islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фатво: “Вафот этган одамнинг жасадини ёриш жоиз”ми?

“وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ” (الإسراء:70)

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик” (Исро сураси, 70-оят).

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган кишининг эҳтироми ҳақида шундай деганлар:

“كَسْرُ عَظْمِ الْمَيِّتِ كَكَسْرِهِ حَيًّا” (رواه الإمام أبو داود)

яъни: “Вафот этган кишининг суягини синдириш – тирик кишининг суягини синдириш билан баробардир” (Имом Абу Довуд ривояти).

Лекин замон тараққиёти сабабли турли жиноятларни аниқлаш ёки тиббиёт олий ўқув юртларида ўқувчиларга таълим бериш ва уларда малака ҳосил қилиш учун вафот этган кишининг қорнини ёриб кўрилишига эҳтиёж пайдо бўлади. Динимиз нуқтаи назаридан ушбу эҳтиёжни қондиришга, мурдаларни қорнини ёриб кўришга қандай қаралади?

Қадимги фуқаҳоларимизнинг фиқҳий манбаларида айни ушбу мавзуга тўхталиб ўтилмаган. Лекин унга яқин бўлган икки масала ёритиб ўтилади.

Биринчи масала: Ҳомиладор аёл вафот этсаю, ҳомиласи тирик экани аломати сезилса, табиблар ҳомилани ҳаётини сақлаб қолишга кўзлари етса, онасини қорнини ёриб олишлари жоиз бўлади. Ушбу масалада вафот этган онасининг ҳаққи поймол бўлсада, тирик боласининг ҳаётини сақлаш учун рухсат этилади. Аллома ибн Моза Бухорий “Ал-Муҳийтул Бурҳоний” номли китобида шундай дейдилар:

في «فتاوى أبي الليث» في امرأة حامل ماتت، وعليه أن ما في بطنها حي، فإنه يشق بطنها من الشق الأيسر، وكذلك إذا كان أكثر رأيهم أنه حي شق بطنها.

“Фатвои Абу Лайс китобида келишича, ҳомиладор аёл киши вафот этсаю, қорнидаги боласи тирик бўлса, аёлнинг чап томонидан қорни ёрилади. Шунингдек, боланинг тириклигига табибларнинг гумони ғолиб бўлса ҳам шундай йўл тутилади” (10-жуз, 194-бет). 

Ушбу масала аксинча кўринишда (яъни, она тирик, ҳомиласи ўлган) бўлганда ва бу ҳолат онанинг ҳаётига хавф туғдирганда, доя ҳомилани бирор асбоб билан бўлиб-бўлиб олишига рухсат этилади (Албатта, бунда ҳомиланинг ўлганига аниқ ишонч ҳосил қилинган бўлиши шарт). Ушбу ҳолатда ҳам гарчи ўлган боланинг жасадига тажовуз қилинаётган бўлсада, тирик онани ҳаётини сақлаб қолиш учун бунга рухсат этилган (Аллома ибн Моза Бухорийнинг “Ал-Муҳийтул Бурҳоний” китоби, 10-жуз, 194-бет).

Иккинчи масала: Бирор қимматбаҳо буюмни вафот этган киши тириклик пайтида ютиб юборган бўлса, ўша буюм аслида маййитнинг ўзини мулки бўлса, уни қорнини ёриб чиқариб олишга рухсат этилмайди. Чунки инсон гарчи вафот этган бўлсада, мол-мулкдан қадр-қиммати баланд, эҳтироми вожиб саналади. Агар ўша буюм бошқа кишининг мулки бўлиб, маййит бошқа мол-мулк қолдирган бўлса ҳам ҳукм шундай. Яъни, маййитнинг қорни ёрилмайди, қолдирган молидан тириклик пайтида ютиб юборган қимматбаҳо буюмнинг қиймати тўлаб берилади. Агар маййит ўзидан кейингиларга мол-мулк қолдирмаган бўлса, ана шу пайтда унинг қорни ёрилиб, бировнинг мулкини чиқариб беришга рухсат этилади. Чунки шариатда ўзганинг ҳаққи устун туради. Бу ҳақда Аллома Ибн Нужайм “Баҳрур роиқ” китобида шундай дейдилар:

وعن محمد رجل ابتلع درة أو دنانير لآخر فمات المبتلع ولم يترك مالا فعليه القيمة ولا يشق بطنه… ونقل الجرجاني شق بطنه للحال ؛ لأن حق الآدمي مقدم على حق الله تعالى.

Имом Муҳаммаддан нақл қилинеишича, бир киши бошқа бир инсоннинг марваридини ёки динорларини ютуб юбориб, ўлсаю бирор мол-мулк қолдирмаган бўлса, ўша (марварид ёки динорлар) нинг қиймати ютуб юборган одамнинг зиммасида бўлади, унинг қорни ёрилмайди… Журжонийнинг нақл қилишича, ўша заҳоти вафот этган одамнинг қорни ёрилади. Чунки одамларнинг ҳаққи Аллоҳ таолонинг ҳаққидан муқаддам туради” (17-жуз, 248-бет).

Демак, қадимги фуқаҳоларимиз мана шу икки масалада вафот этган кишининг қорнини ёришга маълум шартлар асосида рухсат этишган. Ҳар иккисида ҳам катта зарарни кичик зарар билан даф қилишдан бошқа чора қолмаганда, ўша кичик зарардан фойдаланишга рухсат берилган.

Замонамиз уламолари ва кўплаб фатво уюшмалари томонидан вафот этган инсоннинг жасадини ёриб кўришга қаттиқ зарурат юзага келганда, уни маълум шартлар асосида амалга ошириш жоиз эканига иттифоқ қилишган. Зеро, фиқҳий қоидага кўра:

الضرورات تبيح المحظورات

“Заруратлар таъқиқланган нарсаларни мубоҳ қилади”.

Яъни, вафот этган инсонинг қорнини ёриш аслида бировнинг ҳаққига тажовуз қилиш бўлгани учун шаръан таъқиқланган амал саналади. Лекин ўлим сабабларини ўрганиш, бирор жиноятни фош этиб, жиноятчиларга тегишли чора кўриш, жамиятда адолатни таъминлаш учун унинг қорнини ёришга зарурат туғилганда, ушбу зарурат сабабли бунга рухсат этилади. Шу билан бирга яна бир бошқа фиқҳий қоидада шундай дейилади:

الضرورة تقدر بقدرها

Зарурат ўз миқдорича баҳоланади”.

Яъни, зарурат сабабли шариатда таъқиқланган ишни амалга оширишда ўша зарурат миқдорича рухсат этилади. Бунда заруратдан ташқари ҳар қандай хатти-ҳаракатлар шаръан жоиз бўлмайди.

Вафот этган кишининг танасини ёриб кўриш масаласи Ислом Фиқҳи Академияси томонидан ҳижрий 1408 йил, 24-28 сафар ойи (1987 йил, 17-21 октябр) кунлари Маккаи мукаррамада бўлиб ўтган ўнинчи мажлисда уламолар томонида фиқҳий жиҳатдан ўрганиб чиқилган. Уламоларнинг муноқаша ва фикр алмашувларидан кейин Ислом фиқҳи академияси бир овоздан қуйидаги қарорларни қабул қилган:

Қуйидаги мақсадлар бўйича ўликнинг жасадини ёриш мумкин:

1. Жиноий даъво бўйича текшириш олиб борилаётганда ўлимнинг ёки жиноятнинг сабабини билиш учун. Бунда ўлимнинг сабабини билишда бундан бошқа восита бўлмаслиги лозим.

2. Маълум касалликларнинг олдини олиш чораларини кўриш мақсадида ва уни билиш учун ўликни ёришдан бошқа имкон бўлмаганда.

3. Тиббий илимларни ўргатиш ва ўрганишга ҳожат тушганда.

Таълим мақсадида ўликни ёриш бўйича қуйидаги шартларга риоя қилиш лозимдир:

1. Жасад маълум шахсники бўлса, у ўлимидан олдин ўзини таълим мақсадида ёришга рухсат берган бўлиши лозим. Шунингдек, меросхўрларнинг изни ҳам қабул қилинади.

2. Ёриш фақат зарурат миқдорича бўлиши керак. Ўликнинг жасади ўйинга айланмасиги зарур.

3. Аёлларнинг жасадини аёллар ёриши керак. Зарурий ҳолатлар бундан мустасно.

4. Барча ҳолатларда ҳам ёрилган жасаднинг барча бўлаклари дафн қилиниши зарур.

Ислом фиқҳи академиясининг мазкур қарорини Иордания Фатво Кенгаши, Мисрнинг “Дорул-ифто” фатво кенгаши, Фаластиннинг Фатво Исломий кенгаши, Сурия уламолар уюшмаси ҳамда бошқа таниқли ислом уламолари томонидан қўллаб-қувватланган.

Хулоса қилиб айтганда, жиноят изини аниқлаш ёки инсон тана аъзоларининг функцияларини билишда ўлган инсоннинг танасини ёришга зарурат юзага келса, ушбу зарурат ўрнини бошқа омиллар билан бартараф этиш имконсиз бўлса, замонамиз уламолари томонидан юқорида таъкидланган шартлар асосида инсон танасини ёришга рухсат этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази бош мутахассиси

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Турсунов Абдулатиф

338850cookie-checkФатво: “Вафот этган одамнинг жасадини ёриш жоиз”ми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: