islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Экстремизм тарихига назар: Ҳатто “Масжидул Ҳаром”га ҳам ҳужум уюштиришди

Терроризм тушунчаси. Терроризм – жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш, аҳолининг кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотишга қаратилган сиёсий курашнинг ўзига хос усулидир. У яширин (конспиратив) руҳдаги ташкилотлар томонидан беқарорлик келтириб чиқариш орқали давлат ҳокимиятини эгаллаш мақсадида қўлланилади. Террорчи уюшмалар оммавий бўла олмагани учун ҳам кўп ҳолларда аҳолининг кенг қатламлари номидан ҳаракат қилиш таассуротини уйғотиш мақсадида диний шиорлардан ниқоб сифатида фойдаланадилар.
Терроризмнинг энг асосий хусусиятларидан бири бундай ҳаракат тарафдорларининг “зўрлик давлатни қулатувчи ва ҳокимиятга эришишни осонлаштирувчи парокандаликка олиб келади”, деган ғояга асосланиб ҳаракат қилишларида яққол кўринади. Терроризмнинг яна бир хусусияти ҳеч қандай уруш бўлмаётган, тинчлик ҳукмронлик қилаётган, жамиятда демократик институтлар фаолият кўрсатаётган бир шароитда муқобил усулларни атайин инкор этган ҳолда, сиёсий масалаларни зўрлик йўли билан ҳал қилишга интилишда кўринади. Бундай сиёсий масалалар ўз навбатида ҳудудий, этник, диний ёки бошқа шаклу шамойил касб этиши мумкин.
Экстремизм ва терроризмнинг жамият барқарорлиги ва ривожига салбий таъсири халқаро террорчилик тизимида етакчи ўринларни эгаллаб турган баъзи ташкилотларнинг моҳияти таҳлил қилинганда янада яққол намоён бўлади. Улар сирасида бундай ташкилотлар вужудга келишига асос ва намуна бўлган “салафийлик” гуруҳининг фаолияти алоҳида аҳамият касб этади.
Салафийлик”. “Салафийлик” тушунчаси араб тилидаги “салаф” сўзидан олинган. “Салаф” сўзи “аввал яшаб ўтганлар”, “аждодлар” деган маъноларни билдиради.
Ҳадисларга кўра, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар “салаф солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” ҳисобланади. Шунга кўра, улардан кейин яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафий” тушунчаларини ишлатиш мумкин эмас.
Қайд этиш жоизки, тарихда яшаб ўтган ислом уламоларининг асарларида “салаф. салафий” сўзлари кўп учрайди. Аммо уларда алоҳида ажралиб чиққан “салафийлик ҳаракати эмас, балки ислом тарихининг дастлабки уч асрида, яъни ХIII-IХ асрларда яшаган мусулмонлар назарда тутилган.
Сўнги вақтларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиори остида “салафийлик” мафкурасини байроқ қилиб олган, ўзларини гўёки “салафларнинг издошларимиз”, деб ҳисоблайдиган мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.
Бугунги кунда сохта салафийларни умумлаштириб. Икки гуруҳга ажратиш мумкин.
Биринчиси, давлат бошқарувида шариатнинг устуворлигига эришиш учун жангу жадаллар билан ҳаракат қиладиган “радикал” салафийлар. Бу тоифадаги сохта салафийлар “жиҳод” ғоясининг мазмунини бузиб талқин қилиб, унга жангарилик, қўпорувчилик тусини бермоқдалар. Улар нафақат бошқа дин вакилларини, балки мусулмонларга қарши зўравонлик, қўпорувчилик ҳамда босқинчилик хатти-ҳаракатларини асослаш ва оқлаш учун “жиҳод” тушунчасидан фойдаланмоқдалар.
Иккинчиси, гўёки ўзларини давлатдаги мавжуд қонун-қоидаларга бўйсунадиган ва уларга қарши чиқмайдиган қилиб кўрсатадиган, бироқ жангарилик фаолияти билан шуғулланмайдиган, гўёки “мўътадил” салафийлар ҳисобланади. Улар ўзларининг мутаассиб фикрларидан қайтмаган ҳолда, муайян мазҳабга мансуб бўлишини ёқламайдилар.
Замонавий воқелик террор ёки давлат тўнтариши йўли билан ҳокимиятни қўлга олиш сохта салафийлар томонидан асосий йўл сифатида танланганини кўрсатади. 1979 йилнинг ноябрида Арабистон ярим оролида Жуҳайман Утайбий ва унинг тарафдорлари Маккадаги “Масжидул Ҳарам”га ҳужум уюштирди. Улар томонидан масжидни эгаллаш, умумхалқ қўзғолонини кўтариш ҳамда дастлаб Арабистон ярим оролида, сўнг бошқа минтақаларда “Ислом давлатини қуриш” режалаштирилган эди.
Ушбу ҳаракатни бостиришда, расмий маълумотларга кўра, 117 киши ўлдирилиб, 143 киши ҳибсга олинди, ҳукумат кучларидан эса 127 киши ҳалок бўлиб, 451 киши яраланди.
Ушбу воқеалардан сўнг салафийлик ғоялари ва унга асосланган ҳаракатлар мазкур ҳудудда тазйиқ остига олинди ва ўз навбатида, араб дунёси чагарасидан чиқиб, бошқа минтақаларга тарқалди.
Бугунги кунда сохта салафийлик ғоялари остида асосан Шимолий Африка, Яқин Шарқ, Кавказ ва Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида фаолият олиб борадиган ҳаракатлар жамиятдаги эътиқодий бирлик, барқарорлик ва тараққиёт учун реал таҳдидга айланганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Зафар Маҳмудов
ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси
Абдуллоҳ ибн Равоҳа жоме масжиди имом-хатиби

337150cookie-checkЭкстремизм тарихига назар: Ҳатто “Масжидул Ҳаром”га ҳам ҳужум уюштиришди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: