80 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлишига қарамай, 17 ноябрь — Халқаро талабалар куни сифатида нишонланади. Бироқ унинг тарихий келиб чиқиши ғоят фожиали эканини кўпчилик билмайди.
1939 йил 28 октябрда Прагадаги Чарлз университети талабалари Чехословакия Республикаси мустақиллигининг 21 йиллик байрами муносабати билан митинг ўтказилади.
Ушбу намойиш фашист босқинчи кучлари томонидан шафқатсизларча бостирилади. 15 нафар талаба оғир яраланади ва улардан бири икки ҳафта ўтгач жароҳат оқибатида вафот этади. Бундан қайғуга тушган талабалар 15 ноябрь Прага шаҳри бўйлаб дафн ўтказиш маросимини фашист кучларига қарши намойишга айлантириб юборади.
1200 дан ортиқ талабалар ҳибсга олинади. 1939 йил 17 ноябрда намойишчиларнинг 9 нафари — 8 талаба ва 1 нафар профессор қатл этилади. Депортация қилинган 1200 нафар талабадан камида 20 нафари қамоқда омон қолмайди.
1941 йилда Лондонда Халқаро талабалар кенгаши бўлиб ўтади ва Кенгашда ушбу воқеа муносабати билан талабалар қатл қилинган сана 17 ноябрь — Халқаро талабалар куни деб эълон қилинган.
2022-2023 ўқув йилида Тошкент ислом институтида таълим олаётган талабалар сони 641 тани ташкил этади.
Шундан: Кундузги таълимдаги талаба йигитлар – 241 нафар, талаба қизлар – 43 нафар; Модуль таълимдаги талабалар – 357 нафар.
Тошкент ислом институтида сана муносабати билан Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими томонидан талабалар ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди.
Спортнинг стол тенниси, шахмат-шашка, арқон тортиш ва тош кўтариш турлари бўйича ўтказилган саралаш баҳсларда энг кучлилар аниқланиб, финал босқичига чиқдилар.
Шахмат-шашка бўйича талаба қизлар ўртасидаги мусобақада ғолибалар аниқланди. Халқаро талабалар куни ҳамда мусобақа натижаларига кўра талаба қизларга ТИИ логоси туширилган блокнотларни проректор У.Ходжаев топширди.
ТИИ Матбуот хизмати