islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Муфтий ҳазрат Расул алайҳиссаломга муҳаббат ҳақида мавъиза қилдилар

Бугун, 7 октябрь куни Тошкент шаҳридаги “Новза” жоме масжидида жума намози жуда файзли ўтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Рабиъул аввал ойи муносабати билан ташкил этилган мавлид тадбирига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ташриф буюрдилар.

Маросим аввалида юртимизнинг маҳоратли қорилари томонидан Қуръони карим тиловати, Имом Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳнинг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мавлидлари ҳақидаги қасидалари навбат билан гўзал тарзда ўқилди.

Шундан сўнг Муфтий ҳазратлари Расул алайҳиссаломга умматнинг муҳаббати қандай бўлиши лозимлиги ҳақида шаръий далил ва ҳаётий мисоллар ила гўзал мавъиза қилиб бердилар.

Дастлаб Муфтий ҳазрат жомега йиғилган жамоатни ва онлайн эфир орқали суҳбатни тўғридан-тўғри кузатиб турган мўмин-мусулмонларни Мавлуди шариф билан муборакбод этиб, ушбу ой фазилати ҳақида сўзладилар.

Файзли суҳбат асносида Муфтий ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни нима учун яхши кўришимиз ҳақида сўзлаб, жумладан бундай дедилар:

– Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг саййидидирлар. Умматлари эса умматларнинг энг улуғидир. Бу уммат “Сизлар инсонлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз” (Оли Имрон, 110) оятидаги энг яхши уммат номини ва бошқа мартаба ва мақомларни барчасини у зот туфайли топгандир. Шунинг учун биз у зотни яхши кўрамиз. Дарҳақиқат, инсон ўзи муҳаббат қилган кишисига ўхшашни, уни ҳурсанд қиладиган ишларни қилиб, норози қиладиган амаллардан четлаша бошлайди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менинг суннатимни яхши кўрса, менга муҳаббат қилибди. Ким менга муҳаббат қилса, жаннатда мен билан бирга бўлади”, дедилар” (Имом Термизий ривоят қилган). Қандай қилиб у зотни яхши кўрмаслик ва у зотга муҳаббат қўймаслик мумкин? Ахир у зотга улуғ фаришталар, ўтган пайғамбарлар муҳаббат қўйганлар ва у зотга уммат бўлишни орзу қилганлар.

Гўзал ва манфаатли мавъиза якунида хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

330510cookie-checkМуфтий ҳазрат Расул алайҳиссаломга муҳаббат ҳақида мавъиза қилдилар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: