Инсон учун душманларининг ичида энг ёмони шайтон бўлса, инсоннинг нафси ундан ҳам ёмонроқ душмандир.
Шайтон инсонни нафсини ўзига қарши қурол қилиб, Аллоҳ таолонинг йўлидан адаштиришга, гуноҳ содир этишига, дунёсини ҳам оҳиратини ҳам барбод бўлишига олиб боради. Инсон бундан огоҳ бўлиб, охирати учун нимани тайёрлаётганига эътибор бериши керак. Аллоҳ таоло “Ҳашр” сурасида инсонларни огоҳлантириб:
“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир”, деб марҳамат қилган.
Муфассирлар мазкур оятни инсон учун “танбеҳ” (огоҳлантириш) ояти эканини зикр қилганлар. Инсон дунёда қилиб турган фаолияти учун қиёматда жавоб беришини билган кимса, доимо яхшилик сари ҳаракат қилади ва ўзгаларни ҳам унга ундайди.
Шу боисдан ҳам нафс тубанликнинг боши, разолат, жаҳолат, гуноҳларни туғилишига сабаб бўлгувчи омилдир. Нафсининг ҳою ҳавасларига эргашувчи, нафсига қул бўлувчи кимса Аллоҳ таолонинг раҳматидан, дунё ва охиратидаги яхши манзил ва мақомидан айрилган бўлади. Бугунги кунда нафсини қули бўлган кишилар, тубанлик гирдобига гирифтор бўлмоқдалар. Турли фитналарга, ғаламиз кимсалар, тўдалар, гуруҳлар, замонавий фирқалар, алдовларга, одам савдоси, гиёҳвандлик, зино каби иллатли разолатларга кириб кетишига сабаб бўлмоқда. Инсон дунёси ва охирати учун ўзига зарарли бўлган қабоҳат, разолат, жаҳолатдан огоҳ бўлмоқлиги учун кишидан илм, маърифат, тафаккур талаб этилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Бир соатлик тафаккур бир йиллик (нафл) ибодатдан яхшироқдир”, деб ўз умматларини бу ибратлик дунёдан нафсини тарбиялаб, тафаккур ва тадаббур ила ҳаёт кечиришга чоралаганлар.
Нафс тарбия қилинмаса, кишилар ахлоқи яхши бўлмаса, насиҳатлардан манфаат бўлмайди. Чунки яхшиликлар, тараққиёт, маърифатнинг тарқалишида инсон нафси, ахлоқининг яхшилиги муҳим ўрин тутади. Нафси, ахлоқи тарбия топган, гуноҳлардан сақланган инсонлар яшайдиган оилада, жамиятда, эл-юртда доимо ободончилик, ривожланишлар бўлади. Нафсига қул бўлган, тафаккур қилмаган, илм ўрганмаган кимсалар яшайдиган эл-юртда доимо тафриқалар, зиддиятлар, ноҳақ қон тўкилишлар, ахлоқий ва маънавий бузуқликлар келиб чиқади. Натижада Аллоҳ таолонинг балолари ёғилади.
Адо этаётган ибодатларим, эҳсонларим қабул бўлсин, Яратганнинг розилигига эришай, турли балолардан саломат бўлай деган киши, нафсини тарбия қилмоғи ва ахлоқини яхшиламоғи, бу борада доимо ҳаракатда бўлмоғи лозим.
Аллоҳ таоло инсонни ер юзини обод қилиши, Ўзига ибодат қилиши, инсонлар учун манфаатлик бўлишига чорлагандир. Инсон бу мақомга эришимоқлиги учун нафсини тарбия қилмоқлиги, ахлоқини сайқалламоқлиги лозим бўлади.
Шоҳимардон Орипов,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Улуғнор тумани Сўфи Оллоҳёр
жоме масжиди имом-хатиби