islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Боқий мўъжиза

Ҳар бир пайғамбарнинг ўз мўъжизаси бўлган, бундан умматлари яхши хабардор бўлганлар. Чунончи, Фиръавн қавми математика, табиий фанлар ва айниқса, сеҳрга уста эдилар. Шу боис, Аллоҳ таоло томонидан уларга юборилган пайғамбар Мусо алайҳиссаломга беқиёс сеҳргарликдан устун турадиган мўъжизалар ато этилган. У зотнинг мўъжизалари Аллоҳ тарафидан берилганига уламою сеҳргарлар иймон келтирганлар. (У кишининг ҳассалари илонга айланиб, сеҳргарлар ўз жодусини ўтказган нарсаларни ютиб юборган.)

Исо алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келган кезларида кишилар орасида табиат илми чандон тараққий этган бўлган, шуннинг учун у давр одамлари руҳий тушунчаларни инкор этганлар. Бундайларни кўзини очишнинг бирдан-бир чорасини билган Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга сўқирларнинг кўзини очиш, бедаво дардга чалинганларга шифо бериш, хатто ўликларни тирилтириш мўъжизасини ато этган.

Шунга алоҳида эътибор бермоқ лозимки, аввалги пайғамбарларнинг мўъжизалари муваққат бўлган. Яъни, пайғамбарлар ҳаётлиги чоғида ўз хизматини ўтаб бўлгач, одамлар ишончини қозонгач, пайғамбар вафотидан сўнг йўққа чиққан. Бироқ, йиллар ва замонлар ўтиши билан инсон ақли тараққий этаверган, илм ортаверган, натижада бояги пайғамбарлардан мерос қолган мўъжизалар таъсири сўнаверган. Шунга баравар, диний эътиқод ҳам сустлаша борган.

Хўш, одамларнинг эътиқодини абадул-абад мустаҳкамлаб тура олувчи, иймоннинг заифлашишига йўл қўймайдиган кучни қаердан топиш мумкин эди? Унинг чораси ҳам ёлғиз Аллоҳга аён эди, шундай ҳам бўлди.

Ер юзига бошқа динлардан кўра мукаммал, ҳақиқат чироғи бўлмиш Ислом динининг бош хужжати Қуръони карим нозил бўлди! Аллоҳ таоло Қуръони каримни ўзини  охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мўъжиза қилиб берди. Севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг каломи бўлмиш бу мўъжиза китобни ўз умматларига ҳеч бир ҳарфини ўзгартирмай етказиб зиммаларидаги омонатни адо этдилар. Мана энди Ул зот алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин ҳам,  Қуръон башариатнинг ақил идроки тараққиёт чўққисига чиққан хозирги пайтларгача жами тафаккурларни лол қолдириб келмоқда, унинг ҳидояти, қонун-қоидалари, услуби ва маънолари мудом барҳаётдир.

  Аллоҳ бу мўжазани ўзи сақлашини хабарини берган.

إِنَّا نَحۡنُ نَزَّلۡنَا ٱلذِّكۡرَ وَإِنَّا لَهُۥ لَحَـٰفِظُونَ

“Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз” (Ҳижр, 9). Ушбу зикр – Қуръондир.

Изз ибн Абдуссалом: “Ҳар бир набийни мўъжизаси тугайди, лекин аввалги ва охиргиларни набийси Муҳаммад алайҳиссаломни мўъжизалари бўлмиш Қуръон қиёмат кунгача боқийдир”.

 Зеро ҳар қандай соғлом фикрли киши бузғунчи хаёллардан холи равишда Қуръони каримни ўрганса, унинг илоҳий мўъжизакор китоб эканлигига шак-шубҳа қилмайди.

Тошкент ислом институти

талабаси Муҳаммад Бобур

333170cookie-checkБоқий мўъжиза

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: