islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Aёлларнинг валийларига тавсия

Валий ўз қизи ёки синглисини турмушга бериш мақсадида бирор бир солиҳ кишига унга уйланишни таклиф қилиши жоиз. Бу иш аёлнинг шаънини асло туширмайди. Чунки Умар розияллоҳу анҳу ўз қизларини Абу Бакр ва Усмон розияллоҳу анҳумоларга таклиф қилганлар.

Ҳатто аёлнинг ўзи ҳам бирор киши орқали солиҳ кишиларга турмушга чиқиши учун ўзини таклиф қилиши жоиздир. Хадижа онамиз ўртага одам қўйиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзларини таклиф қилганлари нақл қилинган.

Шуайб алайҳиссалом қизларини Мусо алайҳиссаломга таклиф қилгани Қуръони каримда ворид бўлган:
(Шуайб) айтди: «Мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман». (Қасос сураси, 27-оят)

Ҳикматларда шундай дейилган:
Ўғлинг учун эмас, қизинг учун совчи қўй”.

Одатда оталар турмушга бериш мақсадида қизини бирор йигитга таклиф қилишида уларнинг ғурури тўсқинлик қилади. Агарчи йигитда солиҳ эр учун лозим бўлган барча сифатлар мавжуд бўлса ҳам. Камдан кам оталаргина қизини солиҳ йигитга турмушга беришга таклиф қилади. Кўпчиликларининг ғурури ёки орияти бунга тўсқинлик қилади.

Шуайб алайҳиссаломнинг мазкур ишлари қизларни турмушга беришда пайдо бўлаётган кўплаб муаммоларга ечим бўлади. Баъзан йигитларнинг ижтимоий мавқеи қиз ва унинг оиласининг ижтиомий мавқеидан бироз пастроқ бўлгани сабабли улар “совчи қўйсам ҳам рад жавоби бўлади-ку” деган ўй билан ўша қизларга совчи қўйишга журъат қилишолмайди. Кўпчилик оталар ана шундай оддий, диндор, гўзал хулқли куёвликка муносиб бўлган йигитларни учратишади.

Ушбу ҳолатда қизнинг отаси ўзининг розилигини баъзи бир ишоралар орқали мазкур йигитга билдирииб, уни совчи қўйишга журъатлантириши керак бўлади. Масалан, “нима учун ҳали ҳам уйламай юрибсиз, ахир, сиздек йигитни минглаб қизлар орзу қилади-ку?!” ёки “сиздек йигитни куёв қилиш кўпчиликнинг орзуси-ку!” ёки шу каби йигитни шижоатлантирадиган бошқа бир иборалар билан ишора қилиши мумкин.

Агар саййидимиз Шуайб алайҳиссаломга ўхшаб “мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман” деб очиқчасига айтса, бу нарса ҳам совчи томонидан юксак одоб ва ахлоқ ҳисобланади. Жамиятимизда кўплаб йигитлар валийлар томонидан мана шундай далдаларни ва журъатлантиришларни кутишади. Кўплаб қизларнинг бахти валийлар томонидан йигитларни мана шундай шижоатлантиришга боғлиқ бўлиб туради.
Фарзандининг бахтини ўйлаган ота-она фарзанди бахтли бўлиши учун ғурур ва кибр каби иллатларни, шунингдек, ноўрин орият ва хижолатликларни ҳам бир четга суриб қўйиши лозим бўлади.

ТИИ Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси Қудратуллоҳ Сидиқметов

342010cookie-checkAёлларнинг валийларига тавсия

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: