islom-instituti@umail.uz | 71-227-42-37
islom-instituti@umail.uz | 71-227-42-37

Фарғонага келган мағриблик қори

Умавийлар, кейинроқ аббосийлар даврида саҳоба ва тобеинларнинг даъвати натижасида Андалус, Марокаш ва Шимолий Африкадан кўплаб араб тили ва қироат билимдонлари етишиб чиқди. Андалусий, Тамимий, Шотибий, Мағрибий, Қуртубий каби уламолар орасида мағриблик қорилар устози Абулқосим Ҳузалий ҳам бор. Ҳузалий раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 395 йили Марокашнинг Баскар шаҳарчасида туғилди.

Ҳофиз Имом Заҳабий “Маърифатул қурро…” асарида у ҳақда маълумот беради: “Абулқосим Ҳузалий буюк устоз, сайёҳ, қори, юрт кезувчи, қироатлар талабида дунёни айланиб чиққан олимлардан биридир. Асл исми Юсуф ибн Али Жубора Мағрибий Баскарий. Олим олис Мағрибдан Узоқ Шарқдаги турк юртларигача сафар қилди. Унинг саёҳатлари ҳижрий 425 йилда бошланди. У илк қироат устозлари Зайдий, Аҳвазий, Исмоил Ҳаддод, Маҳдий ибн Тарора, Абул Аъло Воситий, Коразиний каби Миср ва Шом диёри қориларидан ижоза олди”.

Ўн хил қироатни илмий асослаб берган олим Ибн Жазарий бундай дейди: “Абулқосим Ҳузалий қироатларни ўрганиш учун юртлар кезди. Мен бу уммат орасида қироат олимларини излаб, у каби сафар қилган, унингдек кўп шайхлар ҳузурига борган бирор кишини билмайман”. Ҳузалий ўзининг қироат илмига оид “Ал-Комил” китобида бундай дейди: “Бу илм (қироат илми) борасида ҳузурига борган шайхларим сони уч юз олтмиш беш нафардир. Уларнинг олдига бориш учун Мағрибнинг энг узоқ жойларидан то Шарқнинг Фарғона шаҳарларигача бўлган ҳудудларни босиб ўтдим. Ислом диёрларида қироат илмида мендан устун бирор кишини эшитсам, тезда унинг олдига борардим”.

Ҳузалий раҳимаҳуллоҳ қироат билан бирга наҳв ва сарф илмини ҳам яхши ўзлаштирган эди. Умрининг сўнгги даврида Нишопурдаги “Низомулмулк” мадрасасида талабаларга сабоқ берди. Ҳузалий эътироф этишича, узоқ сафарлари давомида у Мовароуннаҳр ўлкаларида ҳам бўлган. Диёрларимизнинг етук қироат устозларидан таълим ва ижоза олган. Жумладан, Самарқандда: Самъон Қубодий, Аҳмад Саккок, Наср ибн Наср Ҳаддод; Журжонда: Ҳассон ибн Маккийя; Бухорода: Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Нужобозий кабилардан дарс олган.
Олимнинг бу каби эътирофларидан маълум бўладики, милодий XI аср бошларида юртимизнинг Бухоро, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида қорилар, қироат илми олимлари кўп ва машҳур бўлган. Ҳатто узоқ ғарб юртларидан ҳам толиби илмлар улардан ўрганишга интилишган.

Шайхонтоҳур тумани “Султон Ҳожи” масжиди имом ноиби Ҳасанхон СЎФИХОНОВ
“Ислом нури” газетасидан

338990cookie-checkФарғонага келган мағриблик қори

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: