллаб-қувватлаб келаётгани эътироф этилди.
Учрашувда мана шундай ҳамкорликларга замин ҳозирлаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари, Икки Муқаддас Масжид ходими Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ҳазрати олийлари ва Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон жаноби олийларига миннатдорлик билдирилди.
Мулоқотда Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ўртасида Меморандум тузиш масаласи кўриб чиқилди.
Саудия Арабистони делегацияси вакиллари мамлакатимизга ташрифи давомида бир қатор манфаатдор вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан музокаралар ўтказиш, таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолияти билан яқиндан танишиш, мамлакатимиздаги муборак қадамжоларни зиёрат қилиш режа қилинган.
Баҳодир Жовлиев,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот котиби
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022-йил 29-сентябрь, 200-сон