Тошкент ислом институти “Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси И.Юлдашев Модуль таълим шакли талабаларига “Илм олишнинг фазилатлари” мавзусида давра суҳбати ўтказди. Суҳбатда “Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси Ф.Эрназаров ҳамда Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходими Ш.Бадиев иштирок этдилар.
“Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан (яъни Таврот ва Инжилни биладиганлардан) сўрасангиз!..” (Наҳл, 43)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илм олиш фазилатини шундай баён қилдилар: “Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди” (Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Малоикалар толиби илмни қилган ишидан мамнун бўлиб унга қанотларини ёзадилар. (Имом Аҳмад Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илмдан бир боб ўрганиб тонг оттиришинг юз ракат намоз ўқишингдан афзалдир” (Имоми ибн Абдулбар Абу Зарр ривоят этган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтадилар: “Киши илмдан бир боб ўрганиши унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир” (Имом ибн Абдул Бар Ҳасан Басрийдан мавқуф ҳолда ривоят қилган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Илмни Чинда (Хитойда) бўлса ҳам ўрганинглар” (Имом ибн Адий ва Байҳақийлар заиф иснод билан ривоят қилган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илм – хазина, унинг калити – савол. Сўранглар, сўрашда 4 киши савобга эга бўлади: савол берувчи, жавоб берувчи, эшитувчи, уларни дўст тутувчи” (Абу Нуъайм заиф иснод билан ривоят қилган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Жоҳил билмаганини сўрамаслиги, олим билганини айтмаслиги дуруст эмас” (Табороний, Ибн Мурдавайҳ, ибн Сунний, Абу Нуъаймлар ривоят қилган).
Абу Зарр ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олимнинг мажлисида ҳозир бўлиш минг ракат намоздан, мингта касални бориб кўришдан, мингта жанозада иштирок этишдан афзалдир”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, Қуръон тиловатидан ҳам яхшироқми?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Илм бўлмаса, Қуръон тиловати фойда берадими?” (Ибн Жавзий “Мавзуъот”да зикр қилган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким исломни тирилтириш учун илм ўрганаётганида вафот этса жаннатда у билан Пайғамбарлар орасида бир даража қолади» (Дорамий ва ибн Сунний ҳасан ҳолда ривоят қилишган)
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва
маърифат бўлими ходими Ш.Бадиев